Мақолалар

ҚУРБОНЛИК ВАҚТИ

Чоп этилди Avgust 7, 2019 ҚУРБОНЛИК ВАҚТИda fikr bildirishni o'chirish

Иброҳим алайҳиссалом туш кўрган кечанинг эртаси Зулҳижжа ойининг ёлғон арафа (тарвия) куни эди. Кўрган туши Раҳмонданми ёки шайтонданми – била олмагани учун шу ном берилган. Иккинчи кеча туши аниқ бўлгани учун эртаси кун “арафа” деб аталган. Учинчи кеча яна ўша тушни кўриб, тонгда қурбонликка азму қарор қилгани учун у кун Қурбонлик (Наҳр) кунидир.

Қурбонликнинг вақти ҳайит намозидан сўнгдир. Бунга Барро (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадис далил:

 عَنْ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ قَالَ، قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « اِنَّ اَوَّلَ مَا نَبْدَاُ بِهِ فىِ يَوْمِنَا هَذا اَنْ نُصَلِّىَ ثُمَّ نَرْجِعَ فَنَنْحَرَ، فَمَنْ فَعَلَ فَقَدْ اَصَابَ سُنَّتَنَا وَمَنْ ذَبَحَ قَبْلَ الصَّلاَةِ فَاِنَّمَا هُوَ لَحْمٌ قَدَّمَهُ لِاَهْلِهِ لَيْسَ مِنَ النُّسُكِ فىِ شَيْءٍ »

“Дарҳақиқат, бугунги кунни дастлаб Қурбон ҳайити намозини ўқишдан бошлаймиз. Сўнгра (уйларимизга) қайтиб қурбонлик қиламиз. Кимки, шуларни бажарса, у суннатимизга мувофиқ иш қилибди. Кимки, ҳайит намозидан олдин сўйса, у қурбонлик эмас, балки ўз аҳли учун тақдим қилган гўштдир” (Имом Бухорий ривояти), дейилади.

Барро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга сўйиш куни, намоздан кейин хутба қилиб: “Ким намозимизни ўқиса, қибламизга юзланса ва қурбонлик сўйса, намоз ўқилмасидан олдин сўймасин!” дедилар» (Имом Бухорий ривояти), дейилган.

Қурбон ҳайити ўқилгандан сўнг жонлиқлар сўйилади ва учинчи кун аср намозигача қурбонликлар адо қилинади. Ҳайитдан илгари сўйиб қўйса, ёки уч кунни ўтказиб сўйса, қурбонлик ўрнига ўтмайди.

Қурбонликнинг охирги вақти

Имом Молик Нофеъдан қилган ривоятда «Ибн Умар қурбонлик ҳайит кунидан кейин икки кундир дер эди», дейилган.

Фақирлик, бойлик ва туғилиш, ўлимда охирги вақт эътиборга олинади. Қурбон ҳайитининг аввалги кунлари бой бўлиб, охирида фақирга айланган одамга қурбонлик қилиш вожиб бўлмайди. Қурбон ҳайитининг дастлабки кунлари камбағал бўлиб, охирида бойга айланган одамга қурбонлик қилиш вожибдир.

Қурбон ҳайтининг охирида вафот этган одамга қурбонлик қилиш вожиб эмас. Қурбонликни назр қилувчи ва уни сотиб олган камбағал, тириклигича садақа қилиш ила қазо қиладилар. Аллоҳ таолонинг йўлида қурбонлик қиламан, деб назр атаган ва ўзига вожиб бўлмаса ҳам, қурбонлик қиламан деб ҳайвон сотиб олган одамлар вақтида уни қила олишмаса, ҳайвонни тириклигича садақа қиладилар. Чунки улар ўзларига ўзлари бу ишни вожиб қилиб олганлар.

ЗУЛҲИЖЖА ОЙИНИНГ ДАСТЛАБКИ ЎН КУНЛИГИ ФАЗИЛАТИ

Зулҳижжа ойи уруш ҳаром қилинган тўртта ойнинг бири саналади. Аллоҳ таоло еру осмонни яратган вақтдан бошлаб бу ойни ҳурматли қилди. Бу ойда урушиш, гуноҳу маъсият амалларни қилиш тақиқланади.

Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунининг фазилати ҳақида Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида баён этилган. Жумладан, Қуръони каримда бундай марҳамат қилинган: яъни: “Маълум кунларда Аллоҳ номини зикр қилиш учун” (Ҳаж сураси, 28оят).

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) оятдаги “маълум кунлар”ни “Зулҳижжанинг аввалги ўн куни”, деб тафсир қилган. Бу кунларда қурбонликни ният қилган мўмин-мусулмонлар жонлиқларни ҳозирлайдилар, ўнинчи куни Қурбон ҳайити намозидан кейин қурбонлик қиладилар.

«Қасамёд этаман “ўн кеча” билан» (Фажр сураси, 2-оят)ини ҳам Ибн Аббос, Ибн Зубайр ва Мужоҳид (розияллоҳу анҳум) “Зулҳижжанинг аввалги ўн куни”, деб тафсир қилишган.

Ҳадиси шарифда:

عن عبد الله بن عمر أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: « ما مِن أيَّامٍ أعظَمُ عندَ اللَّهِ وَ لاَ أَحَبُّ إليهِ فيهنَّ العَمَلُ من هَذِهِ الأَيَّامِ: عشرِ ذي الحِجَّةِ فأَكثِروا فيهنَّ منَ التَّهليلِ و التَّسبيحِ والتَّكبيرِ والتَّحميدِ »

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳеч бир кун ва унда қилинган бирорта амал Аллоҳнинг наздида Зулҳижжа ойининг ўн кунида қилингандан буюкроқ ва Унга маҳбуброқ эмас. Бас, бу кунларда таҳлил, тасбеҳ, такбир ва таҳмидни кўп айтинг” (Имом Байҳақий ривояти).

 

ҚУРБОНЛИКНИНГ РУКНИ

Қурбонликнинг битта рукни бор. У ҳам бўлса, қурбонлик қилиниши жоиз бўлган ҳайвонлардан бирини Қурбон ҳайити кунлари сўйишдир.

Ҳайвонни сўймасдан тирик холда бирор камбағалга бериш қурбонлик ҳисобига ўтмайди. Бу иш фақат садақа бўлиб қолади. Бироқ қурбонлик вожиб бўлган киши сотиб олган қурбонлигини қандайдир сабаб билан сўймаса ёки бирор жонлиқ ололмай қолган бўлса, уни Қурбон хайити кунлари ўтгандан кейин ўша ҳайвон қийматини фақирларга садақа сифатида беради. Бундай вазиятда сотиб олиб, лекин сўя олмаган қурбонлигини фақирга тирик ҳолда ҳам бериш мумкин.

ҚУРБОНЛИККА НИЯТ ҚИЛИШ

Қурбонлик сўйишда бундай ният қилинади: “Ё Раббим, шу ҳайвонни Сенинг розилигинг учун сўйишга ният қилдим. Даргоҳингда қабул айла!”.

Шундан сўнг уч марта “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар! Лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, валиллаҳил ҳамд”, дея такбир айтади ва: “Бисмиллаҳи Аллоҳу акбар!”, деб қурбонликни сўяди.

Ҳайвонни сўйиб бўлганча гаплашиш макруҳдир.

 

ҚАНДАЙ ҲАЙВОНЛАРДАН ҚУРБОНЛИК ҚИЛИНАДИ?

Қурбонлик уч хил ҳайвондан қилинади.

  1. Ушоқмол (қўй, эчки).
  2. Қорамол (сигир, ҳўкиз, қўтос).
  3. Туя.

Эчкининг бир ёшлиси, қўйнинг бир ёшга тўлгани ёки 6 ойлик бўлса-да, бир ёшлидай жуссали бўлиб, семириб, катта бўлгани қурбонлик қилинади.

Туя камида 5 яшар бўлиши, қорамолнинг эса камида 2 ёшга тўлгани сўйилиши керак. Агар қурбонлик қилинадиган ҳайвонларда шу шартлар бўлмаса ёки жониворнинг бирор аъзосида нуқсон бўлса ёхуд чўлоқ бўлиб, қурбонлик қилишга ярамаса, бундай жониворларни қурбонлик қилмаган маъқул.

Юқоридаги ҳайвонларнинг эркагини ҳам, урғочисини ҳам қурбонлик қилиш жоиз.

Ваҳший ҳайвонлар, товуқ ва курка каби паррандаларни қурбонлик қилиш жоиз эмас. Товуқ, хўроз ва курка каби паррандаларни қурбонлик ниятида сўйиш мажусийларнинг одати бўлгани учун таҳримий макруҳдир.

Қурбонлик қўй ва эчкидан бир ёшни тўлдирган (икки ёшга қадам қўйган), қорамолдан икки ёшни тўлдирган (уч ёшга қадам қўйган), туядан эса беш ёшга тўлгани бўлиши керак. Фақат қўй олти ойлик бўлиб, етти ойга қадам қўйган, семиз ва бир ёшли қўйлардек жуссали бўлса, қурбонликка ярайди (эчкида мумкин эмас).

Қўй ва эчки қанчалик катта бўлмасин, фақат бир киши учун қурбонлик қилинади. Қорамол ва туя етти ва ундан кам кишилар учун сўйилади. Қиймати тенг бўлса, бир қўй сўйиш бир қорамол ва бир туянинг еттидан биридан афзалдир. Агар йирик ҳайвон (туя ёки қорамол) нинг еттидан бири қийматлироқ бўлса, у афзалдир.

Қурбонликка аталган ҳайвон сўйилишидан аввал болаласа, унинг боласи ҳам биргаликда сўйилади (“Сунани Абу Довуд” 10/455).

Айримлар боласи сўйилмайди, садақа қилинади, дейишган. Боласини тириклайин садақа қилиш мустаҳабдир.

Қурбонликка аталган ҳайвон шохли ёки шохсиз бўлиши, шохининг синганлигида ҳеч қандай монелик йўқ, қурбонлик қилинаверади. Чунки шох ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Айрим фақиҳлар шохнинг бири ёки иккаласи ҳам тубидан синган бўлса, жоиз эмас дейишган. Ёшлигида шохлари атайлаб синдирилган ҳайвонни қурбонлик қилиш жоиз. Сунъий урчитилган ҳайвонни ҳам қурбонлик қилса бўлади.

Қурбонликка аталган ҳайвоннинг ғилай, қўтир бўлиши, қорни тўйгандан сўнг ўйноқлаши, қийшайиб қолиши, йўтал, қисир, қулоқлари тешилган, эн солинган, жунлари қирқилган бўлишининг зарари йўқ. Лекин бундай нуқсонли ҳайвонларни қурбонликка сўйиш макруҳи танзиҳийдир.

 

 

 

 

Толибжон НИЗОМнинг “Қурбонлик рисоласи”дан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 6000 сўм