Мақолалар

Ихлос – Аллоҳ таоло ва банда орасидаги сир

Чоп этилди Avgust 3, 2019 Ихлос – Аллоҳ таоло ва банда орасидаги сирda fikr bildirishni o'chirish

“Ихлос – Аллоҳ таоло билан бандаси орасидаги сирдир. Уни фаришта билмайдики, ёзиб қўйса, шайтон билмайдики, бузиб қўйса”.

Жунайд Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳ

***

“Қирқ туяга юк бўладиган китоб ўқидим. Аллоҳнинг йўлини тўрт нарсада топдим: ризқдан хотиржам бўлмоқ,  ҳар ишни ихлос билан қилмоқ, шайтонга душман бўлмоқ, ўлимни яқин билиб, унга тадорикли бўлмоқ”.

Шақиқ Балхий раҳматуллоҳи алайҳ

***

“Шундай зотларни кўрдимки, шуҳратдан қўрққанларидан ўзлари ва атрофдагилар истифода этадиган ҳикматли сўзлардан воз кечар эдилар”.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ

***

“Амални инсонлар учун тарк этмоқ – риё, улар учун қилиш – ширк. Ихлос эса Аллоҳнинг қули ўзини ана шу икки фалокатдан қўриқлашидир”.

Фудайи ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ

***

“Биз неъматлар сабабли эмас, неъматларга жуда оз шукр этганимиз сабабли шу ҳолга тушдик. Амалларимизнинг озлигидан эмас, амалларимизда сидқ ва ихлосимиз бўлмагани учун шу ҳолга тушдик. Биз учраган мусибатлар гуноҳларимиз кўплигидан эмас, ҳаётимизнинг қисқалигидандир; истиғфоримиз озлигидан эмас, вафомиз камлигидан ва гуноҳда бардавомлигимиздандир. Агар биз гуноҳларимизнинг жазосини дарҳол тортганимизда эди, барча гуноҳларни тарк этган бўлардик”

Бишр Хофий раҳматуллоҳи алайҳ

***

“Нафсга энг оғир келадиган нарса – ихлосдир. Чунки нафснинг ихлосда ҳеч қандай насибаси йўқ”.

 Саҳл ат-Тустарий раҳматуллоҳи алайҳ

***

“Ихлос – оламларнинг Раббиси бўлган Аллоҳ таолонинг амри ва ҳукмларини фақат Унинг ризоси учун бажармоқ, бутун кучини ана шу йўлда сарф этмоқдир. Ихлос – илоҳий амрларга сабот кўрсатмоқ демакдир”.

Абдулҳаким Ҳусайний раҳматуллоҳи алайҳ

***

“Ихлос ҳар доим Яратганга юзланган ҳолда халқнинг боқишини унутмоқдир”.

Абу Усмон раҳматуллоҳи алайҳ

 

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.