Янгиликлар

Сенат: 10 мингга яқин умумтаълим мактабларининг 2,5 мингтасида спорт зал йўқ

Чоп этилди Iyul 31, 2019 Сенат: 10 мингга яқин умумтаълим мактабларининг 2,5 мингтасида спорт зал йўқda fikr bildirishni o'chirish

Жорий йил 30 июль куни Олий Мажлис Сенати ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда жисмоний тарбияни янада оммалаштириш, қолаверса, спортчиларни 2020 йилда Япониянинг Токио шаҳрида ўтказиладиган ёзги олимпиада ўйинларига тайёрлаш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг ахбороти эшитилди. Бу ҳақда журналист Жонибек Маърупов «Дарё»га хабар қилди.

Мажлисда мамлакатда жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштиришга салбий таъсир кўрсатаётган бошқа долзарб масалалар мавжудлиги борасида ҳам сўз юритилди.

«Ҳудудларда спорт турлари бўйича федерациялар томонидан ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни танлаб олиш, яъни селексиянинг самарали ва шаффоф тизими ҳанузгача тўлиқ яратилмаган. Агар селекция бўйича ишлар самарадорлиги, аввало, мактабларда яратилган шароитларга бевосита боғлиқлигини инобатга олсак, бу борадаги аҳволни ҳам талаб даражасида, деб бўлмайди», — дейди сенатор Рузибой Саидов.

Маълумотларга қараганда, 10 мингга яқин умумтаълим мактабларининг 2,5 мингтасида спорт зали йўқ, 2,5 мингтасида мавжуд заллар эса таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Мактабларни спорт анжомлари билан таъминлашда ҳам қатор жиддий камчиликлар мавжуд. Бундан ташқари, Болалар ва ўсмирлар спорт мактабларининг моддий-техника базаси қониқарли эмас.

Селексия самарадорлигида энг муҳим бўғин ҳисобланган мазкур тизимлардаги бундай аҳвол билан муваффақиятга эришиш мумкинми!?

Шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, спорт иншоотлари мавжуд талаб ва ҳудудлардаги аҳоли сонидан келиб чиқиб жойлаштирилмаганлиги, аксарият спорт иншоотлари инфратузилмасининг жисмонан ва маънан эскирганлиги, спорт жиҳозлари билан тўлиқ таъминламаганлиги уларда амалга оширилаётган ишлар натижадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бунинг баробарида, жойларга маҳаллий спорт жиҳозлари ва анжомларини сифатли ва арзон нархларда етказиб бериш механизми талаб даражасида йўлга қўйилмаган.