Мақолалар

Сутдаги ажойиб барака

Чоп этилди Avgust 10, 2019 Сутдаги ажойиб баракаda fikr bildirishni o'chirish

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Аллоҳга қасам, мен очликдан ерга йиқилиб қолар даражада силлам қуриб, очликни билдирмай турармикан деб қорнимга тош боғлаб олгандим. Бирортаси ҳолимни кўриб, менга ёрдам қилармикан, деган умид билан кўчадан ўтадиганларни пойлаб турдим.

Абу Бакр ўтиб қолди ва шояд ҳолимдан воқиф бўлса, деб ундан Аллоҳ азза ва жалланинг Китобидаги бир оят ҳақида сўрадим. Ўйлаганимдай бўлмади. Сўнг Умар ўтиб қолди. У ҳолимдан хабардор бўлиб, менга ёрдам қилармикан, деган умид билан ундан ҳам Аллоҳ азза ва жалланинг китобидаги бир оят ҳақида сўрадим. Ундай бўлмади. Кейин Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўтдилар. Юзимга қараб ичимдаги нарсани билдилар ва: “Абу Ҳурайра”, дедилар. Мен: “Лаббай! Ё Расулуллоҳ!” дедим. “Мен билан юр”, дедилар ва биз кетдик.

Манзилга етгач, киришга изн сўрадим, рухсат бердилар. Ичкарига кириб, у ерда бир қадаҳ[1] сутни топдим. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сутнинг қаердан келганини сўрадилар. Уни фалон киши ёки фалончининг оиласи ҳадя қилганини айтишди.

– Эй Або Ҳирр, – дедилар.

– Лаббай! Ё Расулуллоҳ! – дедим.

– Аҳли суффанинг[2] олдига бориб уларни менинг ҳузуримга бошлаб кел, – дедилар.

Аҳли суффа Исломнинг меҳмонлари саналиб, уларнинг оилалари ҳам, мол-мулклари ҳам йўқ эди. Қачон Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бирор ҳадя келса, уларга улашар ва садақаларни ҳам улар ичидан етмай қолганларига тарқатиб берардилар.

Бу нарса мени хафа қилди, чунки сутни ичиб, куннинг қолган қисмида салгина тетик бўлиб юраманми, деб умид қилгандим. Аммо нима ҳам қилардим? Мен элчиман, Аллоҳга ва расулига итоат қилишдан ўзга чорам йўқ.

Улар келгач, қадаҳни узатдим. Қадаҳни олган киши ундан тўйганича ичиб, ёнидагига узатарди. Уларнинг барчалари ичиб, тўйганларидан сўнг, мен идишни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га узатдим. Идишда ҳамон сут бор эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қадаҳни қўлларига олиб, менга қараб табассум қилдилар ва “Або Ҳирр”, дедилар.

– Лаббай! Ё Расулуллоҳ! – дедим.

– Сен ва мен қолдик, – дедилар.

– Тўғри айтасиз, Ё Расулуллоҳ! – дедим.

– Ўтир, ичиб ол, – дедилар.

Мен ўтириб сутни ичдим. Сўнг яна қайта-қайта ичишимни таъкидладилар. Мен яна ичдим ва охири: “Сизни ҳақ ила юборган Зотга қасам, бошқа кетмайди, ичолмайман”, дедим.

– Ундай бўлса, қадаҳни бер, – дедилар ва қолган сутни ичдилар»[3].

 

[1] Ҳозирда истеъмолдаги стакан, бокал ёки сиғими (2,0625 л) га тенг идиш.

 

[2] Ҳеч вақоси бўлмаган, камбағал, муҳтож мусулмонлар.

 

[3] Саҳиҳ ҳадис. Имом Бухорий ривояти.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 23000 сўм