Дунё янгиликлари

Forbes: “Ўзбекистон тарихдаги ўзининг муносиб ўрнини қайта эгалламоқда”

Чоп этилди Iyul 31, 2019 Forbes: “Ўзбекистон тарихдаги ўзининг муносиб ўрнини қайта эгалламоқда”da fikr bildirishni o'chirish

 

Иллюстратив фото

Дунёга машҳур Forbes журнали(АҚШ) сайтида “Ўзбекистон делегациясининг АҚШга ташрифи. У мамлакат узоқ йиллик яккаликдан сўнг бизнес учун очиқлигини маълум қилмоқда” сарлавҳаси остида мақола берилди.

Республикамизнинг АҚШдаги элчихонаси хабарига кўра, материалда 16-23 июль кунлари Ўзбекистоннинг юқори даражадаги делегацияси, шунингдек, бизнес-доиралари АҚШга ташриф буюргани қайд этилган. Хусусан, меҳмонлар аввалига сиёсий маслаҳатлашувлар учун Вашингтон шаҳрига боришди. Сафарнинг ишбилармонлик соҳаси билан боғлиқ қисми эса Нью-Йоркда бўлиб ўтди.

Мақола муаллифи Мелик Кайлан Манхэттен(Нью-Йорк шаҳри)да ташкил этилган “Ўзбекистон капитал бозори имкониятлари” инвестиция форумида иштирок этди. У Ўзбекистон томонининг мамлакатга капитал киритиш имкониятларига оид тақдимотларини яхши тайёрлангани ҳамда чуқур ўйланганини эътироф этган.

М.Кайнаннинг сўзларига кўра, Америка бизнес жамоатчилиги ўзбек делегациясини катта хурсандчилик билан кутиб олган, тадбирда жиддий, самарали ишлаш ва аниқ натижаларга эришишга қаратилган ижобий кайфият яққол сезилиб турган.

У бутун форум давомида икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги ўзига хос илиқ, ишончли муносабатлар ёрқин намоён бўлганини айтиб ўтади.

Мақолада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев – ислоҳотчи, ўз мамлакати “иқтисодий тақдири”ни яхшилаш йўлларини аниқ-равшан тасаввур этадиган шахс эканлигига алоҳида урғу берилган.

Ўзбекистон раҳбари бир неча йил ичида мамлакат келажагини яхши томонга ўзгартирди – маҳбусларни озод қилди, мамлакатга хорижий ОАВни киритди, республикани ташқи савдо ҳамда сармоялар учун очди. Мамлакат раҳбарияти юқори малакали кадрлар тайёрлашга улкан эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон Президенти хорижда таълим олган янги, ёш истеъдод эгаларини раҳбарлик лавозимларига тайинлади, мамлакатда коррупцияга қарши фаол кураш олиб бориляпти.

Муаллифнинг баҳолашича, Ўзбекистон раҳбари мамлакатда ўзгаришлар бўлиши кераклигини тушунади ва мазкур йўналишдаги дастлабки қадамлар қўшни давлатлар билан чегара низоларини ҳал этиш ҳамда Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Афғонистон билан фойдали савдо битимларини имзолашдан бошланди. Зеро, бу минтақа бозори 300 миллион кишини қамраб олган.

Нашр Ўзбекистон лидери аҳоли билан маслаҳатлашиш, уларнинг шикоятларини кўриб чиқиш ва маслаҳатлар олиш учун бутун мамлакат бўйлаб халқ қабулхоналари очилганига ҳам тўхталиб ўтган. Аҳоли билан ўзаро барқарор алоқани топиш, одамлар билан маслаҳатлашиш, уларнинг эҳтиёжларини билиш ва муаммоларини ҳал қилиш мазкур эзгу ишларнинг асосий ғоясидир.

Форум давомида мақола муаллифи ўзбекистонлик ишбилармонлар билан ҳам суҳбатлашган. Шулар асосида Ўзбекистон иқтисодиёти йилига 5 фоиздан ўсиб бормоқда ва тезлашишда давом этяпти, деган хулосага келган. Мақолада мамлакатда ҳар қандай тебранишлардан холи, барқарор тараққиётга устувор аҳамият қаратилаётгани айтиб ўтилган. Ўзбекистон аҳолиси эҳтиёжларини қондириш масаласи эса диққат марказидадир.

Якунда Мелик Кайлан Ўзбекистон қарийб ўттиз йилдан сўнг тарихдаги ўзининг муносиб ўрнини яна эгаллаётганини эътироф этган.

«Халқ сўзи»