Мақолалар

ҚУРБОНЛИК КИМЛАРГА ВОЖИБ?

Чоп этилди Avgust 7, 2019 ҚУРБОНЛИК КИМЛАРГА ВОЖИБ?da fikr bildirishni o'chirish

Қурбонлик қилиш қуйидаги кишиларга вожиб:

  1. Мусулмон.
  2. Ҳур.
  3. Муқим.
  4. Бой.

Бойликнинг мезони ҳожати аслиядан ташқари 20 мисқол (84 грамм) тиллага ёки 200 дирҳам (640 грамм) кумушга ёхуд шу миқдордаги маблағга, тижорат молига эга ҳар бир мусулмон, ҳанафий мазҳабига кўра, қурбонлик қилиши вожибдир. Бундай миқдордаги бойликка эга кишининг моли устидан бир йил ўтиши шарт эмас.

“Бой киши”дан мақсад фитр садақаси беришга қодир кишидир. Қурбонлик фақат эркакларга вожиб эмас. Қурбонлик ақлли, балоғатга етган, мусулмон, ҳур, муқим, қурбонлик қилишга қодир эркагу аёлга вожибдир.

Шофиъий, моликий ва ҳанбалий мазҳабларига кўра, қурбонлик қилиш суннати муаккададир. Ҳанбалий мазҳабига кўра, қайтариш имконига эга киши қарз олиб бўлса-да, қурбонлик қилиши лозим (“Ал-Фиқҳу алал мазаҳибил арбаъа”).

Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ қурбонлик сўйишнинг ҳукмини Қуръон ва суннатга таяниб вожиб деган.

Олим ёки илм аҳли бўлмаган кишилардаги китоблар аслий эҳтиёж ҳисобига ўтмайди. Уч бош сарподан зиёд кийим, зарурий эҳтиёждан ортиқ бўлган уй, ортиқча ер ва уй нисобга тегишлидир.

Бир кишининг дала ери бўлса ва у даласидан ўзининг ва оиласининг бир йиллик нафақасини таъминласа, унга қурбонлик вожиб бўлади. Агар даладан йиғиштириб олинган ҳосил бир йилга етмаса, у киши фақир ҳисобланади. (“Раддул муҳтор”, “Дуррул мухтор”, 6-жилд, 312-бет).

Камбағал ва мусофир қурбонликлар сўйилгандан сўнг, ҳайитнинг учинчи куни тугамасдан бой ва муқим бўлишса, аввалги қурбонлиги кифоя қилади. Саҳиҳ қавлга кўра, яна қайта қурбонлик қилиши шарт эмас (“Раддул муҳтор”, 6-жилд, 316-бет).

Ўзига қурбонлик вожиб бўлган киши балоғатга етмаган фарзандларига ҳам қурбонлик қилиши мустаҳабдир (“Жавҳара”, “Раддул муҳтор”, 6-жилд, 241-бет).

Қурбонликни фақат оила бошлиғи эмас, балки оиладаги моли нисобга етган барча кишиларнинг сўйиши вожибдир. Айрим кишилар: “Мен ҳар йили қурбонлик қиламан. Бу йил аёлим қурбонлик қилса бўладими?” деб сўрашади. Бу хато. Агар аёлга ҳам қурбонлик вожиб бўлса, ҳар йили эр ҳам, хотин ҳам қурбонлик қилаверади.

 

НИСОБ НИМА?

Нисоб уч хил бўлади.

  1. Ўсиш шарт қилинган нисоб. Бу закотга тааллуқлидир.
  2. Ўсиш шарт қилинмаган нисоб. Бу нисоб эгалари закот ололмайди. Шу билан бирга, закот бериши вожиб эмас (яъни, у ўсиш йил айланиши туфайли ёки тижорат сабабли бўлиши ҳам эътиборга олинмайди).

Бунга тўртта ҳукм тегишлидир:

Биринчиси, қурбонликнинг вожиб бўлиши.

Иккинчиси, садақа олиши ҳаром бўлиши (берилиши фарз ва вожиб бўлган, яъни закот ва фитр садақалари каби, нафл ва ихтиёрий садақотлар бўлса, олиш мумкин).

Учинчиси, фитр садақасининг вожиб бўлиши.

Тўртинчиси, яқин қариндошлар нафақасининг вожиб бўлиши (бунда қариндошларнинг камбағаллиги, муҳтожлиги ва меҳнатга лаёқатсизлиги ёки аёл экани эътиборга олинади. Ота-оналар ҳакида эса, юқоридаги шартлар эътиборга олинмайди. Улар меҳнатга лаёқатли бўлсалар ҳам нафақалари фарзандлари зиммасига вожиб).

  1. Тиланчилик қилиш ҳаром бўлган нисоб. Бунинг миқдори эса, бир кунлик озиқ-овқат билан белгиланади.

Нисобдаги ўсиш ва ўсмасликнинг фарқи

Ўсувчи нисоб. Бунда нақд пул бирликлари, тилла ва кумуш (тақинчоқлар бўлса ҳам), тижорат моллари, ҳатто қарзга берилган моллар (қайтарилиши умид қилинса), бир йилни айланиши (агар йил асносида нисобдан камайиб кетса ҳам). Бунда йилнинг боши ва охири эътиборга олинади.

Ўсмайдиган нисоб. Ҳожати аслиядан ташқари, ортиқча маблағ ва ашёлар. Бунда ўсувчи нисобда келтирилган шартларниг бирортаси бўлиши шарт эмас.

Ҳожати аслия: “Кишининг устидаги бир сидра либоси, уйдаги доим фойдаланадиган жиҳозлар ва яшаб турган маскани, улови ва қарзлари ҳамда унинг қарамоғида бўлганларнинг эҳтиёжи эътиборга олинади” (“Ҳидоя”, “Раддул муҳтор”).

 

Толибжон НИЗОМнинг “Қурбонлик рисоласи”дан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 6000 сўм