Мақолалар

Гўзал фазилатларга одатланайлик

Чоп этилди Avgust 12, 2019 Гўзал фазилатларга одатланайликda fikr bildirishni o'chirish

Яхши фазилатлар ҳар доим инсонга зийнатдир. Буюк алломаларнинг барчаси яхши фазилат соҳиблари бўлишган.

Имом Ғаззолий ҳазратлари: “Олимлар суҳбатида қатнашишга ҳаракат қил; одобдан ташқари сўз ва ҳаракатлар қилма, жамоат ҳузурига салом бериб кир. Сўнгра, ўзингга муносиб ўрин танла. Изнсиз тўрга ва эътиборли жойга бориб ўтирма. Суҳбатни диққат билан тингла. Биладиган нарсангни сўрама, билмаганингни сўраб ўрган. Сенга алоқаси бўлмаган нарсани ўринсиз суриштираверма. Рухсатсиз сўзга аралашма. Сўзи, ўзи, тили, дили билан иши бир бўлмаган кишининг насиҳатида яхшилик йўқ. Ундай кишининг мажлисида ўтириб, вақт йўқотиш керак эмас. Вақт бандага Аллоҳ таолонинг жуда қимматли икромидир, бўлар-бўлмасга исроф этмаслик керак”.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَقُولُوا قَوْلًا سَدِيدًا

يُصْلِحْ لَكُمْ أَعْمَالَكُمْ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَمَنْ يُطِعِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزًا عَظِيمًا

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз! Шунда Аллоҳ ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар. Кимки Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди», деган (Аҳзоб сураси, 70–71-оятлар).

Ёлғончилик ниҳоятда хосиятсиз ва оқибатсиздир, у охири хорлик ва пастликка олиб келади. Ўз ҳолига яраша камтарлик ва хушмуомалаликни эгаллаб бориш ҳар ким, айниқса, давлат ва бойлик эгалари учун зарурий одатдир.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَكُونُوا مَعَ الصَّادِقِينَ

Аллоҳ таоло мўминларни тўғрисўзликка чақириб бундай дейди: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (имонда) содиқ кишилар билан бирга бўлингиз!» (Тавба сураси, 119-оят).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёлғончилик мўмин кишига номуносиб хулқ эканини таъкидлаганлар.

“Мўмин кишида ҳамма хулқлар бўлиши мумкин, аммо хиёнат ва ёлғончилик бўлмайди”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти). Демак, Аллоҳ таолодан қўрққан, Унга бўйсунган, жаноб Пайғамбаримизга эргашган кишида хиёнат ва ёлғончилик бўлмаслиги лозим.

Имом Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ): “Одамларнинг хатоларига ва ёлғон сўзларига эргашма. Уларнинг тўғри ишларига эргаш. Агарда бирорта одамнинг ёмон ишини билсанг, унга уни эслатма, балки ундан яхшилик иста ва унга яхшиликни эслат. Уни фақат диний томонидангина гапир. Агарда диний йўлда хатога йўл қўяётган бўлса, уни одамларга айт, токи улар унга эргашмасинлар ва ундан эҳтиёт бўлсинлар”, дейди.

Фитрий – яратилиш жиҳатидан олиб қарасак, мўминда ахлоқнинг барча турлари, жумладан, ҳар хил ёмон хулқлар ҳам бўлиши мумкин. Аммо унинг табиатида ёлғон билан хиёнат бўлиши мумкин эмас. Бу икки ахлоқ ҳар бир инсон учун катта қусур ва қабоҳатдир. Ҳар қандай киши учун бу икки ахлоқ қабоҳат экан, демак, мўмин кишига асло ярашмайди. Чунки имон кирган қалбга ёлғон ва хиёнат сиғмайди. Бири келса, бошқаси чиқиб кетади. Шунинг учун ҳам мўмин тўғрилик ва вафодорликни севади, бошқаларни ҳам шунга чақиради. Шак-шубҳасиз, мўмин киши Аллоҳ таоло ҳузурида ҳам тўғрилиги ва аминлиги боис юксак даражаларга эришади.

Ҳар намозда Аллоҳ таолодан сироти мустақим – тўғри йўлни сўраймиз. Тўғри йўлда бўлган кишини Аллоҳ таоло ҳеч қачон хор қилмас. Тўғрилик жаннатдаги бир дарахтга ўхшатилади. Кимда-ким ер юзига ёйилган бу тўғрилик дарахти шохларидан бирини маҳкам тутса, у шох уни тўғри жаннатга элтади. Аксинча, ёлғон – илдизи жаҳаннамда жойлашган бир дарахтдир. Ким ёлғончилик қилса, қилган ёлғони уни дўзахга элтади. Хиёнат ва ёлғончилик фақатгина баъзи адашган қавмларнинг феълидир.

Шу боис болаларимизни тўғри тарбиялашга эъти­бор берайлик. Бу йўл – сироти мустақим, яъни пайғамбарларнинг йўлидир. Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг йўлидир. Бу йўл ғазабга дучор бўлган, адашган бандаларнинг йўлидан бошқача йўл. Биз ҳам Аллоҳ таолодан барчамизни мана шу йўлга йўллашини ва тўғриликни тутиб, ундан айрилмайдиган бандалари қаторида қилишини сўраймиз.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам бу ҳақда ўзларининг кўрсатмаларини берганлар. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадиларки: “Рост сўз соҳибини яхшилик сари етаклайди. Яхшилик эса уни беҳишт (жаннат)га етаклайди. Албатта, киши рост сўзлаб юрса, у Аллоҳ ҳузурида ростгўй (сиддиқ), деб ёзилади. Албатта, ёлғон (ҳам ўз соҳибини) ёмонлик сари етаклайди. Ёмонлик эса жаҳаннам сари етаклайди. Киши доимо ёлғон гапириб юриши билан Аллоҳ таоло ҳузурида ёлғончи (каззоб) деб ёзилади” (“Муттафақун алайҳ”).

Мўмин киши бағрикенг бўлади. Бу хусусда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадиларки: “Мўминнинг елкаси юмшоқ бўлади, биродарига кенглик қилади, мунофиқ тангдир, биродарига танглик қилади. Мўмин аввал салом беради, мунофиқ эса менга салом берсин деб тураверади” (“Рамуз ал-аҳодис” 231 ҳ. 10).

Ҳазрат Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган бу ҳадиси шарифдаги “лаййинул манкаби” лафзи билан мўминнинг елкалари юмшоқ бўлиши айтилмоқда, яъни жузъий (бўлак) зикри билан куллий (бутун) мурод ҳосил қилинмоқда. Чунки инсоннинг бирон-бир жиҳатини, битта хусусиятини зикр қилиш билан унинг бутун хислати кўзда тутилади. Мўмин доимо юмшоқ табиатли, киришимли, кенг кишидир. Бирон мажлисда ўтирар экан, янги келган одамга жой бериш учун ҳаракатга тушади, унга жой беради. Ўзи безовта бўлса-да, биродари тик турмаслиги учун ҳаракат қилади.

Бу сифатнинг гўзаллиги, айниқса, издиҳом жойларда яққол сезилади. Баъзи кишилар жой тополмаётганини кўргач, уни дарҳол ёнига чақирадилар, қийинчиликларини бартараф этишга кўмаклашадилар. Аксинча, баъзилар имкони бўлса ҳам, безовта бўлмаслик учун ҳар хил баҳона кўрсатиб, оёқда тик туриб қолган биродарлари ўз ёнларига ўтиришини истамайдилар. Мўмин билан мунофиқ шу зайлда маълум бўлади. Чунки мўмин биродарига доимо кенглик қилади, жой беради. Мунофиқ эса, аксинча, ўзидан узоқлаштиради, машаққатда қолдиради. Зеро, сиз ёнидан жой берган биродарингизни яхши кўришга мажбурсиз, сизнинг ташвишингиз билан иши йўқларга эса ҳеч қачон меҳр қўёлмайсиз. Мана бу ҳол мўмин киму, мунофиқ кимлигини кўрсатади.

Мўмин биродарини кўрса, биринчи бўлиб салом беради ва табассум қилади. Мунофиқ эса, салом беришда тараддудланади, кибру ҳавоси йўл бермай, рўпарасидагидан салом кутади. Унга салом берилмагунича салом бермайди. Бу одат орқали мўмин ва мунофиқ осонгина маълум бўлади. Аллоҳ таоло барчамизга мўминларга ярашадиган гўзал феъл-атвор ва табиатлардан насиб этсин ва ёмон, ярамас хулқлардан муҳофаза қилсин.

“Букрини гўр тузатади”, мақолининг нақадар ҳикматли эканини таърифлашга зарурат бўлмаса керак. Узоқ вақтлар мобайнида кўникилган ёмон одатлар ва тарбияларни ислоҳ этиш учун солиҳ инсонлар бўлиш керак.

Бир одам улуғлардан бир зотни уйига дастурхонга таклиф қилибди, биргалашиб йўлга тушишибди. Уйига яқинлашгач, таклиф қилган киши бир баҳона билан у зотни қайтариб юборибди. Кейин яна бориб, узр сўраб, яна таклиф этибди. Бечора юмшоқ кўнгилли зот унинг орқасидан уйи­гача келибди. Таклиф қилган одам яна бир баҳона рўкач килиб, ҳазратни қайтарибди. Бу ўйин беш марта такрорланибди, у муҳтарам зот ҳеч бирисида: “Нима қиляпсан ўзи, мен билан ўйнаш­япсанми?” демабди.

Ниҳоят, таклиф қилувчи одам ҳазратнинг қўлини ўпиб, унга мурид бўлмоқни сўрабди: “Тақсир, мен буни сизнинг ким эканингизни билиш учун қилдим ва тушундимки, сиз ҳақиқий муршид экансиз”, дебди. У зот эса: “Нотўғри фаҳмлабсан, менинг юмшоқлигим яхши инсонлигимга далолат қилмайди. Кўрмайсанми, бир итни неча марта қувсанг ҳам, кейин яна чақирсанг, келаверади. Бу бир итнинг табиатидир”, деб фавқулодда камтарлик кўрсатган экан. Мана, улуғларимиз ўзларидаги яхши феъллардан асло ғурурланмаганлар. Ва мана шу камтарликлари билан янада юксак олижаноблик намоён этиб, қабоҳатли қалбларнинг ислоҳ топишига сабаб бўлганлар.

Биз фарзандларимизни имон-эътиқодли, илм-маърифатли, яхши фазилатлар эгаси қилиб тарбиялашни истаймиз. Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, осойишталикнинг қадрига етишни фарзандларимизга амалда кўрсатиб беришимиз зарур. Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахт-саодати йўлида ёшларимизнинг яхши фазилатлар соҳиби бўлиб етишишлари учун қўлимиздан келган барча ёрдамни кўрсатишимиз бизнинг асосий мақсадларимиздан бири бўлиши лозим.

Аллоҳ таоло барчамизни яхши фазилатлар йўлида барқарор қилиб, ёшларимиз учун амалга оширилаётган эзгу ишларда ўзи мададкор бўлсин.

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм