Янгиликлар

Хорижликларни ҳайратлантирадиган ноёб санъат асарлари

Чоп этилди Avgust 1, 2019 Хорижликларни ҳайратлантирадиган ноёб санъат асарлариda fikr bildirishni o'chirish

 

 

“Бундай йирик фестивалда биринчи марта иштирок этишим. Шундай бўлсада “Ҳунарманд” уюшмаси вакиллари билан келишиб, олиб келган маҳсулотларимиз беларусларга жуда манзур бўлди. Уларнинг қўл меҳнатидан яралган маҳсулотларга меҳри бошқача экан. Буюмларимизни жуда қизиқиб, томоша қилиб, харид қилиш истагини билдиришмоқда. Уларнинг олқишларига гувоҳ бўлиб турганим боис, юртимизда ўтказиладиган халқаро ҳунармандлар фестивалига яхшилаб тайёрланмоқчиман. Хорижликларни ҳайратлантирадиган ноёб санъат асарлари тайёрлаб, намойиш этамиз.”

Бу айни вақтда Минск шаҳрида “Made in Uzbekistan” миллий маҳсулотлар кўргазмасида иштирок этаётган хоразмлик ҳунарманд Зумрадхон Нурметованинг фикрлари эди.

2 август кунигача давом этадиган, Беларусь Республикасининг Минск шаҳрида ўтказилаётган кўргазмадан асосий мақсад товар айрибошлаш ҳажмини ошириш, Беларусь ишбилармон доираларини мамлакатимизнинг ишлаб чиқариш, экспорт ва инвестиция салоҳияти, бой маданий-тарихий меросимиз кенг таништириш, ва юртимизда туризмни ривожлантиришдан иборат.

– Ушбу кўргазмада ёғоч ўймакорлиги, адрас, атлас, миллий либослар миллий тақинчоқлар каби ҳунармандчилик йўналишларида маҳсулотлар билан иштирок этмоқдамиз, – дейди “Ҳунарманд“ уюшмаси бўлим бошлиғи Чори Шодиев. – Айниқса, ганч, кулолчилик, каштачилик маҳсулотлари кўпчиликни қизиқтирмоқда. Улар орасида Сирдарё, Самарқанд, Сурхондарё ва водий вилоятларида тайёрланган буюмлар кенг ўрин олган.

Бу каби йирик тадбирларда иштирок этиш ушбу тадбир меҳмонларини Ўзбекистоннинг бой маданияти билан таништириш учун ажойиб имкониятдир. Зеро, тақдим этилган асарлар ўзбек халқининг маданияти, анъаналари, тарихи ва маданиятининг гўзаллиги ва кўп қирралари эканлигини намойиш этмоқда.

Қайд этиш керакки, кўргазмада юртимизни автомобилсозлик, озиқ-овқат, енгил саноат, кимё, қишлоқ хўжалиги, электротехника саноати маҳсулотлари ҳамда қурилиш материаллари ҳам намойиш этилмоқда.

Энг муҳими эса, Беларусь ҳунармандлари жорий йилнинг 10-15 сентябрида Қўқонда ўтказиладиган Халқаро ҳунармандчилик фестивалида иштирок этиш истагини билдирмоқда. Мазкур халқаро фестиваль турли давлат вакиллари учун тажриба мактаби бўлиб хизмат қилади.

 

Сайёра ШОЕВА,

ЎзА