Мақолалар

Малайзияда Ислом

Чоп этилди Avgust 15, 2019 Малайзияда Исломda fikr bildirishni o'chirish

Мамлакатда Ислом давлат дини ҳисобланса-да, конституция барча динларнинг эркинлигини кафолатлайди. Мусулмонлар мамлакат аҳолисининг 65.3 фоизини ташкил қилади. қолганлари: буддавийлар, насронийлар, ҳиндулар, конфуцийлик, даосизм ва бошқа анъанавий хитой динларига эътиқод қилувчилардир. Яна озгина қисми эса анимизм ва сикхизмга эътиқод қилади, мутлақо динсизлари ҳам бор.

Малайзияга  Исломни XIII юзйилликда ҳинд савдогарлари олиб келган. Кейинги асрларда Ислом мамлакатнинг пешқадам динига айланиб борди. Малайзия конституциясининг 160-моддасига кўра, этник малайлар туғилганидан мусулмон деб ҳисобланади. Ислом малай маданиятида катта роль ўйнайди, у аҳоли турмуш тарзини тўлалигича қамраб олган. Бу ерда Хари-Райя номи билан машҳур бўлган Рамазон ҳайити малай мусулмонларининг энг катта байрами саналади.

Муслима аёллар одатда бошига тудунг (рўмол) ўраб юради, аммо уни ўраш мажбурий эмас. Фақат Халқаро ислом университетига ўхшаган бошга тудунг ўраб юриш мажбурий бўлган даргоҳлар мавжуд.

Малайзия масжидлар ниҳоятда кўп ва уларнинг аксари ноанъанавий меъморий ечимларда чиройли қилиб қурилган. Малайзия масжидлари айнан шу хусусияти билан сайёҳларни жалб қилади. Айниқса, Куала-Тренган шаҳридаги Индонезия пойтахти Жакартадаги Жануби-Шарқий Осиёдаги энг катта жоме бўлган “Истиқлол” масжидидан кейин иккинчи ўринда турувчи Биллур масжиднинг гўзаллиги ҳар қандай сайёҳнинг ақлини шоширади. Ушбу мафтункор масжид бетон қоришмасидан қурилган ва деворига шиша қопланган. Масжид деворлари етти рангда товланиб туради. Яъни еттита ранг вақти-вақти билан ўрин алмашади ва, айниқса, тунда беқиёс манзара ҳосил қилади.

Биллур масжид

Убудия масжиди эса Малайзия ислом маданиятининг ажойиб тимсолидир. Масжид пойдеворини ХХ аср бошида Идрис Муршидул Аъзам Шоҳ номи билан аталган султон Перак қўйдирган. Қандайдир оғир хасталикка чалинган султон ўша дарддан қутулиш учун дунёда тенги йўқ бир масжид барпо этишини айтиб қасам ичган. Ниҳоят Куале Кангсар шаҳридаги ўзининг саройидан унча узоқ бўлмаган Букит Чандан деб аталган тепаликдан ана шу ҳашаматли ибодатхона қад кўтарган.

Бахтга қарши, Идрис Муршидул Аъзам Шоҳга ушбу беқиё масжидда роҳатланиб ибодат қилиш насиб этмайди, у масжид қурилиши ниҳоясига етишидан бир йил бурун вафот этади. Убудия масжиди – мусулмонларнинг фахри ва бугунги кунда ҳам мураккаб меъморий ечими, гўзаллиги ва бетакрор услуби билан барчани ҳайратга солмоқда.

Убудия жоме масжиди

Малайзия ислом санъати музейи (малайча. Muzium Kesenian Islam Malaysia) – мамлакатдаги энг йирик музейлардан бири ҳисобланади.

Музей биноси 1998 йил шаҳар марказидаги Миллий масжид ёнидан ислом меъморчилиги услубида тўрт қаватли қилиб қурилган. Унинг экспозиялари қаторидан машҳур меъморий ёдгорликларнинг кўргазма моделлари, Қуръони каримнинг турли йилларда нашр этилган нусхалари, қадимий қўлёзмалар, сопол буюмлар, қурол-яроқлар, пардоз-андоз ашёлари, заргарлик буюмлари ҳамда нумизматика ўрин олган. Шунингдек, мусулмонларнинг турли даврларга хос кийим-кечаклари ҳам экспозициялар қаторида намойиш этилади.

Музейда тадқиқот ишлари ва ноширлик фаолияти ҳам амалга оширилади. Музей қошида кутубхона,  сувенирлар дўкони ва ресторан мавжуд.

Куала-Лумпурдаги Ислом санъати музейи

Малайзия ҳар доим Ўзбекистон билан дўстона алоқада бўлиб келаётган ва Ўзбекистонга зиёрат туризми йўналиши бўйича энг кўп сайёҳлар оқими келиши кутилаётган давлатлар сирасидан. 31-23 февраль кунлари Бухоро шаҳрида ўтказилган I Халқаро зиёрат туризми форумида Малайзиянинг Перлис штати муфтийси Мохд Асри Бин Зайнул Абидинга Ўзбекистоннинг Малайзиядаги зиёрат туризми элчиси дипломи топширилди.

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади

Мақола “Ҳидоят”  журналининг 2019 йил,

6-сонида жузъий қисқартиришлар билан эълон қилинган