Слайдер

Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг МУРОЖААТИ

Чоп этилди Avgust 2, 2019 Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг МУРОЖААТИda fikr bildirishni o'chirish

 

 

Азиз маҳалладошлар!

Мусулмон оламининг энг муқаддас байрами бўлган муборак Қурбон ҳайити тобора яқинлашиб келмоқда. Ушбу шодиёна кунлар арафасида ҳар бир мўмин-мусулмон борки, яқинлари ҳолидан хабар олади, ёрдамга муҳтож кишиларни кўнглини кўтаради ва ўтганлар мангу қўним топган масканларни обод этади.

Албатта, қилаётган бундай эзгу амалларимиз ёшлар маънавий дунёқарашини бойитишда, уларни ўтганларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эгадир.

Шундан келиб чиққан ҳолда, муборак Қурбон ҳайити олдидан ота-боболаримиз ҳоки ётган қабристонларни кўздан кечириб, қабрлар атрофини бегона ўт-ўланлардан тозалаб, нураган жойларни тартибга келтириб, эскирган қабрларни таъмирлаб, зиёратчилар учун қулай шароитлар яратиш ишларини амалга оширсак, ўтганлар руҳини шод айлаш баробарида, келажак авлод тарбиясида ажойиб ибрат-намуна бўлардик.

Халқимиз азал-азалдан бундай хайрли ишларни кўпчилик бўлиб, бамаслаҳат бажариб келган. Агар, ҳар шанба ва якшанба кунлари ёши катталар, ёшларни ёнига олиб, маҳалла раислари, имом-хатиблар бошчилигида зиёратгоҳлар, қабристонларни ободонлаштириш, қабрларни тартибга келтириш ишларини амалга оширсалар, жуда ҳам фазилатли иш бўлади.

Зеро, ўтганларимизни ёдга олиб, уларнинг руҳларини шод этиш – савоби улуғ амаллардандир. Марҳумларнинг қўним топган масканларни обод қилиш ва уларнинг ҳақларига дуолар қилиш – барчамизнинг диний вазифамиз, инсоний бурчимиздир!

Халқимизда “Ободлик кўнгилдан бошланади” деган гап бор. Имони бут, кўнгли савобу саховатга тўла халқимиз, миллийлигимизга хос “ҳашар” дея аталмиш қадимий қадриятларимиз асосида, ушбу хайрли ишдан четда қолмаслиги шубҳасиздир. Ахир бежизга “Халқнинг яшаш шароитини билмоқчи бўлсанг, бозорига бор. Аждодларига бўлган эҳтиромини билмоқчи бўлсанг, мозорига бор” дейишмаган.

Бугун кун сайин обод ва кўркам бўлиб бораётган кўчаю хиёбонларимиз, маҳаллаю гузарларимиздан қанчалар фахрланамиз, ғурурланамиз. Шу ўринда ота-боболаримиз ҳоки ётган қабристонларни янада обод қилмоқ эса – ҳар биримизнинг бурчимиздир!

Ҳурматли маҳалладошлар!

Қабристонларга эътиборсизлик аждодлар руҳига ҳурматсизлик саналади. Шундай экан, хайрли ва савобли ишларга ҳар биримиз ўз ҳиссамизни баҳоли қудрат қўшайлик! Қилган ишларимизни бу оламни тарк этган бобою бувиларимиз, ота-оналаримиз, яқинларимизга тириклигида қилган хизматларимизнинг давоми сифатида қабул қилайлик.

Халқимиз ва аждодларимиз руҳи олдидаги масъуллигимизни амалий тарзда намоён этайлик! Улар мангу қўним топган маконни обод қилиш ила ўтганлар руҳини шод этайлик.

Қабристон, зиёратгоҳ ва қадамжоларни обод қилишда қилган озгина саъй-ҳаракатимизни амалга оширган савобли ишларимиз сирасига қўшилишини астойдил истаб, кўнгилни ва амални яхшиликка чоғлаш – бағрикенг халқимизнинг ноёб фазилатларидандир!

Тарихга назар солсак, халқимиз азал-азалдан бирор-бир оилавий маросимларни ўтказишда хонадони, ҳовли ва кўчаларни тартибга келтириб, сарамжон-саришта қилишга асосий эътиборни қаратиб келган.

Муборак Қурбон ҳайитига юртимизнинг улуғ ва энг азиз бўлган Мустақиллик байрамининг 28 йиллиги шодиёналари ҳам уланиб кетади. Шундай экан, бу каби ободонлаштириш, ҳовли ва кўчаларимизни тартибга келтириш, ён атрофимиздаги уй-жойи таъмирталаб, қурби етмаётган қўни-қўшниларимизга кўмаклашиш, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган ногирон, якка-ёлғиз ва боқувчисини йўқотганларга хайр-саховат кўрсатиш ҳар бир юртдошимизнинг қалб амри ва виждонига айланмоғи лозим.

Токи, қилган ҳар бир хайрли ишларимиз ёшларга ўрнак, келгуси ҳаётларида катта мактаб бўлсин. Ўтказиладиган ҳашарлар ва саховат тадбирларида фаол иштирок этиб, икки олам саодатига эришмоқликни, ҳар биримизга насиб айласин!