Мақолалар

Дуо – ибодатнинг мағзи эканлиги ҳикмати

Чоп этилди Avgust 16, 2019 Дуо – ибодатнинг мағзи эканлиги ҳикматиda fikr bildirishni o'chirish

Анас (розияллоҳу анҳу) ривояти: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Дуо ибодатнинг мағзидир”».

Банданинг дуо қилиши унинг ўз Парвардигори олдида кучсиз, қувватсиз эканлиги ҳамда барча нарсалар Уники эканлигини эътироф этишидир. Банда дуо қилиб, ризқи, саломатлиги, неъматлар ёки жазони даф қилиш бўлсин, бари Аллоҳдан эканини тан олиши, Унга таслим бўлиб, Унга бўйсунишидир. Агар инсон Раббисига дуо қилса, куч-қудрат, қувват, мулк соҳиби эмаслигини намоён этади. Банданинг ҳожатини Раббисидан илтижо қилиши ўзининг хокисор ва ожиз эканини билдиришидир. Зеро, дуо дилдан чиқиб тил- га ўтади, дилдаги дуо “убуда” деб, тилдагиси эса “ибодат” деб аталади.

Каъб (розияллоҳу анҳу) ривояти: «Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом)га деди: “Эй, Мусо, мўминларга айтинг дуо қилганларида (нега бермаяпти деб) Мени шоширмасинлар, Мени бахил деб ўйламасинлар, Мен бахилликни ёмон кўришимни билмайдиларми, қан­дай қилиб Мен бахил бўлишим мумкин. Эй Мусо,
Мендан катта нарсани сўрашга қўрқма, кичик нарсани сўрашга ор қилма, қў­йингга хашак бўлса ҳам сўрай­вер. Эй Мусо, Мен хантал уруғини ҳам, ундан майдасини ҳам яратдим ва ҳар яратган нарсам Менга ҳожатманд бўлишини ҳам билдим. Бандам сўраган нарсасини бериш ёхуд бермасликка қодир эканлигимни билиб туриб, Мендан ҳожатини сўраса, сўраган нарсасини берганимда ҳамд айтса, бермаганимда ҳам сано айт­са, уни (жаннатдаги) ҳамд этувчилар масканига киритаман. Агар бандам Мендан ҳожатини сўрамаса, Мен эса унга берсам, унинг (қиёматдаги) ҳисоб-китоби  қийин бўлади. Агарда Мен бандамга берсам, у эса Менга шукр қилмаса, ҳисоб куни уни азоблайман”».

Урва ибн Зубайр (розияллоҳу анҳу) деди: “Мен  намозларимда Аллоҳдан барча ҳожатларимни, ҳат- то, оилам учун туз ҳам сўрайман”.

 

 

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг

“Орифлар тасаллиси” сайланмасидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм