Мақолалар

ҚУРБОНЛИК ТУРЛАРИ

Чоп этилди Avgust 9, 2019 ҚУРБОНЛИК ТУРЛАРИda fikr bildirishni o'chirish

Узҳийя

Қурбон ҳайити кунлари сўйиладиган қурбонликка “узҳийя” дейилади. Чунончи, Қурбон байрамининг номи ҳам шу сўздан олинган. Инсон (Исмоил алайҳиссалом)нинг қурбонлик қилиниши ўрнига бир ҳайвоннинг сўйилиши ҳақиқий байрамдир. Худди Рамазон ҳайитининг номи фитрдан олингани каби.

Ҳадй

Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш мақсадида ёхуд ҳаж пайти ман этилган амалларни қилиб қўйгани туфайли каффорат тарзида сўйиладиган қурбонликка “ҳадй” дейилади. Бундай қурбонлик Ҳарами шариф ҳудудида сўйилиши лозим. Мино водийсида сўйиш суннатдир (Ибн Обидин, 5-220).

Назр ва шукр

Она тилимиздаги “назр” сўзининг арабчадаги маъно қамрови жуда кенг. “Назр” сўзининг кўплиги “нузур”дир, “қўрқитиш”, “огоҳлантириш”, деган маъноларни ифодаловчи “инзор” сўзидан олинган.

Роғиб Исфаҳоний “назр”нинг истилоҳий маъносини “вожиб бўлмаган нарсани бошқа бир амрнинг воқе бўлиши туфайли вожиб қилмоқ”, деб таърифлайди. Бошқача айтганда, Аллоҳ таолога таъзим учун мубоҳ бўлган бир ишнинг бажарилишини зиммамизга олиш, уни амалга оширишни ўзимизга ўзимиз вожиб қилишимиз”дир.

Банда Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш мақсадида айрим амалларни ўзига ўзи вожиб қилиши мумкин. Бундай амални динимиз ҳам маъқуллайди. Мисол учун, бир киши: “Мен эртага рўза тутаман” ёки “кечаси таҳажжуд намозини ўқийман”, дея ўзига ўзи назр қилиши мумкин.

Имом Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ: “Назр амалга оширилиши буюрилган ишончлардандир. Назрини бажарган кишилар мадҳ этилган, дейди. Назр қилинган нарса динимиз таълимотларига мос, ибодат туридан бўлиши керак. Аллоҳ таолога исён бўладиган нарсаларда назр бўлмайди. Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ: “Энг мўътабар, энг қийматли назр ҳеч бир шартга боғланмаслиги керак”, дейди.

Назрларга риоя қилиш ҳақида Қуръони каримда бундай дейилади: «Аллоҳ сизларни (тилингиз учида айтган) беҳуда қасамларингиз учун жавобгар қилмайди. Балки, дилларингиз касб этган нарса (қасамларингиз) учун жавобгар қилур. Аллоҳ кечиримли ва ҳалим зотдир» (Бақара сураси, 225-оят).

Бирор ниятнинг рўёбга чиқиши, орзунинг амалга ошиши, мисол учун, уй ёки машина олсам, қурбонлик қиламан, дейилса, бундай қурбонлик назр қурбонлиги бўлади.

Бирор шартга боғланмаган нафл қурбонлик хоҳлаган пайтда сўйилиши мумкин.

Ақиқа

Ислом таълимотида фарзанд туғилганидан кейин неъматга шукрона тарзида ақиқа қилинади. Ақиқага оид ҳукмлар Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларидан олинган. Шу боис бу суннат амалдир.

Аллома Асмаий раҳматуллоҳи алайҳ айтишича: “Ақиқа” сўзи луғатда янги туғилган боланинг сочларини англатади. Бола туғилгандан кейин қачон унинг сочлари олинса, ўша вақтда унинг номидан бир жонлиқ сўйилади. Шу боис сўйилган жонивор ҳам “ақиқа” дейилади.

Салмон ибн Омир Зоббий (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ғулом ила ақиқа бордир. Унинг учун қон чиқаринг ва ундан нопокликни кетказинг” деяётганларини эшитганман» (Имом Бухорий ривояти).

Умму Курз (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўғил бола номидан икки қўй ва қиз бола номидан бир қўй (сўйинглар. Сўйладиган қўйнинг) эркак ёки урғочилиги сизларга зарар қилмайди”, дедилар» (Имом Насоий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир ғулом ақийқаси эвазига гаровдадир. Унинг учун еттинчи куни сўйилади, сочи олинади ва исм қўйилади», дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Абдуллоҳ Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (набиралари) Ҳасан ва Ҳусайн (розияллоҳу анҳумо)га иккита иккитадан қўчқор сўйиб ақиқа қилдилар” (Имом Насоий ривояти).

Ақиқа учун туя, қорамол (сигир, ҳўкиз, қўтос), ушоқмол (қўй, эчки) сўйилади.

Ақиқа қилган киши ақиқа гўштини ҳоҳласа хомлайин ёки пиширган ҳолда тарқатиши ёхуд исроф қилмаган ҳолда зиёфат бериши мумкин.

Ақиқа учун сўйилган жонлиқнинг гўшти борасида Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: “(Ақиқанинг гўшти) бўлаклаб (яъни кесиладиган жойдан) кесилади суяги синдирилмайди” (Имом Ҳоким ривояти).

Баъзан эл орасида: “Ақиқа учун сўйилган жонлиқнинг суякларини синдириш мумкин эмас”, деган сўзларни эшитамиз.  Юқоридаги ҳадисдан ҳам ақиқага сўйилган жонлиқнинг суякларини синдирмаслик мустаҳаб экани келиб чиқади. Буни шарт деб қабул қилмаслик керак.

Айримлар: “Ақиқада ўғил болага қўчқор, қиз болага қўй сўйилиши керак”, деб ўйлашади. Бу ҳам нотўғри тушунчадир.

Саҳоба ва тобеинлардан бўлган уламолар: “Ақиқа учун ўғил болага иккита, қиз болага битта қўй сўйилади, деган фикрга келишган. Улар ўзларига: Умму Курз (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўғил бола номидан икки қўй ва қиз бола номидан бир қўй (сўйинглар. Сўйладиган қўйнинг) эркак ёки урғочилиги сизларга зарар қилмайди, дедилар» (Имом Насоий ривояти) ҳадисни далил қиладилар.

Ҳанафий уламолари ва Имом Молик (раҳматуллоҳи алайҳим): “Бу борада ўғил билан қиз тенг. Ҳар иккаласи учун ҳам биттадан қўй сўйилади”, деганлар. Ибн Умар ва Урва ибн Зубайр (розияллоҳу анҳумо) ҳам шу фикрга қўшилган.

Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ва Ҳусайн (розияллоҳу анҳумо) ақиқаси учун биттадан қўй сўйгани айтилган.

Ўғил бола учун иккита қўй сўйилишини ўзларига далил қилиб олган жумҳур уламолар эса Абдуллоҳ Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (набиралари) Ҳасан ва Ҳусайн (розияллоҳу анҳумо)га иккита-иккитадан қўчқор сўйиб ақиқа қилдилар» (Имом Насоий ривояти), ҳадисни келтирадилар.

Мазкур ҳадис музтариб, яъни ривоятлари ҳар хил ва бир-бирини инкор этади. Чунки Имом Насоий ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам набиралари учун иккитадан-иккитадан қўй сўйгани, ҳар бири учун биттадан деган маънони англатади.

Гарчи Имом Насоий ривоятидаги بِكَبْشَيْنِ كَبْشَيْنِ , яъни “икки қўчқор” деган сўз таъкид учун такрор-такрор келган бўлса-да, аслида Ҳасан ва Ҳусайн (розияллоҳу анҳумо)га ақиқа учун тўртта эмас, иккита қўй қурбонлик қилингани келиб чиқади.

 

 

 

Толибжон НИЗОМнинг

“Қурбонлик рисоласи”дан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 6000 сўм