Мақолалар

Ёлғон тўқувчилар нажот топмаслар

Чоп этилди Avgust 12, 2019 Ёлғон тўқувчилар нажот топмасларda fikr bildirishni o'chirish

وَلَا تَقُولُوا لِمَا تَصِفُ أَلْسِنَتُكُمُ الْكَذِبَ هَذَا حَلَالٌ وَهَذَا حَرَامٌ لِتَفْتَرُوا عَلَى اللَّهِ الْكَذِبَ إِنَّ الَّذِينَ يَفْتَرُونَ عَلَى اللَّهِ الْكَذِبَ لَا يُفْلِحُونَ

«Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиш учун тилларингиз васф қилган ёлғонни гапириб: “Бу ҳалол, бу ҳаром”, деяверманглар. Албатта, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқувчилар нажот топмаслар»  (Наҳл сураси, 116-оят).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Ояти каримадаги: “Бу ҳалол, бу ҳаром деяверманглар” хитобдан деҳқончилик ва чорва назарда тутилган (яъни, чорва ҳайвонлари ёки зироатчилик маҳсулотларини ўзича буниси ҳалол, буниси ҳаром деяверадиганларга қаратилган)», деган. Шунингдек, «Ўзингиз ҳалол санаган нарсага “бу ҳалол”, ҳаром ҳисоблаган нарсага “бу ҳаром”, деманглар».

Абу Лайс Самарқандий: «“Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиш учун тилларингиз васф қилган ёлғонни гапириб”, оятини: “Эй Макка аҳли, сизларга ҳалол қилинган нарсани эркаклар учун: “бу ҳалол”,  аёллар учун эса: “бу ҳаром” деманглар. Яна оятда қози ва муфтийларга ҳужжатсиз гапирманглар деган танбеҳ бор”, деган. “Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиш учун”ни “Баҳийро” ва “Саиба”[1] ҳақидадир. “Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқувчилар нажот топмаслар”, яъни муваффақиятга эришмайди ва азоб (охират азоби)дан омон қолмайди», деб тафсир қилган.

Имом Мотуридий “Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиш учун” оятини бундай тафсир қилган: «Агар “Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром, ҳалолини ҳаром санайдиганлар ҳақида уламолар нима деган?” дейилса, айтиладики: Албатта, нарсаларнинг ҳалол ва ҳаромлиги рубубиятга (яъни, Аллоҳга) тегишлидир. Агар Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром, ҳаром қилганини эса ҳалол санасалар, улар Аллоҳ ўзи мана шундай амр қилган деб, У зотга туҳмат қилган бўлишади. Кимки Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол ёки Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром санаса, батаҳқиқ кофир бўлади» (“Таъвилоту аҳли сунна”).

Ибн Касир “Бу оят шаръий ҳужжатга суянмасдан ўз раъйи ва хоҳиши билан  Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол санаш ёки Аллоҳ мубоҳ қилган нарсани ҳаром санашни ўз ичига олади”, деган. Оятдаги “Албатта, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқувчилар нажот топмаслар”, яъни “дунёда ҳам, охиратда ҳам нажот топмайдилар. Дунёда озгина неъматланиб қолса-да, охиратда улар учун аламли азоб бор”, деганлар.

Бу оятдаги “Бу ҳалол, бу ҳаром” сўзини Имом Табарий таомларни ҳаром санаш деб тафсир қилган.

Ҳалол ва ҳаром тўғрисида эҳтиёт бўлиб гапириш, айниқса, эътиқод масаласида ҳушёр бўлиш лозим.

“Ҳаром” сўзи луғатда “тақиқланган”, “ман этилган” деган маъноларни билдиради.

Бундан ташқари, “Бозорда ёлғон гапирса бўлади”, “ишлаб топган пулидан фоизга берса ҳалол”, “дастурхонга қўйилган неъматларнинг барчаси (ҳатто маст қилувчи ёки тўнғиз гўштига ўхшаш нарса бўлса ҳам) ҳалол” дейдиганлар учраб туради. Бундай эътиқодда бўлиш ўта хатарли бўлади. Зеро, фиқҳий истеъмолда “Ҳаром – шариат уни тарк қилишни узил-кесил талаб қилган нарсадир”[2], яъни, шариатда қатъий далил билан қайтарилган иш ҳаромдир. Бундай ишни қилган гуноҳкор бўлади.

Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳул ақоид ан-Насафия” асарида қуйидагилар келади: “Китоб ва суннатда қатъий матнлар билан келган аҳкомларни инкор қилиш Аллоҳ таолога ва Унинг расулига ёлғонни  очиқ нисбат беришдир. Масалан, жасадларнинг тирилтирилишини инкор этиш каби. Ким Ойша розияллоҳу анҳони зино билан айбласа, кофир бўлади. Маъсият (гуноҳ)лиги қатъий далил билан собит бўлган бўлса, у хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин, куфрдир. Ҳақир санаш ҳам куфрдир. Шариатни масхара қилиш куфрдир”.

Юнус сураси 59-оятида «Сен: “Аллоҳ сизга нозил қилган ризқдан хабар беринг-чи! Уни ҳаром ва ҳалол қилиб олдингиз!” деб айт. Сен: “Аллоҳ сизга изн бердими ёки Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқияпсизларми?” деб айт», деб марҳамат қилган.

Имом Мотуридий: “Аллоҳ сизга изн бердими ёки Аллоҳга ёлғон тўқияпсизларми? Бу оят Макка аҳли (мушриклари) билан ҳужжатлашиш учун нозил бўлган. Улар қандай қилиб ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол дея олишди. Тағин қандай қилиб Аллоҳ сизларга ҳалол қилган нарсани ҳаром, ҳаром қилган нарсани ҳалол дейсизлар?!” деб тафсир қилган (“Таъвилоту аҳли сунна”).

Юқоридаги оятлар ва матндан маълум бўлишича, ҳалол ва ҳаром тўғрисида гапиришда ҳушёр бўлиш лозим. Муфассир уламолар бир овоздан шаръий далилсиз бу ҳалол, бу ҳаром дейиш Аллоҳ таолога туҳмат қилиш эканини таъкидлашган.

 

[1] “Баҳийро” ва “Саиба” – жоҳилият даврида беш, етти, ўнта туққан туялар шундай номланган ва сутидан ичилмаган, далага қўйиб юборилган.

[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Усулул фиқҳ”, 2011.

 

Манбалар асосида Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 14-сонидан