Мақолалар

ШЕРИКЛИК АСОСИДА ҚУРБОНЛИК ҚИЛИШ

Чоп этилди Avgust 9, 2019 ШЕРИКЛИК АСОСИДА ҚУРБОНЛИК ҚИЛИШda fikr bildirishni o'chirish

Бир киши ёлғиз ўзи қурбонлик қилиши жоиз бўлгани каби, шериклик асосида ҳам туя, қорамол (сигир, ҳўкиз, қўтос)га етти кишини шерик қилиши мумкин. Шерикларнинг барчаси қурбонлик ва ибодат ниятида қурбонликка қўшилиши шарт. Уларнинг барчаси мусулмон ва эътиқодида шубҳа бўлмаслиги керак. Шериклардан бири ибодат ниятида эмас, балки гўшт олиш ёки тижорат ниятида бўлса, ҳеч кимнинг қурбонлиги ўтмайди.

Қорамол ва туяни етти кишидан сўйилишига далил. Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Ҳудайбияда бир туяни етти киши номидан, бир сигирни етти киши номидан сўйдик» (Имом Муслим ривояти).

Қурбонлик ниятида сотиб олинган ҳайвонни сотиб, унинг ўрнига бошқасини олиш мумкин эмас. Қурбонлик ниятида сотиб олинган ҳайвон, албатта, қурбонлик қилиниши шарт. Қурбонликка аталган ҳайвоннинг ҳеч бир жойини сотиб бўлмайди. У ҳайвонни қурбонлик эгаси фойдаланиши ёки садақа қилиши керак.

Қўй қанчалик семиз ва катта бўлишидан қатъи назар, уни фақат бир киши қурбонлик қилиши мумкин. Туя ва қорамол (сигир, ҳўкиз, қўтос) фақат етти етти киши учун қурбонлик қилинади. Ундан ортиғи мумкин эмас. Кам бўлса, олти, беш, тўрт киши бўлса, мумкин.

Агар шериклардан бирининг ҳиссаси қолганлариникидан еттидан бир улушдан кам бўлса, жоиз эмас. (Шериклардан бирининг қурбонлиги жоиз бўлмса, қолганлариники ҳам жоиз бўлмайди). Шериклардан бирининг нияти бошқа бўлса, ҳеч бирининг қурбонлигини жоиз бўлмайди.

Шериклардан бири Қурбон ҳайитида сўйилиши вожиб бўлган қурбонликка ният қилса-ю, бошқалари бошқа қурбонликка, яъни ақиқа, назр, ҳажжи қирон ва ҳажжи таматтуъ қурбонлигига ният қилишган бўлса, барчасининг нияти Аллоҳ таоло розилиги учун  бўлгани туфайли қурбонлиги жоиз бўлади.

Аммо Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шерикларнинг барчаси битта қурбонликка ният қилишса, афзалдир, дейди (“Раддул муҳтор”, 6-жилд, 316-бет, “Фатовойи Ҳиндийя”, 5-жилд, 304-бет).

Етти киши шерик бўлиб қурбонлик қилса, гўшт ораларида чамалаб эмас, тортиб тақсимланади. Илло, калла пойча ёки териси қўшиб юборилган бўлса, бундан мустасно. Чунки калла пойча ва терини тортиб тақсимлаш мумкин эмас. Қурбонлик учун сотиб олинган молга олти киши шерик бўлса тўғри бўлади. Аммо сотиб олишдан аввал шерик бўлиш афзалдир.

Бир киши ўзим қурбонлик қиламан деб бир мол сотиб олган бўлса, олти киши келиб шерик бўлсалар жоиз. Бой боланинг молидан отаси ёки васийси қурбонлик қилади. Бола ундан еса бўлади. Қолганини ўзидан фойдаланадиган нарсага алмаштирилади. Яъни, гўштнинг қолганини кийимга ўхшаш ўзи фойдаланадиган нарсага алмаштиради. Пулга ёки таомга алмаштириб бўлмайди. Бу гаплар Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф (раҳматуллоҳи алайҳимо)га оиддир.

 

ҚУРБОНЛИККА АТАЛГАН ҲАЙВОНДАН ФОЙДАЛАНИШ МУМКИНМИ?

Бир ҳайвон қурбонликка аталганидан сўнг, сўйишдан аввал унинг жунини қирқиш, сутини ичиш, миниш ёки ундан бошқа мақсадларда фойдаланиш макруҳдир. Агар сути ёки жунини сотса, унинг пулини садақа қилиш керак. Қурбон ҳайитидан аввал сўйилган жониворнинг гўштини ейиш мумкин эмас. Уни садақа қилиш керак (“Дуррул мухтор”, “Раддул муҳтор”, 6-жилд, 329-бет).

Қурбонликка аталган ҳайвоннинг сутидан фойдаланиш, гўшти ёки терисини сотиб, пулини олиш ёки айирбошлаш макруҳдир. Шундай қилинган  бўлса, шу қийматдаги пулни садқа қилиш лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қурбонликнинг терисини сотган кишининг қурбонлиги қабул бўлмайди” деганлар (аз-Зайлаъий, “Насбур риоя”, 4/218), деганлар.

Қурбонликнинг гўшти ва терисидан қассобга “пичоқучи” сифатида бериш жоиз эмас. Агар қассобга сўйгани учун аввал унинг ҳақи (пул) берилса, кейин садақ асифатида терини берса бўлади.

Чунончи, Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туялар қурбонлик қилинаётган пайтда уларнинг бошида туришимни буюрдилар ҳамда терилари ва ҳайвонларнинг жабдуқларни қассобга ҳақ сифатида беришимдан қайтарди. Қассобнинг ҳақини ўзимиз берамиз”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Қурбонликнинг териси садақа қилинади ёки доимий манфаатланадиган анжом қилиб олинади. Пўстакми, мешкобми, хуржунми, супрами ёки шунга ўхшаш уйда доимий фойдаланиладиган нарса қилиб олиш дуруст. Агар тери бошқа нарсага алмаштирилса ёки сотилса унинг қиймати садақа қилинади. Ойша (розияллоҳу анҳо) ва баъзи саҳобалар қурбонлик териларидан мешлар тайёрланганини ривоят қилишган (Имом Муслим ривояти).

 

ҚУРБОНЛИК УЧУН МУСТАҲАБ АМАЛЛАР

  1. Қурбонлик қилинадиган ҳайвонни ҳайитдан аввал олиб, боқиш.
  2. Йирик ҳайвонларнинг бўйнига бирор белги (тери ёки латта) осиш. Қўйга шарт эмас.
  3. Ҳайвонни сўйиладиган жойга эҳтиёт қилиб олиб келиш. Жониворни ётқизиб судраш мумкин эмас.
  4. Ҳайвон сўйилганидан сўнг ипини садақа қилиш.
  5. Қурбонлик учун йирик, семиз ва яхши жонивор танлаш.
  6. Ҳайвонни қиблага қаратиб ётқизиб сўйиш суннати муаккададир.
  7. Пичоқ ўткир бўлиши керак.
  8. Ҳайвон бўғизланганидан сўнг токи барча аъзоларидан жони чиқиб кетгунича бошини узиб олмаслик керак.
  9. Сўйилган қурбонликнинг гўштидан эгасининг ўзи ҳам ейиши ва бошқаларга ҳам едириши лозим. Энг мақбули, гўштни учга тақсимлаб, бир қисмини садақа қилиш керак. Учдан бирини қариндош ва дўстларига, ва қолган қисмини оила аъзолари учун олиб қўйиш лозим (“Фатовои Ҳандийя”, 5-жилд, 330-бет).
  10. Қурбонлик терисини садақа қилиш (камбағалларга бериш) лозим (“Раддул муҳтор”, 6-жилд, 328-бет).
  11. Қурбонлик сўйилганидан сўнг икки ракат намоз ўқиш.
  12. Ҳайвонни сўйишда ҳалқуми, қизилўнгачи ва икки қон томирини кесиш керак.
  13. Бирдан ҳалқуми, қизилўнгачи ва икки қон томирини кесмаслик, бошини узиб олмаслик керак (“Фатовойи Ҳиндийя”, 5-жилд, 287-бет).

 

ҚУРБОНЛИКДАГИ МАКРУҲ АМАЛЛАР

  1. Қурбонликни аҳли китоб (яҳудий, христиан)нинг сўйиши.
  2. Қурбонлик қилинган ҳайвоннинг терсини сотиш ёки ейилиб-ичиладиган бирор нарсага алмаштириш.
  3. Жуни ва сутини сотиш.
  4. Қурбонликка аталган ҳайвоннинг сўйилишидан аввал сутидан фойдаланиш ёки жонивордан бошқа мақсадларда фойдаланиш.
  5. Қассобнинг ҳақини қурбонликдан бериш (гўшти ёки жунидан).
  6. Кечаси қурбонлик сўйиш таҳриман макруҳдир. Чунки қассоб кечаси хато қилиб қўйиши мумкин.
  7. Қурбонлик қилиш ниятида олинган ҳайвонни арзонроғи ёки шунга ўхшашига алмаштириш (“Ал-Фиқҳу алал мазаҳибил арбаъа”, 1-жилд, 329-бет).
  8. Ҳайвоннинг ҳалқуми, қизилўркачи ва икки қон томиридан бири кесмаслик.
  9. Ҳайвонни бўғизлагандан сўнг жони чиқмасидан аввал унинг бошини узиб ташлаш.
  10. Ҳайвонни сўйиш учун ётқизгандан сўнг пичоқни қайраш.
  11. Жониворни қиблага қаратмасдан сўйиш.
  12. Ҳайвонга заруратсиз ҳар қандай азият етказиш макруҳдир (“Фатовойи Ҳиндийя, 5-жилд, 287–288-бетлар. “Раддул муҳтор”, 6-жилд, 296-бет).
  13. Туяни жағи остидан сўйиш, қорамолларни бўйнининг гавдасига туташган жойидан бўғизлаш (“Дуррул мухтор”, “Раддул муҳтор”, 6-жилд, 303-бет).
  14. Туғишга яқин қолган бўғоз ҳайвонни сўйиш.

 

ҲОМИЛАНИНГ СЎЙИЛИШИ ОНАСИНИНГ СЎЙИЛИШИ ИЛАДИР

Абу Саъид (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. «“Ё Аллоҳнинг Расули, туя наҳр қилинур, сигир ва қўй сўйилур, биз уларнинг ичидан ҳомила топсак, уни ташлаб юборайликми ёки ейликми?” дедик. У зот: “Агар истасангиз, уни енглар, унинг сўйилиши онасининг сўйилишидир”, дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти).

Туя ва унга ўхшаш узун бўйли ҳайвонлар ўзига хос сўйилиб, бундай сўйилишга “наҳр” дейилади. Наҳр кўкракка яқин жойдан пичоқ солиш билан амалга оширилади.

Бўйни қисқа ҳайвонларни бошига яқин жойидан пичоқ солинади ва бундай сўйилишга “забҳ” дейилади.

Ушбу ривоятдан келиб чиқиб жумҳури уламолар сўйилган ҳайвоннинг қорнидан ўлик ҳомиласи чиқса, ҳалол бўлади, деганлар.

Ҳанафий уламолар, жумладан, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад (раҳматуллоҳи алайҳимо) агар ҳомила тўлиқ шаклда бўлса, ейилади, деганлар.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бундоқ нарсани еб бўлмайди, деганлар. У киши, ҳадисни, ҳомилани сўйиш, худди онасини сўйиш каби бўлур, деб тушунганлар.

 

КУШХОНАЛАРДАГИ ЗАМОНАВИЙ СЎЙИШЛАР ҲАҚИДА

Уламоларимиз янгича кушхоналарда қўлланиладиган сўйиш услубларни ўрганиб чиқиб, улар ҳақида мулоҳазаларини айтишган.

Ҳайвоннинг сўйиш пайтидаги қаршилигини бартараф этиш учун сўйишдан олдин уни баъзи бир кимёвий моддаларни бериб ҳушидан кетказиш жоиз. Бу ишда ҳайвонга азоб бериш бўлмаслиги лозим. Фақат ҳайвонни сўйиш пайтидан унинг жони бўлиши ва қон отилиб чиқиши шарт.

Ҳайвонни ўқ отиб йиқитиш, ёғоч, темир ёки болта каби нарсалар ёки электр токи билан уриб йиқитиш шариат бўйича ҳаромдир. Бу ишларни қилган одамлар гуноҳкор бўладилар. Аммо мазкур ишларни қилиб туриб ҳайвон жони борида шаръий сўйиб олинса, ҳалол бўлаверади.

 

МАРҲУМГА БАҒИШЛАБ СЎЙИЛГАН ҚУРБОНЛИК

Марҳумнинг васиятига биноан, унинг қолдирган меросидан учдан бири асосида қурбонлик қилинади. Қурбон ҳайити кунлари сўйиладиган бу қурбонлик гўштидан марҳумнинг меросхўрлари ва бойлар ейишлари мумкин эмас. Қурбонликнинг ҳаммаси тарқатилиши керак.

Васият бўлмай, балки марҳумнинг меросхўрлари томонидан марҳумга савобини бағишлаб сўядиган қурбонлиги ихтиёрий бўлиб, унинг гўштидан камбағалларга садақа қилиш ёки оила аъзолари ва бойлар ҳам ейиши мумкин.

Ҳанафий мазҳабига кўра, бир киши ўз маблағи эвазига савобини марҳумга баағишлаш мақсадида ҳайвон сотиб олиб, уни Қурбон ҳайити ёки бошқа кунларда сўйиши мумкин.

Қурбонлик гўштидан ўзи ҳам ейиши, бошқаларга ҳам бериши мумкин. Зеро, у ўзи қурбонлик қилгандек ажрга эришади, савоби эса марҳумга етиб боради. Лекин бир киши вафот этган кишининг ҳаётлик пайтидаги буйруғи ва васияти ила унинг номидан сўядиган қурбонликнинг гўштини ея олмайди. Чунки бу назр қурбонликдир. Уни қассоб ҳам, марҳумнинг яқини ҳам ея олмайди. Бу қурбонликни бутунлай садақа қилиши керак (“Раддул муҳтор”, 5/229).

Бунга далил сифатида Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)нинг Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин Қурбон ҳайити кунлари у зотга атаб иккита қурбонлик қилганини келтириш мумкин (“Сунани Абу Довуд”, 3-жилд, 94-бет).

 

НАЖОСАТ ЕЙДИГАН ҲАЙВОННИНГ ҲУКМИ

Нажосат ейдиган ҳайвонни қурбонлик қилмоқчи бўлсак, аввал уни қамаб қўйиб боқиш керак. Агар тоза ўт-ўланлар билан бирга баъзан нажосат ҳам еса, уни қурбонлик қилиш жоиз.

Нажосат ейдиган ҳайвоннинг қанча муддат қамаб қўйиб боқиш борасида уламолар иттифоқ қилишди. Имом Сарахсий раҳматуллоҳи алайҳ “Даррандаларни қамаб қўйиб боқиш учун муайян вақт белгиланмаган. Гўшти тоза бўлиб, сасимайдиган даражада бўлса, бас, кифоя”, деган.

Баъзи китобларда товуқ уч кун, қўй тўрт кун, туя ва қорамол ўн кун қамаб қўйиб боқилади, дейилган (“Раддул муҳтор”, 6-жилд, 306-,322–326-бетлар. “Мабсути Сарахсий”, 12-жилд, 11-бет, “Фатовойи Қозихон”, “Ҳидоя”, 4-жилд, 74-бет).

 

 

 

 

Толибжон НИЗОМнинг “Қурбонлик рисоласи”дан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 6000 сўм