Мақолалар

Хадича бинти Хувайлид (розияллоҳу анҳо)

Чоп этилди Avgust 2, 2019 Хадича бинти Хувайлид (розияллоҳу анҳо)da fikr bildirishni o'chirish

Хадича бинти Хувайлиднинг (розияллоҳу анҳо Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан кечирган ҳар бир они муслима аёллар учун сабоқдир.

 Ҳижратнинг 10 йили Рамазон ойининг ўнинчи куни Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) учун мусибатли бўлди. Чунки У зот (алайҳиссалом) муборак завжалари Хадича (розияллоҳу анҳо)дан айрилдилар.

– Нубувват йўлининг барча қийинчилик ва машаққатларини у зот билан елкама-елка кўтарган.

– Хадича (розияллоҳу анҳо) умрининг сўнгги дақиқаларигача молини, жонини Ислом равнақи йўлида сарф этган солиҳа рафиқа – Хадича (розияллоҳу анҳо) вафот этдилар.

Замондошлари уни “Қурайшнинг саййидаси”, “Тоҳира” дея шарафлашарди. Дарҳақиқат, у аёл шарафга муносиб эди. У етимлар, йўқсилларни паноҳига оларди. Шу сабабли Хадича (розияллоҳу анҳо) “Етимларнинг онаси” ҳам дейиларди.

***

Хадичанинг аввалги икки турмуши ҳам бахтсиз якун топганди. Биринчи эри Абу Ҳола ибн Зурора ат-Тамимий эрта вафот этган, иккинчиси Қурайш ашрафларидан Атиқ ибн Обид ибн Абдуллоҳ билан эса ажрашганди.

Хадича бинти Хувайлид бир куни эрта тонгда амакиси Варақа ибн Навфалнинг ҳузурига хурсанд ҳолда кириб бориб, деди:

  • Кеча ғаройиб бир туш кўрдим. Қуёш Макка устига келиб ерга туша бошлади. Яқинлашаверди, яқинлашаверди… Мен кўз узмасдан, бу ёғи нима бўлишини кутдим. Охири қуёш менинг уйимга тушди. Унинг нурларидан кўзим қамашиб кетди. Шу пайт уйқудан уйғондим.

Шунда Варақа ибн Навфал:

  • Хушхабар, эй Тоҳира! Яқин кунларда буюк бир инсон билан турмуш қурасан. Унинг обрўйи, мавқеи кундан-кун ортади.

Бир қанча вақт ўтиб Хадича бинти Хувайлид Муҳаммад ибн Абдуллоҳ билан оила қурди!

Туғилмасидан аввал отасидан, гўдак ёшида бобо ҳам онасидан айрилиб, амакисининг қарамоғида қолган Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг на моли бор эди, на мавқеи!

Фарзандларимизга жуфт танларканмиз, келиннинг уйининг ҳашаматига эмас, гўзал аҳлоқига, сарпосининг тоза, хориж маркасида эканига эмас дину диёнатининг софлигига, энг сифатли замонавий мебелнинг неча пуллигига эмас, Каломи шарифдан неча пора ёд олганига қарайлик. Куёвнинг хонадонининг қай даражада замонавий ва ҳашамдор эканига эмас, хонадонда дин аҳкомларига қай даражада амал қилинишини, йигитнинг устидаги либосларнинг нархига эмас, шимининг тиззаси тахи сажда чоғи қай даражада бузилганини, берилаётган сарполарнинг тоза ва қимматбаҳолигига эмас, у оиланинг ҳимматининг нақадар баландлигини, ориятининг кучини эътиборга олайлик. Жигарбандларимиз бахтига мол-мулк, сарпо, уй-жой каби моддий нарсалар йиғиш билан эмас, уларнинг маънавиятларини юксалтириш, бандалик, фарзандлик, ота-оналик масъулиятини англатиш билан пойдевор қўяйлик.

***

Вафодор Хадича бинти Хувайлид (розияллоҳу анҳо) бутун бойлигини Расули акрам (алайҳиссалом) пойларига нисор этиб, Ислом равнақи йўлида сарф этди. У зот Ислом душманларининг азиятларидан маҳзун бўлганларида Хадича (розияллоҳу анҳо)нинг меҳр-муҳаббатларидан таскин олардилар. Хадича бинти Хувайлид (розияллоҳу анҳо) Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг ёнларида осуда, бахтли эди. Шу сабабдан бутун эътиборини У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг кўнгилларини олиш, ёрдамчи бўлишга қаратган эди.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га ваҳий кела бошлаганда ҳеч тараддудланмай у зотни тасдиқ этиб, имон келтирган биринчи аёли бўлди.

***

Хадича (розияллоҳу анҳо) вафот этганидан Расулуллоҳ (алайҳиссалом) қаттиқ маҳзун бўлдилар. У зот (алайҳиссалом): “Аллоҳга қасамки, ундан яхшисини топмадим. Аллоҳ таоло жаннатда Хадича учун жавҳардан осуда бир қаср яратади. У ерда чарчоқ йўқ”, дея марҳамат қилдилар.

Имом Бухорий ва Имом Муслим Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда дейилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Хадичадан рашк қилганимдек бошқа аёлларидан рашк қилмаганман. У ҳақида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўп зикр қилганлар. Гоҳида қўй сўйдириб, ундан Хадичанинг дўстларига ҳам улуш юборардилар. Гоҳида мен У зот (алайҳиссалом)га: “Гўёки дунёда Хадичадан бошқа аёл йўқдек гапирасиз”, десам, у зот: “Хадича ундай эди ва бундай бўлган эди. Болаларим шу аёлдан эди”, деб унинг яхшиликларини зикр қилардилар».

Оламларга раҳмат сифатида юборилган зот – жаноб Пайғамбар (алайҳиссалом) доимо яхшиликлар билан ёдга олган мўминлар онаси, тоҳира, саййида аёл – Хадича бинти Хувайлиддан Аллоҳ таоло рози бўлсин. Ер юзидаги барча муслималарга бу муборак аёлдан ўрнак олиб яшаш бахти насиб этсин.

Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади

«Ислом нури» газетасининг 2019 йил, 13-сонидан