Мақолалар

Бир пас неча дақиқа?

Чоп этилди Avgust 2, 2019 Бир пас неча дақиқа?da fikr bildirishni o'chirish

Болаликдаги шеърий машқларимнинг бирида, шаббода, тўхта бир пас, деб ёзган эканман. Деворий газета муҳаррири, ўзбек адабий тилида бир пас деган сўз йўқ, бир нафас дейиш керак, деб ўзи қизил қалам билан тўғрилаб қўйган.
Кўп йиллар ўтиб Навоийнинг “Лайли ва Мажнун”ида шундай байтни кўрдим:

Бир пос чу тундин ўтди ул хайл,

Тушлуқ туши қилди уйқуға майл.

 Луғатларга қарадим. Пос — туннинг саккиздан бири, деб шарҳланибди. Демак, тахминан бир соатга тенг тунги муддат — пос, бир соатлик тунги соқчи — посбон, русча часовой маъносидаги атама бўлиб чиқди.

Ажабки, ўз сўзимиз бўлган пос жаҳон кезиб, яна ўзимизга пост шаклида, қўриқланадиган жой, соқчининг ўрни ҳамда лавозим маъноларини олиб қайтибди.
Пос — ўзимизнинг сўз, деб хато айтмадим. Асли форсча ёки арабча ўзакка эга бўлган, асрлар давомида тилимиз таркибида яшаб бизга хизмат қилаётган сўзлар ҳам албатта ўз сўзларимиздир.

Худди шундай, рус, можар, араб, тожик ва бошқа тилларда хизмат қилаётган ўзбек сўзлари ҳам ҳозирги эгаларига буюрсин.

Биз бир пас деб ишлатадиган пос — жайдари сўзимизнинг жаҳон саҳнида топган юксак мартабаси кечаги чопқиллаб юрган бўз боланинг аскар бўлиб, ҳарбий кийимда виқор билан қайтганини эслатади.

Демак, ўзбекнинг бир паси бир соат бўлар экан. Гапимни бир пасда тугатаман, деган сўзнинг маъносини ўзингиз тушунаверинг.

 

Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг

“Тирик хазина ёхуд жаҳонгашта сўз” мақоласидан.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 9-сонидан олинди