Мақолалар

Ҳарорат 73 ни кўрсатди (ми?)

Чоп этилди Avgust 4, 2019 Ҳарорат 73 ни кўрсатди (ми?)da fikr bildirishni o'chirish

Инсон табиати – қизиқ. Баъзан бировдан эшитган нарсасига дарҳол ишонади-қўяди. Уни суриштириб кўрмайди, тўғри ёки нотўғрилигини ўйлаб ҳам ўтирмайди. Айниқса, бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган нохолис ахборотлар, турли уйдирма ва бўҳтонлар, миш-мишлар ғийбатчиларнинг тегирмонига сув қуяётгани кундай равшан.

Ижтимоий тармоқларда “Ҳаво ҳарорати 63 даражага етди”, кейинчалик “73 даражага чиқибди”, деган миш-мишларга кўпчилигимиз ишондик. Тўғрими? Аслида, мусулмон киши бирор масалада иштибоҳга тушса: «Фалончи нима дебди, писмадончи нима қилибди?» демасдан, Қуръони карим ва ҳадиси шариф таълимотига асосланиши керак.

Аллоҳ таоло: «Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!» (Ҳужурот сураси, 6-оят), деб марҳамат қилади.

Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло миш-мишлар тарқатиш, кўп савол бериш ва мол-дунёни беҳуда сарфлаш каби ишларни ёмон кўради”,  дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса: “Эшитган нарсасини гапиравериши, кишининиг гуноҳкор бўлишига кифоя” (Имом Муслим ривояти), дейилган.

Сўфи Оллоёр бобомиз бежиз:

Дема, тутдим фалон бузрук ишини,

Кўра қўйма набийнинг қилмишини»,

демаганлар.

Жамиятда ғийбат, бўҳтон, ёлғончилик каби иллатларнинг илдиз отиши ишончсизлик, ҳатто адоват ва нафратни юзага келтириши мумкин. Тўғрилигига аниқ ишонмай туриб миш-миш тарқатиш бўҳтон саналади. Бўҳтон эса гуноҳи кабирадир.

Толибжон НИЗОМ