Мақолалар

Ҳурмат қилсанг, иззат топасан

Чоп этилди Avgust 8, 2019 Ҳурмат қилсанг, иззат топасанda fikr bildirishni o'chirish

Ҳурмат тўғрисида гап кетганида, аввало, ҳурматга энг лойиқ зот – ота-оналар ҳақида гапириб ўтиш лозим. Бизнинг дунёга келишимиз учун сабабчи бўлган зотлар ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Исро сурасида бундай деб марҳамат қилади: «Раббингиз, Унинг ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф…” дема ва жеркима! Уларга доимо ёқимли сўз айт! Уларга меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй Раббим! Мени улар гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”» (23–24-оятлар).

Кимки ота-онасини рози қилиб, уларнинг хайр­­ли дуоларини олса, ўша киши учун жаннатдан икки эшик очилади. Ота-онаси рози бўлмаган киши учун эса жаҳаннамдан икки эшик очилади. Ота-она фарзандга нисбатан зулм қилсалар ҳам уларга қарши турилмайди, қарши чиқилмайди. Чунки Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом)га бундай деди: “Эй Мусо! Гуноҳлар ичра шундай бир гуноҳ борки, оғирлиги дунёдаги тоғларнинг оғирлигича келади”. Эй Аллоҳ! Ўша қандай гуноҳ?” – деб сўради Мусо (алайҳиссалом). Аллоҳ таоло марҳамат қилди: “Ота-онаси ёки улардан бири чақирганда, фарзанднинг жавоб бермаслиги!” – деди.

Ота-онаси рози бўлган фарзанддан Аллоҳ таоло ҳам рози бўлади, ота-она кечирмаган фарзандни Аллоҳ таоло ғазабига олади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳадиси шарифларида бундай дедилар:

“Жаннат – оналар оёғи остидадир”. Бу ҳадиснинг мажозий маъносидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) маънони умматга рамзли, қисқа, бадиий ва гўзал бир тарзда етказмоқдаларки, ақли бор одам буни англайди.

“Оёқ”дан мурод – онанинг розилиги, “жаннат”дан мурод – Аллоҳ таолонинг розилигидир.

Қуръони каримнинг бошқа оятида эса: «Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир”. Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да,) дунёда яхши муомалада бўлгин ва ўзинг Менга тавба қилган кишиларнинг йўлига эргашгин! Сўнгра (яъни қиёмат кунида) қайтиш Менинг ҳузуримгадир, бас, сизларга (ўшанда) қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берурман» (Луқмон сураси, 14–15-оятлар).

Ҳадиси шарифларда ҳам ота-онани ҳурмат қилиш кўп марталаб, такрор-такрор айтилган. Жумладан: “Оталарингизга меҳрибон бўлингизлар, шунда сизлар ҳам фарзандларингиздан меҳр-мурувват кўрасизлар” (Имом Табароний ривояти).

Бу дунё – қайтар дунё, деймиз. Аслида, қайтар дунё дейилишига сабаб ҳам мана шу ҳадиснинг ўзгинасидир. Ҳаётда ҳам бунга кўп бор гувоҳ бўлганмиз. Баъзилар фарзандларини ноқобил бўлганидан шикоят қилади. Биз эса, буни ҳеч иккиланмасдан ота-онанинг фарзандга етарлича тарбия бера олмагани оқибатидадир, деб айта оламиз. Кўп ҳолда фарзанднинг ахлоқсиз бўлиб, ёмон йўлларга кириб кетиши оталарнинг бепарволиги сабабидан, уларга диндаги фарз ва суннатларни ўргатмасликлари туфайли юзага келади.

Оталар болаларини ёшлик чоғларида қаровсиз қолдиришган бўлса, улар катта бўлганларида ўзларига ҳам, оталарига ҳам манфаат етказмайдиган ноқобил бўлиб улғаяди.

Бошқа бир ҳадиси шарифда: «Бурни ерга ишқалансин (яъни хор бўлсин), бурни ерга ишқалансин, бурни ерга ишқалансин”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Кимнинг эй Расулуллоҳ?” деб сўрадилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳазратлари бунга жавобан: “Ота-онасидан бирини ёки иккаласини кексалик ҳолларида топиб, ўзига жаннатни вожиб қилиб олмаган кишининг”, деб бир неча бор такрорлаганлар (Имом Бухорий ривояти).

Яна бир ҳадисда: “Умри узоқ бўлиб, ризқи мўл бўлишини истаган одам ота-онасининг иззатини ўрнига қўйсин ва қариндошлари билан алоқасини яхши қилсин”, дейилади (Имом Аҳмад ривояти).

Абу Умома (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Бир киши келиб: “Эй Расулуллоҳ, ота-онанинг фарзанди зиммасида қандай ҳақи бор?” – деб сўради. Шунда Сарвари олам: “Улар сенинг жаннатинг ва дўзахингдир”, деб жавоб бердилар».

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда айтиладики: “Аллоҳнинг розилиги ота-онанинг розилигидадир ва Аллоҳнинг ғазаби ота-онанинг ғазабидадир(Имом Термизий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) айтди: «Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бундай деганларини эшитганман: “Яхшиликларнинг энг афзали бир киши отаси вафот этганидан сўнг унинг дўстлари билан алоқа қилишидир”» (Имом Муслим ривояти).

Яна ҳадиси шарифда айтиладики: Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) деди: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Эй Расулуллоҳ! Амаллар ичида Аллоҳга энг ёқимлиси қайсиси?” деб сўрадим. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Вақтида ўқилган намоз”, дедилар. Мен: “Ундан кейин-чи?” дедим. У зот: “Ота-онага яхшилик қилиш”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Юқорида келтирилганлардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, ота-оналар фарзандларининг ёшликдан яхши тарбия олишларига эътибор қаратмоқлари лозим. Фарзандлар ҳам ўз навбатида ота-оналарнинг уларни вояга етказиши йўлида чеккан машаққатларининг қадрига етишлари керак. Аллоҳ таоло ҳар бир ота-онага фарзандларининг роҳатларини кўришни насиб этсин.

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм