Мақолалар

Тилнинг жони бор

Чоп этилди Avgust 9, 2019 Тилнинг жони борda fikr bildirishni o'chirish

Ҳа, тилнинг жони бор экан. Бекорга жонли тил деб аталмас экан.
Агар тилни хазина десак, у кўмиб қўйилган ё сандиқда сақланадиган хазина эмас, балки ипак қурти каби тирик хазина экан.

Ҳозирги замонда кичкина дискеталарга сиғиб кетган юз минг сўзлик луғатлар менга гугурт қутисига жо бўлган сонсиз пилла уруғини эслатади.

Хитойдан қадимда бу уруғни ҳасса ичида яширин олиб чиққан сайёҳ ангишвонадек тешикчадан оламга битмас хазина тарқатган эди. Ўша сайёҳ ўзбек бўлганига менда шубҳа йўқ.

Ажабо, тариқдек уруғдан жонивор униб чиқиб пилла ўраши, капалакка айланиб учиши биз юқорида тилга олган ва тилга олмаган минг-минг сўзларнинг замон ва макондаги эврилишларини эслатмайдими?

Тил — хазина. Улкан адибимиз Пиримқул Қодиров ёзганидек, эл ганжинаси. Ҳеч биримиз, мен тилшунос ёки ёзувчи эмасман, деб ўзни четга олмаслигимиз керак. Бу ганж соҳиблари ҳам, посбонлари ҳам барчамиз.

Бу йил “Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилинганига роппа-роса йигирма йил тўлади. Ҳам байрам, ҳам сарҳисоб санаси бу!

Мустақиллик йилларида маънавиятимизнинг узвий қисми бўлган она тилимиз ривожи учун талай амалий ишлар қилинди. Беш томли “Изоҳли луғат” улкан жамоа меҳнатининг маҳсули бўлди. Саноқсиз илмий ишлар чоп этилди, издиҳомлар ўтказилди.

Лекин қилинадиган ишлар беҳисоб. Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” номли асарида тил маданияти тўғрисида айтилган фикрлар, адолатли танқидий мулоҳазалар бизни ўйлатмоғи, сафарбар қилмоғи керак:

“Биз аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бебаҳо бойликнинг ворислари сифатида она тилимизни асраб-авайлашимиз, уни бойитиш, нуфузини янада ошириш устида доимий ишлашимиз зарур…

Айни вақтда жамиятимизда тил маданиятини ошириш борасида ҳали кўп иш қилишимиз лозимлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Айниқса, баъзан расмий мулоқотларда ҳам адабий тил қоидаларига риоя қилмаслик, фақат маълум бир ҳудуд доирасида ишлатиладиган шева элементларини қўшиб гапириш ҳолатлари учраб туриши бу масалаларнинг ҳали ҳануз долзарб бўлиб қолаётганини кўрсатади. Бу ҳақда сўз юритганда, бобомиз Алишер Навоийнинг “Тилга эътиборсиз — элга эътиборсиз” деган сўзларида нақадар чуқур ҳаётий ҳақиқат мужассам эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз”.

Бу сўзлар ёлғиз тилшунос олимлар ёки қалам аҳлига эмас, балки барча зиёлиларга, миллатнинг барча вакилларига қарата айтилган мурожаатдир.

Дарҳақиқат, тилни англаш, Сўзни идрок этиш ўзликни англашнинг узвий қисми ҳисобланади.
Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ дегандай, биз баъзан ўз она тилимиз бойликлари, назокати, ҳусну тароватини теран билиб ҳис этолмаймиз. Оғзимиздан чиққан сўзнинг тагзаминига етмаймиз. Гап кўп, кўмир оз, деб қўямиз-у, нега шундай дейишимизни чуқур ўйлаб ўтирмаймиз.

Шундай китоб ёзилишини орзу қиламан. Унинг номи Сўзнинг қисмати бўлса. Она тилимиздаги сўзларнинг узоқ босиб ўтган йўллари, бошдан кечирганлари, зафар ва мағлубиятлари, гоҳ шуҳрат топиб, гоҳ унут бўлишлари, камолу заволлари тасвир этилса… Дунёда бундан қизиқ асар бўлмасди.

У китобнинг илмий номи ҳам бор: Этимологик луғат. Ғоят мушкул ва мураккаб, юз Суқротнинг билими, минг Алпомишнинг кучини талаб қиладиган меҳнат.
Ишонаманки, ўзбекнинг шундай тафаккур паҳлавонлари бор. Саксонда ҳам тиниб тинчимаган, бундай луғат тузиш ишига астойдил бел боғлаб дастлабки залворли қадамни қўйган, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби устоз Шавкат Раҳматуллаев, “Сўз ҳақида сўз” китоби аллақачон библиографик ноёбликка айланган Алибек Рустамовдек суқротлар-у алпомишларимиз, уларнинг ғайратли ва истеъдодли шогирдлари бор.

Она тилимиз меҳри ва ғурури кўнгилларга илҳом, тоғларни талқон қилгудек куч-қувват бағишласа ажаб эмас.

Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг

“Тирик хазина ёхуд жаҳонгашта сўз” мақоласидан.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 9-сонидан олинди