Мақолалар

Дарвешнинг дуоси

Чоп этилди Avgust 6, 2019 Дарвешнинг дуосиda fikr bildirishni o'chirish

Тоғнинг этагида тошлоқ ва хилват қишлоқ  бор эди. Қишлоқ аҳолиси жуда ҳам қашшоқликда кун кечирарди. Кимсанинг эътиборини тортмайдиган тошлоқ ва  сувсиз жойда одамлар қўй боқиб, қўл учида  кун ўтказарди.

Шу қишлоққа бир дарвешнинг йўли тушиб қолди. Қишлоқликлар бу қуш учмас, карвон қўнмас жойга келиб қолган дарвешни астойдил меҳмон қилдилар. Фақир бўлганлари ҳолда ўзлари ейишга кўзлари қиймаган таомларини, топган-тутганларини унинг олдига қўйдилар. Дарвеш уларга Қуръони каримдан, ҳадиси шарифдан, улуғларнинг қиссаларидан сўзлаб берди, насиҳатлар қилди.

Қишлоқликлар шу вақтгача бундайин илмли, сўзга уста устозни кўрмаганлари учун унга ниҳоятда катта ҳурмат-эҳтиром кўрсатдилар. Сўзларини  жон қулоқлари билан тинглаб, ҳикоятларидан таъсирланиб кўзларига ёшлар олдилар.

Дарвеш ана шу кўнгли юмшоқ инсонларга меҳр қўйди. Ўзига шу қадар ҳурмат кўрсатганлари учун уларга яхшилик қилишни истади. Кетадиган вақти яқинлашганда улардан:

– Дунё кезиб сизлардек меҳмондўст одамларни кўрмагандим. Сизнинг яхшиликларингизни тақдирлашни истайман. Аммо қўлимдан дуо қилишдан бошқа иш келмайди, Айтинг, сиз учун нима деб дуо қилай? Аллоҳ таолодан нима сўрашни хоҳлайсиз? – деб сўради.

Қишлоқ одамлари:

– Биз сиздан мукофот олишни истамаймиз. Меҳмоннинг иззатини жойига қўймоқ бизнинг азалий одатимиз. Фақат ҳаққимизга дуо қилишингизни истаймиз, албатта. Ҳаммамиз дуога муҳтожмиз. Кўриб турганингиздек, фақир одамлармиз. Агар Раббимиз бизни йўқсилликдан қутқарадиган бир ризқ ато қилса, иншоаллоҳ, шукр этувчилардан бўламиз, – дедилар.

Дарвеш:

– Ниятингиз-ку яхши. Бироқ ўтган замонларда муҳтож одамлар бойликка етишганидан сўнг хулқи бузилиб кетганлар. Шукр қилмагани камдек, туғёнга ҳам кетганлар. Сиз шундай ҳолга тушмаслигингизга ишона оласизми? – деди.

Қишлоқликлар:

– Биз фақирликни кўрдик, машаққатни тортдик, Мўл-кўлчиликни кўрсак, унинг шукронасини қиламиз, иншоаллоҳ, – дедилар.

Бу гапни эшитган дарвеш қўлларини дуога очиб, уларнинг ҳаққига дуо қуйидагича қилди:

– Ё Раббим! Мана шу фақир инсонларга Ўзингнинг лутфингдан бир ризқ насиб айла. Буларни муҳтожликдан қутқар. уларга мол ва фарзандлар ато қил. Шунда улар Сенинг йўлингда молларидан инфоқ қилсинлар, фарзандлар камолга етказсинлар…
Дарвеш дуосини битирди-ю, қалбига бир илҳом келди. Қишлоқнинг юқори тарафидаги бир қояга чиқиб борди.  Асосини қояга урди. ҳассанинг қояга теккан жойидан сув отилиб чиқди.

Унинг ортидан қизиқсиниб эргашиб борган қишлоқликлар сув манбасини кўриб жуда ҳам севиндилар. Чунки қишлоққа яқин жойда сув йўқ эди. Сув олиб келиш учун бир неча соат йўл юриб пастликдаги дарёга борар, қайтгунича улови ҳам, одамнинг ўзи ҳам толиқиб қолар эди. Шу сабабли бу ерларга зироат экиб ҳам бўлмасди.

Сувни кўрган қишлоқ аҳли дарров ариқлар қазди, тоғнинг этагида боғлар, боғчалар барпо қилди. Қисқа вақт ичида ўша йўқсил қишлоқ боғли, боғчали, гуллаб-яшнаган гўшага айланди. Ҳатто атрофдаги қишлоқларидан ҳам хийла бойиб кетди ва у ерлардан ҳам узумзорлар сотиб олди. Одамлари ҳам бадавлат бўлиб қолди.

Дастлабки кезларда қишлоқликлар Аллоҳ таолонинг бу лутфининг қийматини билдилар. Қисқа вақт ичида қишлоқда масжид қуриб, беш вақт намозини ўқидилар. Қишлоқ ерларидан олган мўл-кўл ҳосиллардан фақирларга закот ва садақалар тарқатдилар. Ҳатто вақф ташкил қилиб иморатхоналар (мискинларга ва толиби илмларга овқат тарқатиладиган жой) қурдилар.

Бироқ вақт ўтиши билан ёшлар улғайди ва ота-онаснинг молларига меросхўр бўлди. Улар ўзларига мерос қолган ушбу бойликлар учун Аллоҳ таолога шукр этишни унутдилар. Оталари қурган вақф биноларини қаровсиз қолдирди. Бойликка маст бўлдилар, неъматларни ўзларининг ҳақлари деб билди. Ўша неъматларда муҳтожларнинг, бева-бечораларнинг ҳам ҳақлари борлигини ёдга олмай қўйдилар.

Қишлоқдаги ёши улуғлар:

– Болаларим, Аллоҳ таолонинг неъматларининг қийматини билинг, маблағларингизни хайрли ишларга сарфланг, – дея насиҳат қилсалар ҳам эътибор қилмадилар.

Орадан кўп йиллар ўтиб ўша дарвешнинг яна шу қишлоқ томонга йўли тушиб қолди.

– Ажойиб қишлоқ эди. Ўзгариб кетгандир, бир кириб ўтай-чи, – деб ўйлади.

Қишлоқни кўриб танимади. олдинги келган вақтидаги хароба ва тошлоқ жой ям-яшил. Боғлар, боғчалар барқ уриб турибди. Кўркам бинолар қад ростлаган.  Ҳаммаси ниҳоятда чиройли-ю, лекин ёши улуғ мусофирга ҳеч ким, илтифотни-ку қўяверинг, ҳатто қарамади ҳам.

Дарвеш масжидга бориб намоз ўқиди, қараса, масжидда ёшлар келмас экан. Масжиддан чиқиб, вақфга борди. Эшигига осилган қулфни занг босиб кетибди.

Қишлоқ кўчаларини айланиб юриб салқин ҳовлисида ястаниб ўтирган бир кишига яқинлашиб борди ва:

– Мусофир эдим, бир кечага жой бера олмайсизми? – деди.

Одам уни бошдан-оёқ кўздан кечириб:

– Ўғримисан, тўғримисан, нима мақсадда бу ерларда юрибсан, мен қаердан биламан. Шундай экан, сени қандай қилиб уйимга киритаман, – деди ва қўлига битта нон ҳам бермасдан жўнатиб юборди.

Дарвеш қишлоқ айланиб юриб, одамлар билан суҳбатлашгиси келди. Бироқ ҳамма ўзи билан ўзи овора, кекса мусофир билан ҳеч кимнинг иши йўқ эди. Бирлари  миш-миш тўқиётган бўлса, бошқалари бефойда гапларни вайсаб ўтирибди.

Дарвеш уларнинг бу ҳолини кўриб жуда ҳам ачинди. Камбағал вақтида тарбияси яхши бўлган қишлоқ аҳлининг бадавлат бўлганидан сўнг хулқи бузилганини кўрди. Қўлларини дуога кўтариб:

– Бу одамлар Сен берган неъматларнинг қийматини билмадилар. Бойлик уларни йўлдан оздирди. Уларни бурунги ҳолига қайтар, – деб дуо қилди.

Сўнг қишлоқдан чиқиб кетди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, қишлоқнинг ягона сув манбаси бўлган булоқ суви қуриди. Қишлоқликлар қудуқ қазишга  ҳаракат қилдилар. Бироқ қайси жойни қазисалар на ичишга, на суғоришга ярамайдиган сув чиқаверди. Кўп ўтмай боғлар, боғчалар қуриди. Одамлар ҳам ҳар жойга тарқалиб кетди. Ёшлар эса шаҳардан иш қидиришга, мардикорчиликка ёлланишга мажбур бўлиб қолдилар.

Қишлоқнинг ёши улуғлари бу кўргуликнинг сабабини билдилар. Аммо энди кеч эди.

Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди