Мақолалар

Мадина ва маданият

Чоп этилди Avgust 5, 2019 Мадина ва маданиятda fikr bildirishni o'chirish

Маданият арабча мадина, яъни шаҳар сўзидан олинганини биламиз. Қадим замонлардан саҳройи араблар бадавий, шаҳарликлар маданий бўлганлар. Ўзбек тилига ҳам айни маънода кириб келган. Аёнки, ҳамма давр, ҳамма эл-элатларда шаҳарлар маданият ўчоғи ҳисобланган. Биз бугун қишлоқ маданияти деганда ҳам қишлоқнинг шаҳарлашувини тушунамиз.

Мадина ва маданият ҳақидаги ўйлар мени маданият ўзи аслида нима, деган саволга рўбару қилди.

Маданият оқ кўйлак кийиб, галстук тақиш, тавозе ва мулозаматни ўхшатишдами? Ёки рисоладагидек уй тутиш, саранжом-саришталикми у?

Замон шаҳар ва шаҳарлик атамаларига ҳам, маданият тушунчасига ҳам ўзгача маъно берди.

Аввало, шаҳар билан қишлоқ ўртасидаги тафовут йўқолиб бормоқда. Қишлоқлик энди илгариги қишлоқи эмас. Кийинишда, муомалада, юриш-туриш ва рўзғор тутишда бугунги қишлоқда яшовчилар ҳеч бир шаҳарликдан кам эмаслар.
Қолаверса, маданият ҳам энди шаклий, маиший маъноларини йўқотиб, эстетик-ахлоқий тушунчага айланиб бормоқда. Маданият деганда бугун биз кўпроқ ички маданиятни кўзда тутамиз, юксак фазилатлар мажмуини тушунамиз.
Агар бугун барча инсоний фазилатлар ичида энг олий, энг қадрлиси нима, деб сўров ўтказилса, ишонаманки, ер юзи халқларининг асосий кўпчилиги меҳр-шафқатни айтади. Зотан, бу замонда одамзот энг муҳтож бўлган, лекин жуда камёб, жадал тараққиёт баробарида кўпайиш ўрнига озайиб кетаётган туйғу – меҳр-шафқатдир.

Мабодо сўровни давом эттириб, меҳр-шафқат қаерда кўп ва қаерда кам, дея сўралса, ҳамма баробар шаҳарда камроқ, қишлоқда кўпроқ, деб жавоб беради. Худбинлик ва бегоналик ошиёни бўлиб бораётган мегаполисларда истиқомат қилувчилар ўзлари шу сўзни айтадилар.

Меҳр-шафқат инсоний маданиятнинг энг олий даражаси экан ва бу ноёб туйғу қишлоқларда макон тутган экан, маданият сўзининг мадинага эгизлиги қаёқда қолди?

Шоирлар қишлоқларда туғиладилар, шаҳарларда яшаб ўтадилар, деган гап машҳур бўлиб кетган. Лекин, аслида, шаҳардан чиққан маданият ўз масканидан бош олиб қишлоққа кўчиб кетибди, десак ҳақиқатга яқин мажоз бўлар экан…

Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг

“Тирик хазина ёхуд жаҳонгашта сўз” мақоласидан.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 9-сонидан олинди