Мақолалар

Шукроналик туйғуси

Чоп этилди Avgust 5, 2019 Шукроналик туйғусиda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…” (Иброҳим сураси, 7-оят). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин”, деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади” (Имом Ибн Можа ривояти).

Юртимизда қад ростлаётган ҳар бир масжид киши кўзини қувнатади, қалбини яйратади. Зомин туманидаги “Қирқ” жоме масжиди ҳам Истиқлолимиз шарофати билан барпо этилган масжидлар сирасига киради.

Масжидимиз 1991-1992 йилларда маҳалламизнинг жонкуяр инсонлари саъй-ҳаракати натижасида ҳашар йўли билан қуриб битказилган. 120 ўринга мўлжалланган мўъжаз масжидда намозхонларимиз ибодатларни бекаму кўст адо этиш учун барча шароитлар муҳайё этилган. Маҳалла аҳли шундай масжид борлигидан жуда мамнун, айниқса, нуроний отахонларимизнинг қувончи чексиз. Уларнинг тилидан шукрона тушмайди, хайрли дуолар қилишади.

Доно халқимизда: “Озига шукр қилсанг кўпи келади”, деган пурмаъно ҳикмат бор. Яқинда шахримиздаги “Қора тепа” жоме масжидида қайта қурилиш ишлари бошланиб кетди. Маҳалламиз масжидида эса жума ва ҳайит номозлари ўқиладиган бўлди. Бундан масжидимиз жамоати, айниқса, оқасақолларимиз ниҳоятда мамнун.

Ўразали МУРОДОВ

 Жиззах вилояти  Зомин туманидаги

“Қирқ” жоме масжиди имом-хатиби.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 13-сонидан