Мақолалар

Ғариб, ғаройиб сўзлар…

Чоп этилди Avgust 8, 2019 Ғариб, ғаройиб сўзлар…da fikr bildirishni o'chirish

Сўзнинг бошига ҳам яхши-ёмон кунлар тушар экан. Йигит сўзи Россияга кетиб джигит бўлди, баҳодир – богатырь бўлиб қадр топди. Лекин полвон – болванга, паҳлавон – ахламонга айланиб хор-зор, шармандаи шармисор бўлдилар.

Туркиялик бир дўстимиз бор. Ўзбек адабиётининг катта билимдони, тарғиботчиси. Кўп китобларимизни туркчага таржима қилиб нашр эттирган. Исми нима денг? Ёвуз! Ёвуз Оқбинор. Усмонли турк тилида ёвуз сўзи ботир, баҳодир маъносини билдиради. Туркия тарихида Ёвуз исмли султонлар ўтган. Қарангки, бизнинг полвон ва паҳлавон сўзларимизга келган кўргилик қардош тилдан ўтган ёвуз сўзининг ҳам бошига тушибди.

Уста таржимонлар кўпинча қардош тиллардан таржима қилишни унча хуш кўрмайдилар, бу ишдан иложи борича қочадилар. Юзаки қарашда осон кўринган бу иш аслида жуда мураккаб экан. Негаки таниш сўзинг сени чалғитиб, уялтириб қўйиши ҳеч гап эмас.

Бундай ҳолатга мисол қилиб ўзбек муҳожирларининг бир ажиб саргузаштини ҳикоя қиладилар.

Инқилоб йилларида Туркистондан қувғин бўлган бир гуруҳ ватандошларимиз Истанбулда паноҳ топган эканлар. Шаҳар волийси уларни ҳузурига чорлаб ҳурмат кўрсатибди, қандай истак-орзулари борлигини сўрабди. Шунда меҳмон ўзбекларнинг улуғи тавозе билан бундай дебди: Илтифотингиз учун ташаккур, жаноб волий, ҳар нарсамиз етарли. Фақат бекормиз, бизга корхона керак.

Бизга аждод бўлган ўша содда ўзбек қаердан билсин-ки, Туркияда бекорнинг маъноси бўйдоқ, корхонанинг маъноси эса ишратхона, исловотхона…
Ана кўринг ҳангомани! Шундай табаррук юртдан келган иззатли мусофирлар биз бўйдоқмиз, ишратхона керак деб турса, волийнинг аҳволини кўз олдингизга келтиринг.

Москванинг Воровская кўчасидаги ёзувчилар уюшмаси биноси бир вақтлар доим гавжум бўлар, пойтахтга йўли тушган ижодкорлар қўниб ўтадиган карвонсарой эди. Ҳиндистонга борадиган тошкентлик аввал Москвага бориб, ҳужжат расмийлаштириб, яна уч минг километр учиб қайтар, Тошкентга қўниб, кейин Ҳиндистонга учарди-да.

Осиё – Африка ёзувчилар бирдамлик ҳаракатининг котибияти жойлашган мўъжазгина кабинетда бўлиб ўтган бир суҳбат ҳеч ёдимдан чиқмайди.
– Мен кўп таъна эшитаман, – деганди Чингиз Айтматов ёнида ўтирган Мустай Каримга, – қирғиз тилида ёзмайсан, деб танқид қилишади. Не қилайки, ўз она тилимда ҳатто ҳақиқат маъносини билдирувчи сўз йўқ.

Улуғ ёзувчи шундай деб қўлидаги газетани машҳур шоирга узатди. Газетанинг номи “Фрунзе правдаси” эди.

– Ҳасрат қилма, азизим, – деди Мустай оға ўзига хос назокат ва маданият билан, – менинг бошқирд тилим олдида қирғиз тилини улуғ ва қудратли деса бўлади. Яқинда бир журналимизда мақола чиқди. Номи шундай: Советлар Россиясинда крестьянлар положениеси!

Суҳбатга Ибройим Юсупов қўшилди:

– Қорақалпоқнинг бош газетаси яқин-яқинларда ҳам “Қизил Қорақалпоғистон” бўлган.

 

Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг

“Тирик хазина ёхуд жаҳонгашта сўз” мақоласидан.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 9-сонидан олинди