Мақолалар

Илм йўлида

Чоп этилди Avgust 14, 2019 Илм йўлидаda fikr bildirishni o'chirish

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинади: «Мусо алайҳиссалом Бани Исроилга хутба қилаётганида ундан: “Энг олим зот ким?” деб сўрашди. Шунда у: “Менман”, деб жавоб қилди. Парвардигор расулига: “Энг илмли зот Аллоҳ таолодир”, демагани учун танбеҳ берди ва бундай ваҳий қилди:
«Икки денгиз жам бўладиган ерда яшовчи бандам сендан олимроқ».

Мусо сўради: “Парвардигор мен у бандангни қандай топаман?”

Аллоҳ ваҳий қилди: “Сен саватга бир балиқ солиб йўлга туш. Қаерда балиқни йўқотсанг, Хизрни ўша ердан топасан!”

Мусо Юшаъ ибн Нун исмли йигит билан саватда балиқ кўтариб йўлга чиқди. Улар бир қоятош олдида тўхтаб, уйқуга кетишди. Ўша ерда балиқ саватдан тушиб дарёга шўнғиди. Мусо ҳам, йигит ҳам чарчоқдан буни пайқашмади. Ҳордиқ олишгач, яна йўлларида давом этишди.

«Бас, қачонки (у ердан) ўтишгач, (Мусо) йигитига: “Нонуштамизни келтир,
ҳақиқатан, бу сафаримиздан жуда чарчадик”, деди. “Буни кўринг, биз
(денгиз соҳили даги) қояга бориб (ором олган) пайтимизда, мен балиқни унутибман. (Буни сизга) айтишни фақат шайтон ёдимдан чиқарди. У (балиқ) денгизга йўл
олибди, ажабо!»
(Каҳф сураси, 62–63-оятлар). Мусо алайҳиссалом: “Бу биз истаган нарса!” деди.

Сўнг ортга қайтиб, балиқ изидан боришди. Қоятошга етганларида кийимига ўралиб олган одамни учратиш ди. Мусо унга салом берди. Сўнг ўзини таништирди:
– Мен Мусоман.

– Бани исроиллик Мусоми?

– Ҳа. Сиздан илм ўрганиш ниятим бор. Сизга йўлдош бўлмоқчиман…
– Мен билан юришга сабр қилолмаслигинг аниқ. Аллоҳ менга берган илмни сен билмайсан. Сенга берилган илмни эса мен билмайман. Хўш, ўзинг хабардор бўлмаган нарсага қандай сабр қиласан?!

– Иншоаллоҳ, сабрли эканимга амин бўласиз. Бирон ишда итоатсизлик қилмайман.
Мусо билан Хизр соҳил бўйлаб юришди. Олдиларидан бир кема ўтиб қолди. Денгизчилар Хизр алайҳиссаломни танишгани учун ҳеч бир ҳақсиз уларни кемага олишди. Иттифоқо, кеманинг четига чумчуқ қўниб денгиздан бир икки чўқинди.
Шунда Хизр: “Эй Мусо, сенинг ҳам, менинг ҳам илмим Аллоҳнинг илми олдида мана шу чумчуқнинг денгиздан бир-икки чўқилашичалик холос”, деди.

Тўсатдан Хизр кемани тешди. Шунда Мусо:

– Бизни текин олиб кетишса-ю, сиз одамларни чўктириш учун кемани тешасизми?! – деди ҳайрон бўлиб.

– Мен билан юришга сабр қилолмайсан демаганмидим?! – деди Хизр алайҳис –
салом.
– Унутиб қўйганим учун мени айбламанг ва бу ишим учун мени қийин аҳволга солманг, – деди  Мусо алайҳиссалом узр оҳангида.

Бу Мусонинг унутиш сабабли йўл қўйган биринчи хатоси эди. Улар кемадан
тушиб юришганидан сўнг қаршиларидан бир тўп болалар чиқди. Тўсатдан
Хизр улар орасидан бирини ушлаб, ўлдирди. Шунда Мусо:

– Ҳеч кимни ўлдирмаган бир бегуноҳнинг қонини тўкдингиз-а?! – деди.

Хизр жавоб қилди:

– Сенга мен билан юришга сабр қилолмайсан демаганмидим?!
Мусо яна узр сўради.

Бир қишлоққа кириб боришди. Таом сўрашган эди, одамлар уларни меҳмон қилишдан бош тортишди. Кейин Хизр ўша қишлоқда нураб қолган деворни тиклаб қўйди.
Мусо:
– Агар хоҳлаганингизда, бу ишингиз учун ҳақ олишингиз мумкин эди, – деб
айтгани заҳоти Хизр:

– Бу – сўнггиси, энди ажраламиз, – деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳ Мусони Ўз раҳматига олсин. Биз уни жуда яхши кўрамиз. Қанийди, сабр қилолганда эди, бизга улар иккисининг (орасидаги бошқа) ишлардан ҳам ҳикоя қилинган
бўларди»
(Имом Бухорий ривояти).

ШАРҲ ВА ТАЪВИЛ

Сўнг Хизр Мусога деди: “Энди сабринг етмаган нарса ларнинг ҳикматидан огоҳ этаман. Кема хусусига келсак, у денгизда ишлайдиган мискин-бечораларники эди. Бас, уни айбли қилмоқчи бўлдим. Чунки кўзлаб кетаётган манзилларида барча бутун кемаларни талон-торож қилиб, тортиб олувчи ҳукмдорнинг лашкари турган эди.
Мен ўлдирган боланинг ота-онаси мўмин эди. У бола келгусида туғён ва куфр билан уларни қийнаб қўярди. Аллоҳ таоло уларга бу боладан кўра покизароқ,
ундан кўра меҳрибонроқ бошқа бир болани насиб этади.

Девор эса шу шаҳардаги икки етим болага қарашли эди. Унинг остида хазина
бор. Болаларнинг отаси солиҳ киши эди. Парвардигор улар вояга етгачгина хазиналарни чиқариб олишларини ирода қилди. Мен бу ишларнинг барчасини ўзимча қилганим йўқ. Мана шулар сен сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвилидир”.
Мусо алайҳиссалом, “Ҳар бир илм эгаси узра (ундан) билимдонроқ (олим)
бор”, (Юсуф сура си, 76-оят) эканини англади. Шунингдек, ҳар қандай илм эгаси
устида барча нарсадан огоҳ Зот Аллоҳ туради. Парвардигор нинг илмини эса қамраб олишга ҳеч ким қодир эмас.

Абул Ҳасан Надавийнинг “Пайғамбарлар қиссалари” асаридан

 Юлдуз КОМИЛОВА таржимаси

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 6-сонидан