Мақолалар

Ҳаж –  муборак ибодат

Чоп этилди Avgust 11, 2019 Ҳаж –  муборак ибодатda fikr bildirishni o'chirish

Ҳаж амали – Ислом динимизнинг беш асосий фарзларидан биридир. Ҳаж – молиявий ва жисмоний ибодат бўлиб, қодир бўлган мўмин-мусулмон киши умрида бир марта адо этиши фарздир. Луғатда “ҳаж” – “ҳурматли нарсанинг зиёратини мақсад қилиш”дир. Шариатимизда “ҳаж” – “белгиланган жойларда, муайян вақтларда махсус амалларни бажариш”дир (“Нурул изоҳ”).

Ҳаж ҳижрий сананинг тўққизинчи йилида фарз бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўнинчи ҳижрий йилда ҳаж қилдилар.

Ҳажнинг фарзлиги Қуръони карим, суннати шариф ва ижмоъ билан собит бўлган. Ҳаж қилмоқчи бўлган шахс балоғатга етган, ақли расо, соғлом, сафар харажатларига қодир, ҳажга бориб келгунига қадар ўз қарамоғидагиларни нафақа билан таъминлаган бўлиши керак. Йўллар очиқ ва бехатар бўлиши ҳам шарт қилинади.  Аёл кишига эса – юқоридаги шартлар билан бирга эри ёки бирор маҳрами ҳамроҳ бўлиши лозим. Кимда мана шу шартлар топилса, унга ҳаж фарз бўлади. Қуръони каримда ҳажнинг фарзлиги ҳақида  шундай дейилган: «Унда аниқ аломатлар – «Мақоми Иброҳим» бордир. Унга (Каъбага) кирган киши омонда бўлур. Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир. Кимда-ким (буни) инкор этса, бас, албатта, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир» (Оли Имрон сураси, 97-оят).

Ҳажнинг фарзлигини билдирадиган бир қанча ҳадислар ривоят қилинган. Жумладан, “Ислом беш нарса устига бино қилинган…(Муттафақун алайҳ) ҳадисида ҳажнинг фарзлиги очиқ баён қилинган. Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай буюрадилар: “Ҳаж қилинглар! Чунки ҳаж худди сув кирни ювгани каби гуноҳларни ювади” (Имом Табароний ривояти).

Ҳажга алоқадор бошқа оятлар ҳам бор: “Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун мукаммал адо этинг! Агар (касаллик ёки қароқчилар туфайли) қуршовда қолсангиз, қурбингиз етган бирор (бўталоқ, сигир, қўй каби) жонлиқ сўйинг” (Бақара сураси, 196-оят).

Қуйидаги ояти каримада ҳажда киши ўзини қандай тутиши, қандай тайёргарлик кўриши кераклиги зикр қилинган: “Ҳаж (мавсуми учун) маълум ойлар (белгиланган). Бас, ким шу ойларда ҳажни ўзига фарз қилса (ҳажни ният қилса), ҳаж давомида хотинига яқинлашиш, гуноҳ-маъсият ва жанжал (каби ишларга рухсат) йўқ. Ҳар қандай яхши (савобли) иш қилсангиз, албатта, уни Аллоҳ билур. (Ҳаж сафарига) озуқа олиб чиқинг. Энг яхши озуқа тақводир. Тақвони Менга қилингиз (Мендан қўрқингиз), эй оқиллар!” (Бақара сураси, 197-оят). Оятнинг мазмунига кўра, ҳажга борувчи кимса тақво билан зийнатланиб, бажараётган амалларини чиройли адо этишга интилиши керак. Ҳажнинг саноқли кунларини охирати учун захира бўладиган амаллар билан ўтказишга ошиқиши зарур.

Ҳаж – қадимий буюк бир ибодатдир. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга одамларни ҳажга чорлашни буюрди. Бу чақириққа “лаббай” деганлар улуғ ибодатни амалга оширадилар ва кўпдан-кўп манфаатлар кўрадилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Одамлар орасида (юриб уларни) ҳажга чорлагин! (Шунда) улар сенга (Каъбага) пиёда ва ҳар қандай туяда узоқ йўллардан келурлар. Улар ўз (диний ва дунёвий) манфаатларига шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларига (қурбонлик учун сўйишда) Аллоҳ номини зикр қилиш учун келурлар. Бас, ундан ўзларингиз ҳам еяверингиз, бечора камбағалларга ҳам едирингиз!” (Ҳаж сураси, 26 – 27-оятлар).

Ҳажнинг ўзига хос машаққати ва сарф-харажатлари бор, уларнинг мукофоти ҳам шунга яраша улуғдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дейдилар: “Мабрур ҳажнинг мукофоти – фақат  жаннатдир (Муттафақун алайҳ).

Мабрур ҳаж холис ният билан, ҳалол топилган мол эвазига қилинади. “Ҳажжи мабрур”га эришмоқчи бўлган киши ҳажга кетишдан аввал Аллоҳ таоло олдидаги ва бандалардан олган қарзларини адо қилиши, ҳаж давомида эса унинг шарт-шароитлари ва одобларига қатъий риоя қилиши керак.

Шунингдек, ҳаж даврида беҳаё сўзларни айтмай, фисқу фасод ишларни қилмай юриш ҳам “ҳажжи мабрур”нинг шартларидан ҳисобланади. “Ҳажжи мабрур” қилган кишилар худди онадан туғилгандек бегуноҳ ҳолда уйларига қайтадилар. Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: “Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, онасидан туғилгандек гуноҳлардан пок ҳолда қайтади” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).

Ҳаж сафарига отланган кишилар зиммаларидаги ҳажнинг фарз, вожиб ва суннат амалларини иложи борича жамоат билан, ўз вақтида адо этишга ғайрат қилишлари – муборак динимиз кўрсатмаси ва шариатимиз талабидир. Кўпроқ Қуръон тиловати, нафл ибодатлар, зикр ва истиғфор айтиш, ёрдамга муҳтож кишиларга кўмак бериш каби савобли ишларни қилишлари зарур.

Яна сафар давомида иложи борича билимдон ва солиҳ кишиларга йўлдош бўлиш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия қилган дуоларни ёдлаб, ўқиб юришга интилиш ҳам мақбул амаллардандир. Ҳаж давомида ғийбат, бекорчи гаплар, ишбоши ва ҳамроҳларга тил билан озор беришдан сақланиш шарт. Зеро, Ҳарами шарифга кирган, эҳром ўраган ҳар бир ҳожи уруш-жанжал, беҳаё сўзлар, ўзгаларни ҳақорат қилишдан ҳазар қилиши керак. Ҳатто, майда жониворларни ўлдириш, Ҳарамдаги ўт-ўланларни юлиш мумкин эмас. Бу ишлар ҳажда “жиноят” деб ҳисобланади. Модомики, кичик ҳашарот, ўт-ўланга зарар етказиш “жиноят” экан, ташкилотчилар ва ҳамроҳларнинг қалбини аччиқ сўзлар билан жароҳатлаш, дилини оғритиш ва хафа қилиш икки карра “жиноят” эмасми?! Бу ҳақда муборак сафарга чиқишдан олдин яхшигина ўйлаб кўришимиз керак.

Ҳожи бўлиш – шараф, шу билан бирга катта масъулият ҳамдир. Уламоларимизнинг айтишича, ҳажнинг қабул бўлган ёки  бўлмаганлиги ҳожининг уйига қайтганидан кейинги амалларидан билинади. Демак, ҳожиларимиз юртимизга қайтганларида билим-маърифат, чиройли хулқ, одоб-ахлоқ ва гўзал феъл-атворда ҳаммага намуна бўлишлари керак.

Манбалар асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими мутахассиси

Ҳикматуллоҳ ТОШТЕМИРОВ тайёрлади.

“Ислом нари” газетасининг 2019 йил, 14-сонида