Мақолалар

Биринчи ўзбек профессори

Чоп этилди Avgust 9, 2019 Биринчи ўзбек профессориda fikr bildirishni o'chirish

Абдурауф Абдураҳим ўғли Фитрат юртпарвар, маърифатпарвар мутафаккирлардан эди. У ёзувчи, тарихчи, адабиётшунос, тилшунос, санъатшунос ва сиёсатшунос олим, давлат ва жамоат арбоби сифатида фаолият юритди.

Фитрат домла ўзбек тилининг ҳақиқий жонкуяри ҳам эди. Унинг саъй-ҳаракати билан 1921 йили Бухоро жумҳуриятида турк (ўзбек) тили давлат тили деб эълон қилинди. Фитрат 1923-1926 йилларда Москвага бориб, Шарқшунослик илмий  текшириш институтида ишлади ва 1926 йили унга профессор унвони берилди. Шундай қилиб, у биринчи ўзбек профессорига айланди.

Академик Наим Каримов Фитрат ижодини шартли равишда 3 даврга бўлади. Олим ижодининг биринчи даври – 1909-1916 йилларда жадид маърифатпарвари сифатида ижодқилган бўлса, 1917 йилги тўнтаришдан кейин Москвага сургун қилингунига қадар ҳуррият ва мустақиллик ғоялари билан тўйинган асарлар ёзди (1917–1923). Ижодининг учинчи даври (1923–1937)да эса асосан илмий ва педагогик фаолият билан шуғулланди.

Олимнинг асарлари ва мақолаларига назар ташлаб, Фитрат домла Ислом дини борасида ҳам кенг билим ва тасаввурга эга бўлганини англаш мумкин. Абдурауф Фитрат динимиз ҳақида бундай ёзади: “Ислом бизнинг динимиздир, Ислом бизнинг шарафимиз, Ислом бизнинг саодатимиздир… Исломни бизга Пайғамбаримиз омонат топширганлар”. “Ислом динининг ғояси – мусулмонлар ҳеч бир қавмга нафрат қилмайдилар, безор бўлмайдилар, ҳеч ким билан хусуматлашмайдилар, балки ҳиммат камарини боғлаб, ақлий далиллар ва илму ҳикмат ҳамроҳлигида ҳақ йўлда бардавом бўладилар”. 2

Асарларида жамият тараққиёти масалалари ҳақида мушоҳада юритар экан, аллома фикрини Қуръони карим оятлари ва ҳадислар билан асослайди. Фитрат Қуръони каримни “ягона раҳнамой имиз”, “муаззам ва мукаррам дастуриламал” деб билади. “Мунозара” асарида халқни илмга тарғиб қилиб, жаҳолатдан қутулишга чақирар экан, Европадаги тараққиётнинг сабабини бир “фаранги” тилидан шундай ифода этади: “Қуръон ва ҳадисларингизни куйдириш ўрнига улардан ўз манфаатимиз нуқтаи назаридан фойдаланмоққа, чанқоғимизни қондирмоққа ўргандик. Унинг амрларини амалга оширдик ва фавқулодда тараққиётга эришдик…” Мустамлака тузум асоратлари, оммада илм-маърифатга рағбатнинг сустлиги ёзувчининг дард ва кечинмаларида ўз аксини топади. Хусусан, диний илмларни мукаммал ўзлаштириш ҳақида сўзлар экан, “тафсир ва ҳадиснинг таълими учун ҳаракат қилиб, Қуръони каримнинг олий сирлари ва ҳукми мутаволий сини диққат билан кузатинг. Шояд… молингизнинг хусрон (зарар, зиён – О. Т.) ҳолиға Худонинг раҳми келиб, ҳосили натижасиз ва фалокатли бўлган бу мазаллат ва асоратдан (хорлик ва асирликдан иборат мустамлака тузумидан – О. Т.) нажот берса…” 5

Фитрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бундай таъриф беради: “Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом энг олий хулқ ва раҳмли сифатларга эга бўлғонлар, раҳм ва шафқат, карам ва саховат, мадад, ақл ва илм бобларида оламда машҳур бўлғонлар. Беҳуда ғазабга келмас эдилар, дин ишларидан бошқа масалаларда жузъий камчиликларни кечирар эдилар. Инсоф доирасидан бир қадам ҳам ташқарига чиқмас эдилар, ҳар каснинг билими ва имкониятига қараб иш буюрардилар. Ҳеч касдан ҳеч нарсада тамагир бўлмоғонлар ва садақа ҳам олмағонлар. Ўз хотунлари ва хизматкорлариға доимо тавозеъ ва очиқ чеҳра билан муомала қилғонлар”. 6

Фитрат домла мустаҳкам, бахтиёр ва соғлом турмуш тарзига эга оилалардан иборат бў лган жамият юксак тараққиётга эришишини таъкидлайди. Олим “Оила ёки оила бошқариш тартиблари” номли асарида: “Оила саодати ва бахти учун қабул қилинган энг мақбул қонун исломий қонунлар бўлади”, дейди. Тўйлар ортиқча сарф -харажатлар, беҳуда пул совуришлар, дабдабабозликлардан иборат бўлса, “бундай тўйлар ислом шариатида йўқ, чунки бу исрофгарчиликдир, исроф эса шариатда ҳаромдир”.

“Нажот йўли” – алломанинг йирик асарларидан. Фитратнинг фикрича, динни билган, уни идрок қила олган одам комиллик сари йўл топади. Қуръони карим маъноларини чуқур тушуниш учун араб тилини пухта билиш, балоғат илми, илми баён, илми бадеъ (бадиий санъат)дан яхши хабардор бўлиш керак. Алломанинг ҳадис илми ҳақидаги фикрлари ҳам эътиборга молик: “Ҳадис илмини ўрганмоқ бизга зарур ва лозимдир. “Ҳадис”нинг луғавий маъноси сўз демакдир, дин уламолари Пайғамбаримиз сўзлари, амаллари тақририни ҳадис деб айтганлар. Ҳадис илми саҳоба ва тобеинлар замонларида бир мукаммал илм шаклига кирмаган эди. Бу илм олимлари билган ҳадисларини санадлари билан шогирдларига айтиб берганлар. Шогирдлари ўз навбатида ёдлаб, хотираларида сақлаганлар”. 7 Фитрат мусталаҳул ҳадис илмининг юзага келиши ҳақида сўзлар экан, саҳиҳ ҳадислар тўқима ҳадислар билан аралашиб кетмаслиги учун уламолар ҳадис илми усулини ишлаб чиққанини ёзади.

1. Фитрат А. Танланган асарлар, 1-жилд. – Тошкент, “Маънавият” нашриёти, 2000, 97-бет.
2. Фитрат А. Танланган асарлар, 5-жилд. – Тошкент, “Маънавият” нашриёти, 2006, 207-бет.
3. Фитрат А. Нажот йўли. – Тошкент, “Шарқ” нашриёти, 2001, 13-бет.
4. Фитрат А. Танланган асарлар, 1-жилд. – Тошкент, “Маънавият” нашриёти, 2000, 49-бет.
5. Ўша асар, 49-бет
6. Фитрат А. Мухтасар ислом тарихи. – Тошкент, 1992, 16-бет.
7. Фитрат А. Танланган асарлар, 5-жилд. – Тошкент, “Маънавият” нашриёти, 2010, 90-бет.

Обид ТАНГИРОВ

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 6-сонидан