Мақолалар

Бўйдоқлик ва никоҳнинг ундан афзаллиги

Чоп этилди Yanvar 9, 2019 No Comments

Ислом дини мусулмонларни никоҳга тарғиб қилиб,  бўйдоқ  юришдан қайтарган. Уларга никоҳнинг фойдаларини ҳамда  бўйдоқликнинг зарарларини тўлалагича баён қилган. Инсон кўпинча икки сабаб туфайли уйланмай юриши мумкин.  Биринчиси, камбағаллик, ночорлик туфайли. Бу кам учрайдиган  ҳолат. Чунки, инсон бирор бир ҳалол касб қилиши ва шу орқали  ўзини камбағалликдан қутқариши мумкин. Қолаверса, ўша ҳалол  касб орқали маблағ орттириб, озга қаноат қиладиган мусулмон  аёлни ҳам топиши мумкин.

“Саҳиҳул Бухорий”да қуйидаги ривоят  ворид бўлган: “Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳумодан  ривоят қилинади: “Зубайр менга уйланди. Унинг молу  дунёси ҳам, қули ҳам йўқ эди. Фақат биттагина оти бор эди. Мен отини ўтлатардим, сув ташиб келтирардим, меш тикардим, хамир қорардим, лекин нонни яхши ёпа олмасдим.  Менинг нон ёпиб берадиган ансория қўшниларим бор эди. Улар садоқатли аёллар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам камбағал эдилар. Кўплаб саҳобалар ҳам фақирликда кун кечиришар эди. Ваҳоланки, ўша фақир саҳобаларнинг орасида қўмондолар, раҳбарлар ва амирлар бор эди. Фақир ва муҳтожликда ҳаёт кечиришларига қарамасдан барчаларининг аёллари бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳо ҳам эрлари Али розияллоҳу анҳунинг хизматини қилар эдилар. Эрлари фақир бўлса ҳам унга рўзғор ишларида ёрдам берар эдилар. Хатто бир куни ўзлари кўтарадиган тегирмон тошининг оғирлигидан, хизматкорлари йўқлигидан шикоят ҳам қилган эдилар. У киши ҳам хамир қорардилар, уйларни супурардилар, сув ташиб келтирардилар, уйдаги барча ишларни бажарардилар”.

“Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларининг олдига кириб: “Эй қизим, қандай тонг оттирдинг?” деб сўрадилар. Қизлари: “Аллоҳга қасамки, касал ҳолда тонг оттирдим. Овқат емаганимга бу касаллик яна кучайди. Очлик тинкамни қуритиб юборди” деб жавоб бердилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғлаб юбордилар ва айтдилар: “Бетоқат бўлма, қизим. Аллоҳга қасамки, мен ҳам уч кундан бери туз тотганим йўқ. Мен Аллоҳга сендан кўра мукаррамроғман. Агар Роббимдан сўрасам, албатта, мени таомлантиради. Лекин мен охиратни дунёдан устун қўйдим”. Кейин у зот қўлларини қизларининг елкасига қўйдилар ва: “Сенга хушхабар, Аллоҳга қасамки, албатта, сен жаннатий аёлларнинг саййидасисан. Аллоҳга қасамки, мен сени ҳам дунё йигитларининг, ҳам охират йигитларининг саййиди бўлган бир йигитга турмушга берганман” дедилар”. Аҳмад ва Табароний ривоятлари.

Кам учрайдиган ҳолат бўлса ҳам агар киши ночорлик туфайли уйлана олмаётган бўлса, у ҳолда Аллоҳ таолонинг “Никоҳ (учун лозим маблағ) топа олмайдиган кишилар то Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитгунча ўзларини (ҳаромдан, зинокорликдан) пок тутсинлар!” (Нур, 33), деган буйруғига ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаламнинг “Эй ёшлар жамоаси, сизлардан кимки уйланишга қодир бўлса, уйлансин. Агар қодир бўлмаса, рўза тутсин” деган кўрсатмаларига бўйинсуниши лозим ва лобуддир.

Бўйдоқликнинг иккинчи сабаби эса, аёлларга хоҳиш йўқлигидир. Кўпинча бундай ҳолат эркаклик аъзоси бутунлай кесилган ёки жинсий ожиз (импотент) кишиларда учрайди.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам никоҳли, оилали эркак бўйдоқ эркакдан афзал ҳисобланади. Чунки, бўйдоқ киши шайтоннинг фитналарига кўпроқ рўпара бўлади. Ушбу фитналарга учиши ҳам осон бўлади. Йўлдан урувчи нарсалар уни ҳар жойда ўраб олади. Уйланган кишининг эса, кўнгли хотиржам, сокин бўлади. У ўз нафсининг эҳтиёжларини қондириб, тинчлантирадиган нарсани ҳалол йўл билан топган бўлади. Никоҳ у инсонни фитналар оламидан хотиржамлик оламига олиб кирган бўлади. У инсон энди елкасидаги барча масъулиятларини ҳис этадиган, жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида тараққиётга ўз ҳиссасини қўшиши учун бемалол ишлайдиган бўлади. У энди оддий инсон бўлиб эмас, балки, оила бошлиғи сифатида меҳнат қила бошлайди. Ҳаром ишларга, айниқса, зинога тушиб қолишдан хотиржам  ҳолда яшайди. Бўйдоқ одам эса, кўпинча, бу нарсалардан хотиржам бўла олмайди. У доим таҳликада, ҳалокат чоҳининг қирғоғида юради. Агар унинг иймони заиф бўлса, шайтон уни алдаши анча осон бўлади. Ҳаёли баъзан бузуқ нарсаларга кетиб қолади. Кўчаларда юрганида ҳам номаҳрам аёл-қизлардан кўзини тийиши анча қийин бўлади. Шунинг учун ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом “Сизларнинг ёмонларингиз бўйдоқларингиздир” деганлар. Абу Яъло, Табароний ва Ибн Адий ривоят қилишган. Пайғамбар алайҳиссалом Аккоф ибн Вадоъа Ҳилолийга дедилар: “Эй Аккоф, сенинг хотининг борми?” У: “Йўқ” деди. У зот: “Унда сен шайтонларнинг биродарларидан экансан. Агар насронийларнинг роҳибларидан бўлсанг, бориб уларга қўшил. Агар биздан бўлсанг, никоҳ бизнинг суннатимиздандир”. Абу Яъло ривояти. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Агар умримдан ўн кун қолса ҳам Аллоҳга бўйдоқ ҳолда йўлиққанимдан кўра уйланиб, оилали ҳолда йўлиқишим мен учун яхшироқдир”. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи аёлларининг вафотидан бир кун ўтиб уйландилар ва: “Бўйдоқ ҳолда тунашни ёқтирмайман” дедилар.

Аллоҳ уйланганларга солиҳ-солиҳа фарзандлар, уйланмаганларга эса, солиҳа жуфту ҳалоллар насиб этсин. Турли сабаб билан уйлана олмай юрганларга сабр берсин ҳамда Ўзининг фазлу карами билан бой-беҳожат қилиб, уйланишларини насиб қилсин. Албатта, У зот улкан фазл Соҳибидир. Омин!

“Исломда эркак ва аёл” китоби асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Манба: Islom.uz

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan