Мақолалар

Ҳидоят қотилликдан устун келди

Чоп этилди Avgust 2, 2019 Ҳидоят қотилликдан устун келдиda fikr bildirishni o'chirish

Улуғ саҳоба. Араб ботирларидан. Жасур, журъатли, шижоатли, довюрак жангчи. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ёлғиз ўзини Нажоший Асҳаманинг ҳузурига юборганлар. Шунингдек, Биъри Маъуна сариясида нажот топган ягона саҳоба айнан мана шу кишидир.

Амр ибн Умайя Замрий

Абу Умайя Замрий Киноний Иброҳим алайҳиссаломнинг ўғли Исмоил алайҳиссалом наслидан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга “Абу Умайя” деб куня берганлар. Умр йўлдоши: Суҳайла бинти Убайда ибн Ҳорис. Фарзандлари: Жаъфар, Фазл ва Абдуллоҳ. Ҳижозлик бу саҳобанинг Мадинада ҳовлиси бўлган.

Биъри Маъуна сарияси

Ибн Саъд ривоят қилишича, Амр ибн Умайя Уҳуд ғазотида мушриклар қўшинида иштирок этди. Уҳуддан кейин Исломга кирди.

Амр ибн Умайя розияллоҳу анҳу қатнашган биринчи ҳодиса Биъри Маъуна сариясидир. Ушбу воқеа сафар ойида, ҳижратнинг 36-ойи бошларида рўй берди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир қабилага дин аҳкомларини ўргатиш учун қирқ нафар саҳобани юбордилар. Улар орасида Амр ҳам бор эди.

Йўлда Ҳавозин қабиласидан Бану Омир ибн Саъсаъа уруғи саҳобаларни асир олди. Барчаларини ўлдириб, фақат Амрни қўйиб юборишди. Сабаби, қабила раиси Омир ибн Туфайлнинг онаси зиммасида бир жон қарз бўлган. Амрни эса ўша жон эвазига тирик қолдирган. Шундан кейин Абу Умайя кокилини қирқиб, Мадинага қайтади.

Амр шаҳарга яқинлашар экан, Бани Килоб ибн Рабиъа уруғидан икки кишига тўқнаш келди. Жангда уларни мағлуб этди. Буни қарангки, иккиси ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан омонлик сўраган экан. Амр эса бундан хабарсиз бўлган.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом барча ҳодисадан воқиф бўлгач, Амрга: “Сен улар орасидан (келибсан)” (яъни, “Нажот топиб, улар каби ўлдирилмабсан”), дедилар. Кейин у ўлдирган икки кишининг товон пулини тўлаш учун Бани Назир қабиласидан ёрдам сўрадилар.

Макка сарияси

Набий алайҳиссалом Амр ва Салама ибн Аслам Ансорийни Маккага, Абу Суфён ибн Ҳарбнинг олдига сария (кичик қўшин)га бошлиқ қилиб юбордилар.

Воқеа бундай бўлганди. Абу Суфён бир неча қурайшликларга: “Биз учун Муҳаммадни ўлдириб берадиган бирон одам борми? Чунки у ёлғиз ўзи бозорларда юрган экан!” деди. Шунда аъробийлардан бири: “Дарҳақиқат, ҳозир сен юраги энг бутун, куч-қувватда шиддатли, чопқир кишини топдинг! Агар менга кафил бўлсанг, уни ўлдираман. Чунки менда бургутнинг қанотига ўхшаш ханжар бор. Шунингдек, бунинг йўлини ҳам яхши биламан”, деб бу ишга ўзини ҳақли деб билди. Унинг бу таклифига Абу Суфён: “Бизнинг дўстимизсан!” деб розилик билдирди. Сўнг унга туя, сарф-харажатга пул бериб, ишни махфий бажаришга буюрди.

Шундай қилиб, қотил фақат тунда йўл юриб Мадинага етди. Суриштира Набий алайҳиссаломни Бани Абдул Ашҳал уруғининг масжидидан топди. Рўпараларига келиб тўхтади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом уни кўрибоқ: “Манави одам (менга) суиқасд қилишни хоҳлаяпти. Аллоҳ унинг ва хоҳлаётган нарсасининг ўртасига тушувчидир (яъни, Аллоҳ унинг мақсадини амалга оширмайди), дедилар. Шу вақт Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу ҳалиги аъробийнинг ханжарини пайқаб қолди. Кейин уни қаттиқ бўға бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан: “Менга ростини айт (мақсадинг нима?)?дедилар. Ёлланма қотил: “Айтсам омонликка эришаманми?” деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом рози бўлгач, асл мақсадини сўзлаб берди. Ваъдага мувофиқ, Набий алайҳиссалом уни қўйиб юбордилар. Аъробий дарҳол Исломни қабул этди ва: “Ё Расулуллоҳ, илгари одамлардан қўрқмасдим. Сизни кўрганимда эса ақлим кетди, юрагим заифлашди. Энди сиз мақсад қилган нарсанинг нима эканини англадим. Билдимки, ҳақ узра экансиз!” деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом табассум қилдилар.

Шу ҳодисадан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Амр ибн Умайя Замрий ва Салама ибн Аслам розияллоҳу анҳумоларни Маккага, Абу Суфённинг олдига юбордилар. Бу ҳодиса Ҳубайб ибн Адий розияллоҳу анҳунинг шаҳид кетганидан сўнг рўй берганди. Амр тунда Байтуллоҳни тавоф этаётганида, Муовия ибн Абу Суфён уни таниб, Қурайшга хабар берди. Қурайшликлар хавфсираб: “Амр ибн Умайя бирор яхшилик билан келмаган”, дейишди ва уни излашга тушишди.

Бир ривоятда эса бундай дейилади: “Амр билан Салама Маккага тунда кириб боришди. Ҳамроҳи унга: “Эй Амр, Байтни тавоф қилиб, икки ракат намоз ўқиб, сўнг Абу Суфённи изласак-чи?” деди. Амр розияллоҳу анҳу: “Мен Маккани чипор отдан ҳам яхши биламан!” деди. Шериги эса: “Йўқ, балки иншоаллоҳ (дегин)!” деб айтди.

Амр айтади: «Байтуллоҳни тавоф этиб, намоз ўқидик. Кейин Абу Суфённи излаб чиқдик. Кўчада бир одам мени танибоқ: “Амр ибн Умайя?!” деди ва мен ҳақимда Қурайшга хабар берди. Шеригим билан қочиб, тоққа чиқдим. Мушриклар бизни излашга тушишди. Ғорга яшириндик. Мен бизни таъқиб қилаётганлардан бирини ўлдирдим. Тонг отгач, қурайшлик бир кимса от етаклаб келиб қолди. Шеригимга: “Бизни кўриб қолгудек бўлса, бақириб сотиб қўяди”, дедим-да, унинг ёнига чиқдим. Ханжарим билан қўлига урган эдим, шундай бақирдики, бутун Макка эшитди. Воқеа ерига одамлар келиб, уни жон талвасасида топишди ва: “Сенга ким зарба берди?” деб сўрашди. У: “Амр ибн Умайя”, дея жон таслим этди. Кейин одамлар унинг жасадини кўтариб кетишди.

Шеригимга: “Кечгача омон қолмаймиз!” дедим. Кеч тушиши билан Мадинага қайтиб кетдик. Йўлда Ҳубайб ибн Адий осилган хочни қўриқлаётган соқчилар ёнидан ўтдик.  Улардан бири: “Агар Амр ибн Умайя Мадинада бўлмаганида, “манави юриб келаётган одам у”, деган бўлардим”, деди. Шунда мен тўғри келиб хочни олиб қочдим. Қўриқчилар ҳам ортимиздан югуришди. Сўнг ёғочни (бир жойда) қолдириб кетдим. Аллоҳ уни мушриклардан асради».

Нажоший ҳузурида

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Амр ибн Умайя Замрий розияллоҳу анҳуни иккита мактуб билан Нажоший ҳузурига юбордилар. Хатларнинг бирида Пайғамбаримиз алайҳиссалом Нажошийга ўзларини Умму Ҳабиба (Абу Суфённинг қизи Рамла)га уйлантириб қўйиши ҳақида ёзган эдилар. Иккинчисида эса унинг ҳузурида қолган саҳобаларни юртларига қайтариб юборишини сўрагандилар. Нажоший у зот алайҳиссаломни Умму Ҳабибага уйлантириб қўйди ва саҳобаларни икки кемага миндириб юборди.

Вафоти: Амр ибн Умайя Замрий розияллоҳу анҳу Мадинаи мунавварада, ҳижрий 60-йилдан олдинроқ, Муовия ибн Абу Суфённинг халифалик даврида оламдан ўтди.

 

“Исоба фий тамйизис саҳоба”, “Усдул ғоба фий маърифатис саҳоба”, “Истийъоб,

Табақотул Кубро”, “Сияру аъломин нубало”, “Ас-сийра ал-ҳалабия” асарлари асосида

“Кўкалдош” ўрта махсус билим юрти 4-курс талабаси

Сардорхон САНЖАРХОН ўғли  таржимаси

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 6-сонидан