Мақолалар

Сабрли келин

Чоп этилди Avgust 1, 2019 Сабрли келинda fikr bildirishni o'chirish

Робия бир яшар боласини кўтарганча қовоқ-тумшуқ қилмай ота уйига кириб келди.  Чошгоҳ маҳали эди. Бунақа пайтда онасидан бошқа ким ҳам бўларди. Одатдагидек салом берди.

  • Тинчликми? Нега келдинг? – сўради онаси алик олибоқ.
  • Тинчлик-тинчлик, аяжон, – деди таскин берувчи овозда.

Онаси неварасини қўлига олиб, сўрига ўтирди-да, юзига фотиҳа тортаркан, яна сўради:

  • Нега келдинг, ҳой қиз?
  • Аяжон, ховотир олманг, – дея гўё қақажонлик қилди Робия – шунчаки куёвингиз билан озгина айтишиб қолдик. Шунга ўзимни сал босволай деб…
  • Нима?! – она кафтида неварасининг икки қўлини ўйнатаркан, ўдағайлади. – Сен эси йўқ куёвим шўрликка нимадир дегандирсанки… Ҳой, қиз, дадангга нима дейман, а? Ишдан келса, нима дейман-а? Ахир икковимизниям таъзиримизни беради-ку, нодон!
  • Сиқилманг, ая, уйдагилардан жавоб сўраб келибди, эртага кетаркан, денг.
  • Хаҳ, нодон қиз-а, нодон қиз-а! Мен қандай қилиб дадангга ёлғон гапираман? Яхшиси, хозир қайтиб кет! – Она шаҳд ила неварасини қизига узатди. – Кет!

Робия жиддий тортди-да, озорсиз, аммо қатъий деди:

  • Озгина сабр қилайлик, жон она!..

***

Робиянинг эри уйига ичиб келди. Хуфтон маҳали эди. Ота-онаси сўрида гаплашиб ўтиришарди.

  • Келинингиз бўлганида ҳозир намоз ўқиётган, мен неварамга қараётган бўлардим, – деди онаси.
  • Ҳа, энди уйнинг сирини… – дея отаси эндигина тилга кирганда, ўғил тебранганча унинг гапини бўлди:
  • Қанақа сир, дада? Бизнинг уйда сир қоптими?..
  • Отангга яхши гапир, ҳой бола! – дея ўдағайлаган онаси бирдан бошқа кўйга тушди. – Вой ўлай, сенам ичиб келдингми, аҳмоқ!
  • Ичаман, бошқа нима қилай! – деди ўғил тебраниб – мана уч кундан буён у йда хотиним йўқ, болам йўқ. Чунки дадажоним ҳайдаб юборган!…
  • Ҳой бола, – дея ғазабга мина бошлади отаси, – сен ниманиям биласан, эси йўқ!

Ахир ўша келин бизникидаги ҳамма гапни, тунов кунги “қилиғим”ни-да, бегоналарга айтиб берибди. Қўшни хотин-халаж билан гаплашган бўлса, қўшиб чатиб айтгандир-да.

  • Эй отажон! – деди ўғил қўлини силтаб. – У гапларнинг барини ўртоқларимга мен айтувдим…
  • Нима?! – ўрнидан туриб кетди ота.
  • Ҳа, мен айтганман! Сиз бўлса, келинингизни ҳайдадингиз! яхшиям кечаси кетмади. Тун бўйи юм-юм йиғлаб, сизу биз ишга кетгандан сўнг отасиникига борибди, оила сиримни…

– Нега шуни ўша пайтда менга айтмадинг болам? – зорлангандай бўлди ота.

  • Эй ота, сиз ичвосангиз гап уқтириб бўладими!… Улфатлар юзимга солди.

Ўғил гандираклаб юриб ўз хонасига жўнади.

  • Хотин, – деди мулзам бўлган эр дастурхонни четини ҳимариб, – айб мендан ўтибди-ку!.. Шу касофат ароқни қайтиб ичмаганим бўлсин!…

***

Эрталаб дарвоза тақиллагани эшитилди. Робиянинг қайнонаси шошиб чиқса, аёл қудаси кулиб қучоқ очиб турарди.

– Ассалому алайкўм, қудажон! Омонмисиз? Уйдагилар ҳам яхшими? Бу эси йўқ қиз эри билан сал айтишиб қолиб… Унинг учун мен узр сўрайман, қудажон!…

Набижон ЖАЛОЛОВ

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 13-сонидан