Мақолалар

“Коҳ ота бузрук” жоме масжиди

Чоп этилди Avgust 15, 2019 “Коҳ ота бузрук” жоме масжидиda fikr bildirishni o'chirish

Алҳамдулиллаҳ, сўнгги йилларда юртимизда кўплаб масжидлар замон талабларига мос тарзда қайта қуриляпти ёки таъмирланяпти. Жумладан, 2017 йили “Коҳ ота бузрук” жоме масжидимизнинг янги биноси қурилиши бошланиб, қисқа вақт ичида маҳалла аҳли ва кўплаб ихлосманд кишилар кўмагида ҳашар йўли билан қуриб битказилди.

Шу йил 19 июль куни масжид янги биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бошчилигидаги таниқли уламолар, имом-хатиблар иштирок этди. Муфтий ҳазратлари масжид аҳли ва меҳмонларни ушбу муборак маскан билан табриклади. Жамоат билан бирга хайрли ишларга бош қўшганлар ҳаққига дуолар қилинди.

Масжидимизнинг янги биноси 2000 нафардан ортиқ намозхонга мўлжалланган бўлиб, ибодатларни бекаму кўст адо этиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Хонақоҳ томида битта катта ва тўртта кичик гумбаз қад ростлади. Ўттиз беш метрли минора эса масжид кўркига ўзгача файз бахш этиб турибди. Хонақоҳ ва ертўланинг шифтига ҳароратни бир меъёрда сақлаб туриш учун совуткичлар ўрнатилди. Жоме шарқ меъморчилигига хос турли нақшлар билан безатилди. Эътиборли жиҳати, қурилишида ёғоч маҳсулотлари мутлақо ишлатилмади. Бу эса ёнғин келиб чиқиш эҳтимолини камайтиради.

Масжид қуриш, намозхонлар учун қулай шароит яратиб, обод этиш афзал амалдир. Зеро, ушбу садақаи жориянининг савоби инсон вафотидан кейин ҳам тўхтамай етиб туради.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин(Тавба сураси, 18-оят).

Масжид бино қилинишида ҳисса қўшган мўмин-мусулмонларга улкан мукофотлар ваъда қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳ учун масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатда унинг мислини қуриб беради”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу янги жоме мўмин-мусулмон халқимиз учун узоқ йиллар хизмат қилади, иншоаллоҳ.

Абдувоҳид ЎРОЗОВ

“Коҳ ота бузрук” жоме масжиди имом ноиби

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 15-сонидан