Мақолалар

Ҳайвонлар нега кулмайди?

Чоп этилди Avgust 2, 2019 Ҳайвонлар нега кулмайди?da fikr bildirishni o'chirish

Жониворларнинг юзида туйғулар, ҳиссиётлар акс этмаслиги кўпчиликни қизиқтириб келади. Бу саволга россиялик биолог Сергей Глаголев жавоб беради.

Менга жуда кўп одамлар ҳайвонларнинг «жилмайиши» борасида қизиқиб савол беради. Мен уларга ишонч билан жавоб қайтараман: ҳайвонлар ҳақиқатан жилмаяди, ҳатто кулади. Шунга кўра, саволни қуйидаги шаклда бериш тўғрироқ бўларди: «Нега инсон ва ҳайвонлар табассум қилади ва кулади?» Бу саволга жавоб беришга ҳаракат қиламан. Фақат олдиндан огоҳлантираман: инсон кулгиси бўйича кўп маълумотлар мавжуд. Шунга кўра аниқ жавобни кутишни тавсия қилмаган бўлардим. Асосан табассум ва кулги ҳақида қиёсий этология (ҳайвонлар ҳаракатлари ҳақидаги фан) нуқтаи назаридан сўз юритаман.

Энг асосийси, ҳайвонлар «жилмайиши» ёки кулиши борасида аниқ қарорга келиш зарур. Таққослаш учун биз инсон табассуми ва кулгисини мисол тариқасида оламиз. Биологияда таққосланганда умумий жиҳатларига эга бўлган органлар гомологик структуралар деб битта атама остида номланади. Айтайлик, қуш қаноти ва инсон қўллари (олд қўл-оёқлар сингари) бир-бирига гомологик структура ҳисобланади. Органлардан ташқари, наслий ўтган геннинг умумий белгилари ҳам гомологик бўлиши мумкин. Шубҳасиз, орган ва генлардан ташқари феъл-атворнинг кўпгина шакллари ҳам гомологик бўлиши табиий. Чунки у ҳам наслдан ўтади.

Органлар учун уларнинг гомологиясини белгиловчи мезонлар батафсил ишлаб чиқилган. Генлар учун белгиланган мезон – бу уларнинг нуклеотид изчиллигининг ўхшашлиги. Бироқ инсон табассуми ва шимпанзе ёки итлар тишининг оқини кўрсатиши гомологикми ёки йўқлигини қандай аниқлаш мумкин? Балки улар фақат ташқи тарафлама ўхшашдир? Агар улар бир хил вазиятда акс эттирилса ҳам, ҳатто ўхшаш ҳолатда бўлса-да, кулги бир-бирига боғлиқ бўлмаган равишда пайдо бўлади (биологик жиҳатдан бундай белгилар ўхшаш деб номланади). Бундан келиб чиқадики, маймунларнинг «кулгиси» кулги деб номланади (худди биз «қанот» деганда қуш қанотиниям, капалак қанотиниям тушунганимиздек), бироқ унутмаслик керакки, бу «кулги» инсон табассумидан фарқланадиган қандайдир ҳолат.

Бироқ органлар гомологиясини аниқлаш учун ишлаб чиқилган айрим мезонлар ахлоқ шакли гомологиясини белгилашда ҳам қўлланади. Шундай қилиб, агар икки хил феъл-атворнинг ҳар томонлама ўхшамаслигида, ушбу икки характерлар бошқа қайсидир қариндошда мавжуд бўлиши уларнинг гомологияси учун асос бўлади (ўтиш шакли мезонларига қаранг). Агар ахлоқнинг иккала шакли ҳам мия нейронларининг ўхшаш занжирларига жавоб берса, бу ҳам уларнинг гомологиясини англатади (масалан, барча ердаги умуртқали ҳайвонлар – қурбақадан тортиб итларгача қашиш рефлекси гомологик бўлади). Бугунги кунда ахлоқ ҳаракатларининг гомологиясини белгилашнинг бошқа имкониятлари пайдо бўлди. Ҳатто аниқ нейрон занжирларини билмай туриб ҳам муайян феъл-атворда миянинг қайси участкалари фаоллашини белгилаш мумкин (бунинг учун позитрон-эмиссион томография қўлланади). Баъзан эса ҳатто қайси генлар ахлоқнинг конкрет шакли учун жавоб беришини яъни уларнинг қайси бири ахлоқнинг муайян шаклида фаолроқ ишлай бошлаши ва оқсил ишлаб чиқаришни бошлашини аниқлаш мумкин.

Демак, турли усуллар ёрдамида орангутан, шимпанзе ва гориллалар аниқ «жилмайиши» ва кулиши белгиланди. Эҳтимол, итлар ҳам «жилмаяди» ва кулади. Кутилмаган янгиликдан бири – каламушлар ҳам кулиши мумкинлигидир. Олимлар буни кашф қилишганда узоқ вақт бунга ишонишлари қийин бўлди. Бироқ ҳозир бу ҳамма тан олган факт ҳисобланади.

Чақалоқлар ҳатто кар-соқов туғилганларида ҳам табиий равишда кулишади. Нормал ҳолатда чақалоқларнинг «ижтимоий кулгиси» ҳаётининг биринчи ойи охирларида чеҳраларни кўрганда (ёки унинг чизилган суратига) жавобан пайдо бўлади. Маълумотлардан кўриниб турибдики, табассум туғма табиий ҳолат ҳисобланади (бироқ кейинчалик ихтиёрий тарзда амалга оширилади).

Кулиш ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин. Шундай туғма ахлоқ шаклларини деярли ҳар доим унинг яқин қариндошларида учратиш мумкин.

Инсонлар ҳам ҳайвонлар ҳам кулади. Улар бир-бирларига хоҳлаган пайтларида табассум билан муҳаббатларини намойиш этишади. Шундай вақтда табассум бу – «тиржайган тишлар», бу баъзан таҳдид сифатида ҳам қабул қилиниши мумкин. Дарҳақиқат, «заҳарханда кулги», «устидан кулиш» ёки «ғолибона кулиш» ҳам бўлиши мумкин. Бироқ одатий табассум доимо «дўстона тиржайиш» сифатида қабул қилинади. «Тишларини кўрсатиб» табассум ҳадя этувчи қаршисидаги инсонга шундай дейиши мумкин: «Мен сенга нималар қилишим мумкин, лекин қилмайман» (бу фикрни буюк этолог Конрад Лоренс айтган). Шундай қилиб, кулиш – бу «таҳдид» ниқоби остидаги мулойим муносабатга айланган туйғу. Буни яна «тишсиз тишлаш» деб ҳам аташ мумкин. Табассум ва «тишлаш» орасида ахлоқнинг мўътадил шаклини белгилаш мумкин. Масалан, «қитиқлаб ўйнаш»да норасида ва кўплаб 2–3 ёшли болакайлар кулиш ва схемадан ташқари «тишлаб ўйнаши» мумкин.

Ҳайвонларнинг кулгиси кўпинча ҳазиллашганда, масалан, бир-бирини «қитиқлаб» ўйнаганда пайдо бўлади. Одамсимон ҳайвонлар қитиқлашда инсонларга ўхшаб овоз чиқариб кулишади. Айниқса овоз нафас олганда ҳам нафас чиқарганда ҳам чиқади (инсонларда кулги овози одатда нафас чиқарганда чиқади, одамсимон маймунларда эса барча ҳолатларда – фақат нафас олишда). Қизиқарлиси, кулишда инсонлар ҳеч қандай ҳарф ва бўғинни талаффуз этишмайди (олимларнинг аниқлашича кулгида артикуляция йўқ). Бу энг аввало, кулиш жараёнида инсонда нутқ маркази ишлаш схемасида босим пайдо бўлиши билан боғлиқ.

Бироқ каламушларнинг кулгисини эшитиб бўлмайди. Улар жуда ингичка овозда кулади ва 50 кГс частотада ултратовуш узатади. Одатда каламушлар бир-бири билан ўйнашганда кулади.

Жилмайиш ва кулги талашган вақтда бир-бирига жиддий шикаст етказиши мумкин бўлган ижтимоий ҳайвонларига ҳам хос. Одатда кулиш агрессияни тўхтатади ва хотиржамлик воситаси сифатида хизмат кўрсатади. Ҳазиллашиб ташланиш ўйинларида кулги бу ўйинлигини англатади ва ҳақиқатдан тишлаб шикаст етказишнинг олдини олади. Бу борада кулги ифодаси аниқ бўлиши лозим. Инсонлар бежизга ҳақиқий табассумни таҳдидли «тиржайиш»дан фарқлашмайди.

Албатта, инсонларда (балки ҳайвонларда ҳам) табассум ва кулги бошқа кўплаб вазифаларни ҳам амалга оширади. Мен уларнинг бир нечтаси ҳақида тўхталдим холос.

Кўпинча куладиган каламушлар билан ўзининг авлоди муносабатда бўлади ва ўйнайди. Каламушларнинг кулишини исботлаган Яак Панксепп унинг мумкин бўлган фуксияларини қуйидагича тасвирлайди: «Кулги – яхши характер ва атрофдагилар билан киришимли бўла олиш белгиси; шунга кўра куладиган каламушлар ўйнаш учун яхши шерик сифатида қабул қилинади, бундай ўйинлар эса баъзан болалаш билан тугаши ҳам мумкин. Кулги – руҳий соғломлик белгиси, худди товуснинг ёйилган думи каби унинг жисмоний соғломлиги белгиси». Яъни кулги ўзига мос жинс вакилини танлашда муҳим рол ўйнайди. Эҳтимол, ҳажв инсонларда ўзига яқин инсонни танлашда ривожланган бўлиши мумкин.

Каламушлар кулгиси частотаси нафақат руҳий, балки жисмоний соғломликнинг кўрсаткичи экани исботланган. Чамаси, алоқа бу ерда икки томонлама: «хурсанд» каламушлар тез-тез кулади. Аслида кўп кулиш соғлиқ учун фойдали. Бу инсонларга ҳам тегишли албатта. Инсонларда ҳам ҳайвонларда ҳам мия бўлимларида асосий туйғулар муҳрланган. Уларга ҳузурланишни ҳам киритиш мумкин. Ҳайвонлар ижобий стимул олса (масалан, мазали озуқа еса), «тақдирланиш тизими» ишга киришади. Нейромедиатор дофамин ажратувчи муайян нейронлар фаоллашади. Шунинг учун ҳайвонлар ҳам инсонлар каби бундай вазиятларда ижобий туйғуларни акс эттиришади. Шундай қилиб, бу тизим инсонларда ҳам ҳайвонларда ҳам кулги билан (ҳатто қитиқлашда) ифодаланади. Каламушларни қитиқлаш учун улар овқатлантириш каби ҳар қандай вазифани – дастагни қисиш ёки лабиринтдан ўтиш ва ҳоказоларни бажаради. Бундай вазиятларда овқатланишда ҳам кулишда ҳам мия ҳужайраларида ўхшаш генлар фаоллашади.

daryo.uz