Мақолалар

Табаррук масканни номақбул жойга айлантирманг!

Чоп этилди Avgust 2, 2019 Табаррук масканни номақбул жойга айлантирманг!da fikr bildirishni o'chirish

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда айрим ҳудудларда табаррук қадамжоларга нисбатан ҳурматсизлик қилинаётгани кенг муҳокама қилинмоқда. Бундай жойлардаги хунук манзаралар миллий ва диний қадриятларга мутлақо зид экани таъкидланаётир.
Дарҳақиқат, муборак қадамжода кўнгилни хижил қиладиган нарсаларнинг бўлиши маҳаллий аҳолида ҳам, хорижлик сайёҳларда ҳам ажабланиш ҳиссини уйғотмоқда. Юртимиздаги қадамжоларни зиёрат қилиш учун келган сайёҳлар бу каби манзараларни кўриб, қандай фикрга бориши мумкин?
Тарихий обидалардаги мана шундай салбий ҳолатларнинг олди олинмас экан, ўлкамизга қадимий қадамжолар ихлосмандлари эмас, балки ғалати базмларнинг тарафдорлари келиши кўпайиши мумкин.
Азиз ва табаррук жойни бундай пайҳон қилиш миллий ва диний қадриятларимизга бўлган ҳурматсизликдир. Ўзига хос услубда қурилган, кўз қорачиғидек сақлаш лозим бўлган жойларнинг қаҳвахона ёки тамаддихонага айлантирилиши ҳеч бир мезонга тўғри келмайди.
Ислом дини қадриятларидан дарак берадиган осори-атиқаларни қадрини сақлайлик! Чунки булар аждодларимиз қолдирган бебаҳо мерос ва авлодларимизнинг биздаги омонатларидир. Зотан, зиёратгоҳлар – ўйин-кулгу жойи эмас, балки илму ирфон масканидир. Биз, аввало, Аллоҳ таолонинг, сўнг аждодларимиз ва авлодларимиз ҳузурида, қолаверса, дунё афкор оммаси олдида юзимиз ёруғ бўлишини истасак, бундай табаррук масканларнинг асл мақомини сақлайлик.
Қадимдан илму ирфон маркази бўлган азиз гўшаларнинг қадрини сақлаш, аввало, ўз шаънимизни муҳофаза қилиш демакдир. Бу ишни ҳар қандай фойда келтирувчи нарсанинг баҳридан ўтиб бўлса-да, амалга ошириш жуда ҳам зарур.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси юртимизнинг турли ҳудудларидаги тарихий бинолар, қадимий масжидлардаги мана шундай ёқимсиз ҳолатларни тартибга солиш ва муборак қадамжолар олдидаги миллий-диний қадриятларимизга зид бўлган манзараларни мутасадди ташкилотлар томонидан бартараф этилишини сўраб қолади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати