Мақолалар

Қурбон ҳайити муборак

Чоп этилди Avgust 6, 2019 Қурбон ҳайити муборакda fikr bildirishni o'chirish

Аждодларимиз имон-эътиқодни қалбларига жо қилиб, Ислом дини қонун-қоидаларига амал қилган ҳолда пок инсоний ғояларни бугунги авлодга мерос сифатида етказиб келдилар. Халқимиз мустақиллик неъмати билан бирга виждон эркинлигига ҳам эга бўлди. Бу эса давлатимиз фуқароларига ана шу меросдан тўлақонли фойдаланиш имконини берди. Миллий қадриятларимиз билан бир қаторда диний қадриятларимиз ҳам қайта тикланди. Биргина Рамазон ва Қурбон ҳайитларига алоҳида аҳамият қаратилиши бунинг яққол далилидир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Ҳаж” сураси 34-оятида қурбонлик қилишга буюриб, шундай марҳамат қилади: «Ҳар бир умматга, уларга чорва ҳайвонларини ризқ қилиб берган Аллоҳ номини зикр қилишлари учун қурбонлик қилишни жорий этганмиз. Бас, илоҳингиз ягона илоҳдир, Унгагина бўйсунингиз! (Эй Муҳаммад), итоатли ва тавозеълиларга хушхабар беринг».

Демак, Аллоҳ йўлида қурбонлик қилиш Яратган Роббимизга итоат ва бўйинсунишнинг далолатидир.

Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: «Ким қурбонликка жонлиқ олиш учун бозорга борса, Аллоҳ таоло ҳар бир қадамига ўнта савоб ато этади ва ўнта гуноҳини кечиради ва мартабасини ўн даража кўтаради. Жонлиқни савдо қилаётганда айтган сўзларини тасбеҳ ўрнида қабул қилади. У учун берган ҳар бир дирҳамига етти юз дирҳамнинг савобини беради. Қурбонликнинг ҳар қатра қонидан ўнта фаришта яратади ва улар қиёматгача унинг учун истиғфор айтадилар. Қурбонлик гўштининг ҳар луқмаси учун Исмоил алайҳиссалом фарзандларидан бир қулни озод қилганлик савобини беради».

Мазкур ҳадиси шариф қурбонликнинг нақадар улуғ савобли амал эканлигидан далолат беради.

Қурбонлик диний бир ибодат бўлиши билан бирга унинг ахлоқий-ижтимоий аҳамияти ҳам бисёрдир. У ана шу хусусияти билан исломдаги ўзаро ижтимоий ёрдамнинг гўзал бир намунаси бўлиб хизмат қилади. Ибодатдан мақсад Аллоҳ розилигин топишдир. Қурбонлик ибодат сифатида шуни назарда тутади. Бу мақсднинг амалга ошиши эса кибр ва риёдан йироқ бўлиш, самимият ва ихлос билан қурбонликни адо этиш билан бўлади. Чунки Аллоҳ таолонинг на қурбонлик гўштига, на унинг қонига эҳтиёжи бор. Ҳақ таоло Қуръони каримда бу хусусда шундай марҳамат қилади: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас. Лекин, У зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳаж сурас, 37-оят).

Ўрни келганда айтиб ўтиш лозимки, қурбонликдек серҳикмат, улуғ ибодатнинг тиббий фойдалари гоҳо назаримиздан четда қолаётгандек. Ийди қурбон кунлари гўштга бўкиб, сўнгра турли хасталикка гирифтор бўлиб юрганларни ҳам бот-бот учратамиз. Зеро, қурбонликка сўйиладиган гўштлардан ўта оқилона фойдаланиб   камқонлик ва шу каби кўплаб хасталикларни бартараф қилиш имкони мавжуд. Бунинг учун эса ҳайит кунларида нафси амморамизга эрк бермай ушбу гўштларни биринчи галда аҳли оиламиз озуқаси таркибида доимий бўлиши учун камтарона тақсимлашга одатлансак нур устига аъло нур бўлади.    Исрофгарчилик эса мўъминларга ёт бўлмоғи даркор.

Қурбон ҳайити – хайр-эҳсон, саховат, меҳр-мурувват  байрами.  Унда қилинадиган қурбонликлар эса жаиятда кишилар ўртасида тенглик, тотувлик каби инсоний фазилатлар ривож топишида хизмат қилувчи воситадир. Чунки қурбонлик гўштидан ва ундан тайёрланган таомлардан бир-бирларимизга эҳсон қилишимиз қалбларимизни юмшатиб, одамлар орасида меҳр-муҳаббат ришталарининг янада мустаҳкамроқ боғланишига хизмат қилади. Аммо шундай нохуш ҳолатлар ҳам кўзга ташланадики, айрим инсонлар бу шодиёнани ғам-ғуссага айлантиришади. Яъни, тазияли хонадонларга бориб, уларнинг қайғусини зиёда қилишади. Бу эса ҳам диний, ҳам дунёвий нуқтаи назардан маъқул кўрилмаган одатдир. Бу хурсанчилик айёмини кишиларнинг дардини янгилаш билан аза эмас, беморларни, қариндош-уруғларни, ёр-дўстларни зиёрат қилиш ва кўнглини олиш билан ҳақиқий байрамга айлантирайлик.

Баходир Усмонов,

Тошкент вилояти Янгийўл тумани “Пусур оқсоқол”жоме масжиди 

 имом-хатиби