Мақолалар

Достон – мурғак қалбларга бўстон

Чоп этилди Avgust 11, 2019 Достон – мурғак қалбларга бўстонda fikr bildirishni o'chirish

Ҳар гал турфа тақдирлар тасвирланган, қаҳрамонлик, мардлик, шижоат улуғланган достонларни ўқиганимда, фикрим тиниқлашади, янги қирраларини кашф этавераман.

Авваллари уларда икки ёрнинг ғанимларга қарши биргаликда кураши, машаққатлари, қаҳрамонлик ва муҳаббат тантанаси куйланади, деб ўйлардим. Лекин вақт ўтгани сари улар замирида тамоман бошқа – кишиларни эзгуликка чақирадиган, фазилатларни тарбиялайдиган жиҳатлар кўплигини англадим.
“Далли” достонидан мисол келтирсам:

Аввало, ҳурмат қил ўсган элингди,
Ҳам супуриб тоза қиб юр йўлингди,
Ёмон сўздан доим сақла тилингди,
Тилинг дўст-душманлигини бил, болам.

Охирги икки мисрадан англаш мумкинки, достонлардаги насиҳатлар динимиз асосларини қувватлаши билан ҳам қадрли. Зеро, тил билан боғлиқ гуноҳлардан Пайғамбар алайҳиссалом жуда кўп огоҳлантирганлар. Айнан юқоридаги мисраларни ифодалайдиган машҳур ҳадис бор:

“Аллоҳга ва охират кунига ишонган одам ё яхши гап гапирсин ёки жим турсин” (“Муттафақун алайҳ”).

Олдингдан ким келса, салом бериб ўт,
Йиқилганга доим ёрдам бериб ўт,
Ширин-ширин тилдан калом бериб ўт,
Каломнинг қимматин, қадрин бил, болам
.

Биринчи мисрада салом бериш ҳақида айтилмоқда. Бу динимиз амри, Пайғамбар алайҳиссалом тавсияларидир: “Ораларингизда меҳр-муҳаббат пайдо этадиган ишга далолат қилайми? Ораларингизда саломни кенг ёйинглар” (Имом Муслим ривояти).

Динимиз исрофдан қайтаради. Вақтни беҳуда совуриш уни исроф қилишдир. “Алпомиш”, “Гўрўғли” каби достонларда кўпни кўрган, тадбирли кишилар “Дам бу дамдир, ўзга дамни дам дема…” ўгитини кўп такрорлашади. Мазкур жумла вақтни исроф қилмасликка, умрни фойдасиз ишларга сарфламасликка чақиради.

Муоз ибн Жабалдан ривоят қилинган ҳадис айни масалада огоҳлантиради: “Ҳар бир банда қиёмат куни қадами жилмасдан тўрт нарса – жасадини нимага уринтиргани, умрини нима билан ўтказгани, илмига қандай амал қилгани ва мол-дунёсини қаердан топиб, қаерга сарфлагани ҳақида сўралади” (Имом Термизий ривояти).

Бундай мисоллар жуда кўп. Уларни достонга меҳр қўйган кишилар яхши билади. Достонлар инсонда гўзал хулқлар шаклланишига, она юртга, одамларга, бутун борлиққа муҳаббат, шафқат билан қарашга, зулмга қарши курашишга, қатъиятга ўргатади.

Ўқитувчи бўлганим боис ҳамкасбларимга айтишни хоҳлардимки, болаларга таълим-тарбия беришда достонлардан унумли фойдалансак, яхши натижаларга тезроқ эришамиз. Бу йўл билан мурғак кўнгилларга динимиз тавсия этган одоб-ахлоқ қоидаларини сингдириш ҳам осон бўлади.

 

Абдувоҳид ВАЛИЕВ

Қўшработ туманидаги 37-умумтаълим мактаби ўқитувчиси