Мақолалар

Амалга яраша ажр-савоб бор

Чоп этилди Avgust 1, 2019 Амалга яраша ажр-савоб борda fikr bildirishni o'chirish

Фарғона вилояти Бағдод тумани бош имом-хатиби Соҳибжон АҲМЕДОВ билан суҳбат

Ассалому алайкум. Аввало, ўтган Рамазон ҳайити муборак бўлсин. Шукрлар бўлсинки, истиқлол даврида мамлакатимизда муқаддас динимиз бўлмиш ислом қайта жонланди. Бунинг инъикоси йил сайин ҳар бир ҳудудда кўрилмоқда…

— Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Ташаккур. Дарҳақиқат, кундан кунга сони ортаётган янги масжидлар, илм даргоҳлари, мадрасалар одамларнинг маънавий дунёси бойиши, исломнинг асл моҳиятини тушуниб етишида муҳим ўрин тутмоқда. Мисол учун бизнинг туманда айни пайтда 11 та масжид фаолият юритади. Уларда нуфузли диний таълим даргоҳларини тамомлаган тажрибали имом-хатиблар хизматда. Тўй-ҳашамлар, турли маракаларда қилинадиган амри маъруф, наҳий мункарларнинг аҳоли орасида сезиларли таъсири бўлаётгани қувонарли. Яқинда туманимиздаги Зафаробод қишлоғидан ўтувчи катта йўл ёқасига йўловчилар намозхонаси тушди. Ҳамма шароитга эга бундай намозхона вилоятимизда иккита бўлди.

Ҳозир “Мулла Мўмин Аълам”, “Зайд ибн Собит” масжидлари қайтадан бунёд этилмоқда. Масжидларимизнинг zaydibnsobit.uz, sakinat.uz расмий сайтлари ишлаб турибди. Вилоят Фиқҳ мактаби қошидаги 18 ёшдан юқори бўлган фуқаролар учун очилган Қуръон курсларида юзлаб бағдодликлар таълим олишаётир. Марказий жомеъ масжидида вертуал кутубхона фаолияти йўлга қўйилган. Фойдаланувчилар сони ва салмоғи ортиб бораётгани ҳам саъй ҳаракатларимиз самараси ўлароқ бизни мамнун қилади. Туманда диний-маърифий  йўналишдаги  “Ҳидоят” журнали обуначилари сони 2000 дан ортгани ҳам фикримизга яна бир мисолдир…

Одамлар орасида “мусулмончилик аста-секин”, деган гап юради. Имони суст, ибодатларни пайсалга солувчиларга бу гап дастак ҳам бўлаётир. Яна ихлос билан қайсидир фарз амални бошлаган кишини чалғитувчи, динни қийин кўрсатиб, умидсиз қилувчилар учрайди. Мисол учун, рўза тутаётган кишига “намоз ўқимасанг рўзанг бекор” қабилида сўзловчилар бор...

— Бу иборани ўз ўрнида қўллаш керак. Масалан, фарзларни адо этишда бу гапга амал қилинмайди. Дейлик, бир киши намоз ўқишни бошлади ва “Мусулмончилик – аста-секинлик” деб, олдинига икки маҳал, кейин уч маҳал ўқиб, секин-секин беш маҳал намоз ўқишга ўтиб оламан деса нотўғри бўлади. Ҳолбуки, динимиз жуда ҳам осон ва инсон фойдасини кўзловчи амаллар асосига қурилган. Талҳа ибн Убайдуллоҳдан ривоят қилинган ҳадисда келтирилади: “Бир киши Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига келиб, ислом ҳақида сўраганида у зот унга имон келтириб, беш вақт намоз ўқиш, Рамазон рўзаси, қодир бўлганда закот бериш ва ҳаж қилиш ҳақида айтдилар. Сўровчи эса: “Зиммамда булардан бошқаси ҳам борми?”, деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ. Аммо нафл қиладиган бўлсанг майлинг”, дедилар. Бояги киши: “Аллоҳга қасамки, шуларга қўшимча ҳам қилмайман, камайтирмайман ҳам”, деб ортига қайтиб кетди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Агар рост сўзлаётган бўлса, нажот топди”, дедилар” (Муттафақун алайҳ). Амалларнинг эса ҳар бири алоҳидадир. Рўза тутган киши рўзанинг савобини олади, зиммасидаги рўза тутиш фарзини адо қилган бўлади. Аммо, намозни ҳам ўз вақтида адо қилиб борса, нур устига нурдир.

Дин арконларини бажариб юрган айрим кишиларда амали кечикаётган бошқа бир кишига нисбатан “у бенамоз, демак…” каби фикрни эшитиб қоламиз…

— Аллоҳ таоло сизу бизни Ўзининг ҳидоят йўлида юришга ихтиёр этгани, бизнинг тоат-ибодатимиз ёки ўзига хос хусусиятимиз сабабидан эмас, балки, бизни қамраб олган Аллоҳ таолонинг буюк раҳмати сабабидандир. Агар истаса, хоҳлаган лаҳзада биздан Ўз раҳматини тортиб олади. Шунинг учун амалимиз ва ибодатимиз билан мағрурланиб, Аллоҳ таолонинг йўлидан адашган кимсаларга ҳаргиз паст назар билан қарамаслигимиз лозим. Агар ҳавои нафс ҳамда унинг истаклари инсоннинг етакчиси ва ундовчисига айланадиган бўлса, киши ўзининг раъйида таассуб қилиб туриб олади. Мағрурланиш эса ҳаддан ошган кишиларни олимликка даъво қиладиган, уламоларга қарши борадиган, фақиҳлар ва раъй эгалари бўлган шахсларга мурожаат қилмайдиган қилиб қўяди. Бу нарса одамнинг ҳақ йўлдан йироқлашишига олиб боради. Аллоҳ сақласин.

Сизнингча, бугунги кунда энг долзарб бўлган масала нима ва унинг ечими нимада деб ҳисоблайсиз?

— Ҳозир энг муҳим бўлган иш ёш авлод таълим-тарбияси, деб ўйлайман. Зеро, кейинги пайтда тез-тез гувоҳи бўлаётганимиз – турли катта кичик жиноятларнинг кўпроқ ёшлар томонидан, яна арзимас нарсалар учун содир этилаётгани мени безовта қилади. Буларнинг сабабига қаралса, оилада, муҳитда таълим-тарбия сустлиги, айниқса диний тушунчалар етишмаслиги, ҳалол-ҳаром ўргатилмаётгани кўзга ташланади. Шунинг учун илмни диний-дунёвийга ажратмасдан, уйғунлаштириш, болаларга диний илмларни ҳам боғчалардан бошлаб бериб бориш лозим, деб ўйлайман.

Суҳбатимизга жамоатчилик билан ишлашдаги фаолиятингиз, сўнгги пайтда амалга оширилган ишлар ҳақидаги савол билан якун ясасак…

– Жорий й ил бошидан буён туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими ва нуронийлар билан ҳамкорликда ёзги таътилга қадар қирқдан зиёд мактабда “Илм – икки дунё саодати”, “Дунёвийлик – даҳрийлик эмас”, “Одоб ва ҳаё – инсон зийнати” каби кўплаб мавзуларда маънавий -маърифий суҳбатлар ўтказдик. Вилоятдаги “Рамазон са боқлари”, “Жиноятчиликнинг олдини олишда барчамиз масъулмиз” каби мавзуларда “Рухсор ТВ” ҳамда “Рухсор” телерадиоканалларида чиқишлар қилинди. Муборак Рамазон ойида сайтимиз (zaydibnsobit.uz) фаолиятини бошлади. Бундан ташқари, оила маркази ва туман хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда ораларига совуқчилик тушган элликдан зиёд оилани яраштирдик, туман ИИБ жиноий иш қў зғатган шахсларни ўзаро келиштириб, учта оила хотиржамлиги тикланишига ҳисса қўшдик. Зеро, юрт равнақи йўлида хизмат қилиш барчамизнинг бурчимиздир.

Абдулатиф Абдуллаев суҳбатлашди.

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 6-сонидан