Мақолалар

Намозни бузувчи амаллар

Чоп этилди Avgust 5, 2019 Намозни бузувчи амалларda fikr bildirishni o'chirish

Намоз ўқиш давомида қуйидаги амаллардан бирини қилиш намозни бузади: унутиб ёки адашиб гапириш, одамларнинг гапига ўхшаган сўзлар (масалан, ё Аллоҳ, менга фалон кийимни кийдир ёки фалон таомни едир, каби сўзлар) билан дуо қилиш, адашиб бўлса ҳам, саломлашиш ниятида салом бериш, оғзаки ёки қўли билан саломга алик олиш, намозда кўп амал қилиш (намоздаги кўп амал билан оз амалнинг фарқи – намозхонни четдан кузатган киши, бирор ҳаракат сабабли, у намозда эмас экан, деб ўйласа, у кўп амалдир. Худди шу ҳолатда четдан қаровчи у намоз ўқияптими ёки йўқми деб иккиланса, у кам амал ҳисобланади).

Намозхоннинг кўкраги қибладан бурилиши, оз бўлса ҳам (оғиздан) ташқаридан бирор нарса ейиш, тишлар орасидаги нўхатдан катта нарсани ютиш, (сув ва бошқа суюқликларни) ичиш, узрсиз йўталиш  ёки уф тортиш ёки инграш ёки оҳ-воҳ қилиш, оғриқ ёки мусибат сабабли баланд овозда йиғлаш (жаннат ёки дўзахни эслаб йиғласа, намоз бузилмайди), акса урувчига “Ярҳамукаллоҳ” деб жавоб бериш, намоздаги одамдан Аллоҳнинг шериги борми, деб сўраганда “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деб жавоб бериши, ёмон хабар келганда “Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъун”, яхши хабар келганда “Алҳамдулиллаҳ”, ажабланарли сўзга “Лаа илаҳа иллаллоҳ” ёки “Субҳаналлоҳ” деб жавоб бериши ёки жавоб мақсадида ўқилган Қуръони карим оятлари ҳам намозни бузади. Масалан: китоб сўраган кишига: “Эй Яҳё! Китобни ол”, дейиш.

(Намоз ўқиш давомида) таяммум қилган киши сувни кўриши (ёки таяммумга сабаб бўлган бошқа узрлари кетиши), маҳсига масҳ тортиш муддати тугаши, маҳсини ечиши, уммий (саводи йўқ киши) бирор оят ўрганиши, кийимсиз намоз ўқиётган киши кийим топиши, имо-ишора билан намоз ўқувчи руку ва саждага қодир бўлиши, тартиб соҳиби (қазо намозлари бештадан ортмаган киши) ўқилмай қолган намозни эслаб қолиши (масалан, пешинни ўқиётган киши бомдодни ўқимагани ёдига тушса, пешин намози бузилади).

Намоз давомида имомликка ярамайдиган киши (умуман саводи йўқ ёки узрли киши)ни ўрнига имом қилиш, бомдод намозини ўқиётганда қуёш чиқиб қолиши,  икки ийд намозини ўқиётганда қуёшнинг завол бўлиши (тиккадан оғиши), жума намозини ўқиётганда аср намозининг вақти кириб қолиши, намоз давомида жароҳат устига боғланган нарса (жабира) жароҳат тузалиши сабабли тушиб кетиши ёки узрли (аъзоларидан доимий қон ёки сийдик оқиб турадиган) кишининг узри кетиши, қасддан ёки бошқа киши ё нарса сабабли (масалан, бошга бирор нарса тушиб кетиб, қон чиқиши) таҳорати бузилиши, намозда ҳушдан кетиш, жиннилик, (аёлга) қараш ёки эҳтилом сабабли жунуб бўлиш намозни бузади.

Балоғатга етган хотин-қиз билан мутлақ (яъни, руку, саждаси бор) намозда, такбири таҳримаси муштарак (бир хил) бўлган намозда ва ҳеч қандай тўсиқсиз жойда, имом аёлга имом бўлишни ният қилган ҳолатда (бир рукнни адо қилгунча ёки шунча муддат) ёнма-ён туриб қолган кишининг намози бузилади.

Ногаҳон таҳорати бузилган кишининг, гарчи мажбур бўлиб қолса-да, аврат аъзолари очилиши намозни бузади. Масалан, ногаҳон таҳорати бузилган аёл (намозни келган жойидан давом эттириш учун таҳорат қилмоқчи бўлиб) билакларини очса (энди у намозни келган жойидан давом эттира олмайди, балки қайтадан ўқийди) ёки ногаҳон таҳорати синган киши (намозни келган жойидан давом эттириш учун) таҳоратга боришда ё келишда қироат қилса, намози бузилади.

Намозда уйғоқ ҳолидаги киши кутилмаган таҳоратсизлик етгандан кейин (таҳорат қилмасдан) бир рукнни адо қилиш муддатича (узрсиз) туриб қолиши ёки қасддан, яқиндаги сувни қўйиб узоқдаги сувга қараб (икки сафдан кўпроқ) ўтиб кетиши, кутилмаган таҳоратсизлик етди деган гумонда масжиддан чиқиб кетиш ёки масжиддан бошқа (очиқ-кенглик) жойларда сафлардан чиқиб кетиш намозни бузади.

Намоз ўқиб турган жойидан таҳоратсиз экани ёки маҳсининг муддати тугагани, ёки зиммасида ўқилмаган қазо намози борлиги ёки устида нажосат борлигини гумон қилиб бурилиб кетса, гарчи масжиддан чиқмаса ҳам, намози бузилади. (Юқоридаги масалада масжиддан чиқмаса, намози бузилмасди, бу икки масала ўртасидаги фарқ шуки, биринчи ҳолатда намозни тўғрилаш учун, иккинчи масалада намозни тарк қилиб чиқишни қасд қилган бўлади).

(Юқорида ўтган, кутилмаганда таҳорат синиши ва яна қайта таҳорат қилиб, намозни келган жойидан бошлаш ҳолатларда) ихтилофдан чиқиш (қочиш) учун намозни қайта ўқиган афзалдир.

Намозхон ўз имомидан бошқага фатҳ (қироатда адашса, тўғрилаш) бериши, ўқиб турган намозидан бошқа намозга  кўчиш (ўтиш) ниятида такбир айтиши ҳам намозни бузади (яъни, бир киши ёлғиз намоз ўқиётган эди, ногаҳон унинг ёнига бир жамоат келиб намозни бошлади, ёлғиз ўқиётган киши имомга иқтидо қилишни ният қилиб такбири таҳрима (“Аллоҳу акбар” калимасини) айтса, ёлғиз ўқиб турган намози бузилади ва жамоат намозига қўшилган бўлади).

Юқоридаги барча намозни бузувчи ҳолатлар қаъдаи охирда ташаҳҳуд миқдорича ўтирмасдан аввал юз берган бўлса, намоз (билиттифоқ) бузилади (лекин охирги қаъдада ташаҳҳуд миқдорича ўтиргандан кейин юз берса, ихтиёр қилинган сўзга кўра намоз тугал бўлади).

“Аллоҳу акбар” лафзидаги “ҳамза”ни чўзиш (“аааллоҳ” ёки “ааакбар”, дейиш), намозда Мусҳаф (Қуръон китоби)га қараб қироат қилиш, бир рукнда  ёки бир рукнни адо қилиш учун кетадиган вақт муддатича аврат аъзонинг очилиб туриши ёки (намозхоннинг бадани, кийими, жойнамозида) намозни ман қилувчи нажосатнинг бўлиши намозни бузади.

Муқтадий имомдан (имом билан бажармаган) бир рукн олдинга ўтиб ё ўзиб кетса (масалан, муқтади имомдан аввал руку қилиб бошини кўтарса ва имом билан рукуни қайтадан қилмаса), масбуқ (намозга кечикиб келган ва биринчи ракатнинг рукусига ета олмаган киши)нинг саждаи саҳв қилишда имомга эргашса (намозга кечикиб келган киши қаъдаи охирда ташаҳҳуд миқдори ўтирганидан кейин имомнинг саломидан кейин ё саломдан аввал ўрнидан туриб, қолиб кетиб бир ракатини адо қилиб бўлгач, имом саждаи саҳвни эслаб қолиб, сажда қилса  ва масбуқ унга эргашса,) намози бузилади (чунки масбуқ батамом ёлғиз ўқувчи кишига айланиб бўлган эди).

Намозхон қаъдаи охирга ўтиргандан кейин намознинг (унутилиб қолдирилган аслий) саждасини адо қилгач, қаъдаи охирни қайтадан қилмаса ёки намознинг ухлаб бажарган рукнини қайтадан қилмаса, намози бузилади.

Қаъдаи охирдан кейин масбуқнинг имоми овоз чиқариб кулса ёки қасддан таҳоратини синдирса, масбуқнинг намози бузилади. Муқим киши уч ва тўрт ракатли намозларда иккинчи ракатдан кейин мусофирман  ёки жума намози деб ёки таровеҳ деб ўйлаб салом бериши намозни бузади.

 

Ҳасан ибн Аммор Шурунбулолийнинг “Нурул изоҳ” асридан

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими ходими Ҳикматуллоҳ Тоштемиров таржима қилди.

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 6-сонидан