Мақолалар

Бағрикенг диёр мусулмонлари

Чоп этилди Avgust 6, 2019 Бағрикенг диёр мусулмонлариda fikr bildirishni o'chirish

Сингапур – кўп миллат ва элатлар, турли дин вакиллари баҳамжиҳат, тинч-тотув яшаб келаётган мамлакат.

Ислом дини бу минтақада XIV-XV асрларда кенг тарқалди. Малакка султонлиги 1500-йилларда ўз ҳудудида шариат тартиб-қоидаларини жорий этди. Ундан кейин ташкил топган ва 1824 йилгача ҳукм сурган Жуҳур султонлигида ҳам шу тизим сақланиб қолди. Сингапур ва унга қўшни мамлакатлар Буюк Британия тасарруфига ўтгач, шариат шахсий ҳуқуқ соҳаси сифатида қўлланила бошланди.

1915 йили Британия ҳукумати Исломий маслаҳат кенгашини ташкил этди. Кенгашнинг асосий вазифаси Ислом дини ва маҳаллий анъаналар бўйича ҳукуматга маслаҳат бериш эди.

1965 йили Сингапур мустақил бўлди ва ўз Конституциясини қабул қилди. Унда бошқа ҳуқуқлар қатори эътиқод эркинлигини таъминлаш ҳам белгилаб қўйилди. 1968 йили мусулмонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ва уларга турли масалаларда кўмак берувчи Сингапур исломий-диний кенгаши (Majlis Ugama Islam Singapura) ташкил топди. Бу ташкилот 1978 йилдан ҳалол маҳсулотларни сертификлаш билан ҳам шуғулланади.

Бугун Сингапур аҳолисининг 15 фоизга яқини мусулмонлардан иборат. Мамлакатда 75 та масжид фаолият юритяпти. Ўлкадаги энг қадимги масжид 1820 йили қурилган “Умар Кампонг Малакка” жомесидир. Бир пайтнинг ўзида минг нафар намозхонни сиғдира оладиган ушбу масжидга маҳаллий савдогар Саид Умар ибн Али Алжунид асос солган. Алжунидлар оиласи Сингапур ривожига катта қўшган. Бой-бадавлат бу хонадоннинг хайриялари билан мактаблар, шифохоналар ва турли ижтимоий аҳамиятга молик бинолар барпо этилган. Бугун Сингапурдаги бир нечта кўчага бу оила вакилларининг номи берилган.

Мамлакатда 6 та мадраса бор. “Алжунид ал-Исламия”, “Алсагоф ал-Арабия”, “Ал-Иршод ал-Исламия” ва “Ал-Маариф ал-Исламия” уларнинг энг йирикларидир.

Сингапурда икки ҳайит расмий дам олиш куни деб белгиланган.

 

Орифжон МАДВАЛИЕВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 13-сонидан