Мақолалар

Улғайган сўзлар

Чоп этилди Avgust 1, 2019 Улғайган сўзларda fikr bildirishni o'chirish

Сўз бамисоли тирик жондек ҳаёт кечирар экан. Унда ҳам туғилиш, камол топиш, қариб заволга юз тутиш бор экан.

Умр давомида инсон неча қайта ўзгаради. Болаликда бир, йигитликда ўзга, улуғ ёшга етганда яна бошқа қиёфа касб этади. Дунё кезиб баъзан ўз юртига бошқа одам бўлиб қайтади. Сўзнинг ҳам ўз қисмати, таржимаи ҳоли бўларкан. Гоҳ узоқ-яқин элларда макон тутиб, тамоман бошқа маъно олиб юртга қайтар экан.

Тилимизда истак, хоҳишни англатувчи ирода сўзи бор. Бир пиёла сув ичишни ирода қилдим, десак аслида хато бўлмайди. Лекин биз шундай демаймиз. Чунки бу сўз  истак маъносидан ўсиб қалб қудратини, инсон табиатидаги мустаҳкамлик, қатъиятни англатувчи атамага айланибди. Иродали инсон энди хоҳиш эгаси эмас, балки ўз хоҳишини бошқара олган, керак бўлса, кўнгилнинг ҳою-ҳавасларига қарши тура оладиган инсондир. Сўз асл маъносидан узоқлашмаган ҳолда улғайиб, бўйига бўй, кўркига кўрк қўшилибди.

Лекин шундай сўзлар борки, вақт уларни таниб бўлмас даражада ўзгартириб юборган, асл маънодан деярли нишон қолмаган.

Ёд этмас эмиш кишини ғурбатда киши,

Шод этмас эмиш кўнгулни меҳнатда киши.

Бу Мирзо Бобурнинг фарёди. Меҳнат сўзига эътибор беринг. Аслида азоб-уқубатни билдирган бу сўзга замон тамоман терс мазмун бағишлади, бахт-саодат омилига, шон-шараф ишига айлантирди, қонун билан ҳуқуқий мақом берди.

Қаро кўзум, келу мардумлиғ эмди фан қилғил,

Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил.

Ҳазрат Навоийнинг машҳури олам бўлган бу шоҳбайтидаги ҳар уч ўзак сўз — мардум, фан, ватан бизнинг замонга келиб улғайган, камол топган, асл маъно қобиғларини ёриб чиқиб, янги миқёсга кўтарилган атамалардир.
Мардум — инсон. Фан қилмоқ — аён қилмоқ, намоён этмоқ, билдирмоқ. Мардумнинг яна бир мазмуни кўзнинг гавҳари. Байтнинг маъноси — билсангиз ҳам яна қайтарай — эй, қора кўзлигим, кел, бир инсонийлик кўрсатгину кўзим қорасида гавҳар бўлиб жойлашгин. Қора кўз ва кўз қораси, мардумнинг икки маъноси, шакл ва мазмуннинг гўзал ва олижаноблиги байтни шеъриятнинг аршига кўтариб қўйган.
Мардум сўзининг кўз гавҳари маъноси бугун унут бўлди. Унинг инсон маъноси эса халқ тушунчасига айланди. Сўз кенг миқёсга чиқди, жўнгина қилиб айтадиган бўлсак, ўзидан кўпайди.

Фан сўзининг бугунги камолоти ҳайратлидир. Унинг ҳунар, санъат маънолари ҳам, фан қилмоқ шакли ҳам энди йўқ. Фан бугун билимлар мажмуига, илмий тафаккурнинг умумлашма номига айланди.

Байтнинг яна бир ўзак сўзи – ватан. Бу ерда у жой, масканни англатади. Ҳозирда ҳам уй қурган, жой сотиб олган одамни биз ватанли бўлди, деймиз. Лекин менинг ватаним фалон кўча, фалон хонадон, деб айтмаймиз. Ҳовлисини сотган одам, мен ватанимни сотдим, демайди. Шундай деб кўрсин-чи?!  Бугунги инсон онгида Ватан муқаддас тушунчага айланди. Миллат учун у – мамлакат, инсоният учун Курраи Замин қадар юксалди.

Москва, Токио шаҳарларида буюк бобомиз ҳайкаллари очиларкан, ўша мўътабар издиҳомда туриб ҳазратнинг бу ўлмас байтларини хаёлда такрорлаган эдим. Қаранг-ки, устоз Навоий ўзлари ўзбек халқи учун ватан тимсолига айланибдилар!

 

Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг

“Тирик хазина ёхуд жаҳонгашта сўз” мақоласидан.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 9-сонидан олинди