Мақолалар

Нега пластик идишдаги сувни машинада қолдириш ярамайди?

Чоп этилди Iyul 31, 2019 Нега пластик идишдаги сувни машинада қолдириш ярамайди?da fikr bildirishni o'chirish

 

 

Йўлга чиқишдан олдин, айниқса, ёзда, деярли ҳар бир ҳайдовчи ўзи билан тоза сув олади. Ахир бусиз иложи йўқ-да! Бирдан чанқаб қолса, уйга етиб олиш учун анча-мунча йўл босиши керак. Бир қарашда, бунинг нимаси ёмон: машинага пластик идишдаги сувни ташлаб қўясиз-да, йўлга тушасиз…
Бироқ ёнғин хавфсизлиги ходимлари бу одатга бир томонлама қарамасликни таклиф этмоқда. Жазирама қуёш тиғида машина салони қай даражада қизиб кетишини ҳамма яхши билади. Ҳаво ҳарорати 22—35 даража иссиқ бўлганида автомобилнинг салони 45—55 даражагача қизиб кетиши ҳеч кимга сир эмас. Айнан шунинг учун ҳам машина салонида зинҳор болаларни, уй ҳайвонларини, ҳатто пластик идишдаги сувни қолдириб бўлмайди.
Биринчи иккитаси нима учунлиги аниқ, аммо нега сувли пластик идишни қолдириб бўлмайди?
Америка ёнғин хавфсизлиги ходимлари тажриба ўтказишди: улар ичига сув тўлдирилган шаффоф пластик идишни машинанинг қуёш нурлари тушадиган жойида қолдиришди. Натижада идиш катталаштирувчи ойна (лупа) функциясини бажариб, ўриндиқда ёнғин келиб чиққан.
Масалан, муҳандис Диони Амучастеги ҳам буни ўз тажрибасида кўрди. У шунчаки автомобилида нонушта қилиб ўтирганида тўсатдан куйинди ҳидини сезиб қолган. Буни қарангки, пластик идишдан ўтаётган қуёш нури ўриндиқ қопламасини куйдира бошлаган ва қисқа муддатда кичик туйнукча ҳосил қилишга ҳам улгурган. Хайриятки, Диони шу ерда бўлган, акс ҳолда…
Эҳтиёт бўлинг ва яқинларингизни ҳамда дўстларингизни огоҳлантиринг! Умуман, пластик идишлардан камроқ фойдаланишга ҳаракат қилинг. Шунда ўзингизни ҳам, экологияни ҳам хавф-хатарлардан асрайсиз.

Манба: Xabar.uz