Мақолалар

Дунё билбордлардан воз кечмоқда. Биз қачон воз кечамиз?

Чоп этилди Avgust 13, 2019 Дунё билбордлардан воз кечмоқда. Биз қачон воз кечамиз?da fikr bildirishni o'chirish

«Дарё» колумнисти Евгений Скляревский билбордлар ва ташқи реклама шаҳар манзарасини бузаётгани ҳақида фикр юритади.

Бутун дунёда ташқи реклама ва айниқса улкан ҳажмли ташқи реклама пешлавҳаларига (реклама билбордлари) қарши кураш бошланган. Масалан, атиги бир йил ичида Бразилиянинг Сан-Паулу шаҳри маъмурияти кўчалардан 15 000 дона ташқи реклама плакатларини олиб ташлаган. Бундан бўшаган жойларнинг аксариятини эса Street Art ҳамда фотосуратлар билан безашган.

Сан-Паулу ташқи рекламадан бутунлай қутулган жаҳондаги биринчи шаҳарга айланди. Кўчаларни рекламадан тозалаш бўйича кампаниялар Ченнаи, Гренобль, Теҳрон, Париж ва яна бошқа шаҳарларда ҳам кузатилмоқда; сўнгги пайтларда Нью-Йорк ҳам бу рўйхатга қўшилган. Ҳаракат глобал тус олмоқда. Балки кўчаларида реклама учрамайдиган шаҳарлар замони келаётгандир? Бу ҳақда фақат орзу қилиш мумкин. Интернетдан оддий қидирув бериб кўрсангиз, Прагада, Олмаотада, Санкт-Петербург ва Москвада, Ялтада, Днепр, Севастополь, Омск, Барнаулда ва бошқа шаҳарларда ҳам билбордларни олиб ташланаётгани кўришингиз мумкин. Буларнинг барчасида ташаббус маҳаллий ҳокимият вакиллари томонидан – мэр ҳамда сайланган депутатлар тарафидан илгари сурилган.

Тошкент эса, одатдагидек, бундай тенденциялардан ортда қолмоқда, лекин нима учун биз кейинчалик етиб оламиз деб кутиб ўтираверишимиз керак? Билбордлар ва бошқа хил ташқи реклама конструксияларини олиб ташлашни ҳозирданоқ бошлашни таклиф қиламан. Бунга қандай асослар бор дейсизми? Истаганингизча!

  1. Билбордлар шаҳар манзарасини хунуклаштирмоқда ва буни инкор этиш мушкул. Айниқса бундай реклама тарихий объектлар ва чиройли бинолар манзарасини ёки фонтан ва ёдгорликларни тўсиб қўйиши ёмон. Мен Facebook’да бир неча маротаба билборд Пушкин ҳайкалини чорраҳа тарафдан тўсиб қўяётгани ҳақида ёздим. Уни олиб ташлашганда эса қувондим. Лекин қувончим узоққа бормади: ўша билборд ўрнига кейин нур диодли улкан экран ўрнатиб қўйишди;
  2. Билбордлар ҳайдовчиларни чалғитади, нур таратадиганлари эса кўзни қамаштиради. Бу орқали шундоқ ҳам аянчли бўлган йўл ҳаракати хавфсизлиги масаласи янада ёмонлашмоқда. Билбордлар йўл белгиларини тўсиб қўйган ҳолатлар ҳам бўлган;
  3. Энг асосийси эса, мен уларни кўришни истамайман! Нима учун ва қайси асосга кўра менга ташқи реклама тиқиштирилмоқда? Менинг розилигимни биров сўраганми? Бу менинг ички оламимга нисбатан қўпол ва сурбетларча ҳамла қилиниши деб биламан. Масалан, ТВда ТВнинг ишлаши учун, сайтларда эса фойдали контентдан фойдаланганлик учун эваз сифатида улар қўйган рекламани тушунса бўлади. Бу ўринда ҳаммаси мантиққа мос – рекламаси ёқмаса, телевизор кўрмайман; рекламаси бор сайтларга кирмайман ҳамда реклама босадиган газеталарни харид қилмайман. Лекин кўзга суқилиб кираверадиган билбордларнинг уқубатидан қандай қутулиш мумкин? Нима, шаҳарга чиқмаслик керакми?

Изоҳларда қолдирилган фикрлардан бирига кўра, билбордларнинг ягона фойдаси – дарахтлар кесиб ташланган жойларда энди соя-салқин фақат билбордлардангина қолган экан. Кучсиз ва ачинарли гап.

Тошкентни билбордлардан ва ташқи рекламадан халос қилишни таклиф қиламан. Аввалига марказни, кейин шохкўчаларини, кейин барча кўча ва йўлларни, ҳаммаёқни халос қилиш керак!

Шаҳримиз чиройлироқ ва эркинроқ бўлиб бораётганини, тошкентликлар ва туристлар учун ҳам жозибадор бўлиб боришини дарҳол пайқаймиз. Бу эса шаҳарни янада чиройли қилиш йўлидаги навбатдаги қадамларга илҳом беради.

Рекламачи? Қайғургани бошқа нарса қолмаганмидики, бу ҳақда бош қотирсак. У сиз ўйлагандан ҳам муваффақиятлироқ равишда медиа оламига, ТВ ҳамда интернетга кўчиб ўтади. Боз устига, ҳозирда ҳаммада мобил телефон бор. Мутахассисларнинг айтишича, ташқи рекламани натижа муҳим бўлмаган одамлар жойлар экан. Фақат интернетдагина рекламани аниқ манзилли йўналтириш мумкин. Бунда рекламани кўрсатиш вақти ва муддати, истеъмолчининг жинси, ёши ва қизиқишларидан келиб чиқиб мақсадли аудиторияни танласа бўлади. Билбордлар эса қушни уриб тушириш ниятида, ҳавога юмуқ кўз билан ўқ узиш сингаридир. Тармоқда эса #билбордларйўқолсин ҳештеги ҳамда унга мувофиқ бўлган мақолалар мавжуд. Сиз ҳам қўшилинг!

 

daryo.uz