Мақолалар

Тўғри сўзланг

Чоп этилди Avgust 16, 2019 Тўғри сўзлангda fikr bildirishni o'chirish

“Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқинглар ва тўғри сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар. Кимки Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди” (Аҳзоб сураси, 70–71-оятлар).

 “Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқинглар ва тўғри сўзланглар!” Икрима ва ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Тўғри сўзланглар, бу амри илоҳийдан муродЛа илаҳа иллаллоҳ” калимасидир”, дейишган». Зеро, тилни ёмон сўзлардан тийиш ва доимо рост сўзлаш барча яхшиликларнинг бошидир. Шунинг учун ёлғон гапни ҳазиллашиб ҳам гапириб бўлмайди. Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳақ бўлса ҳам, тортишувни тарк қилганга жаннатнинг бир четидаги бир уйга кафилман. Ҳазиллашиб бўлса ҳам, ёлғонни тарк қилганга жаннатнинг ўртасидаги бир уйга кафилман. Хулқи чиройли бўлганга жаннатнинг энг олий жойида бир уйга кафилман”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

(Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар”. Яъни, агар Аллоҳга тақво қилиб, фақат рост сўзласангиз, У қилаётган ибодатларингизни қабул қилади ё солиҳ амалларга муваффақ этади ва: “… гуноҳларингизни мағфират этар”, яъни уларни ўчиради.

Аллома Совий “Жалолайн” тафсирида оят: “Аллоҳ таоло гуноҳларингизни саҳифаларингиздан ўчиради ёки фаришталардан тўсади”, деб тафсир қилинган.

Ояти каримада иккита ишга, иккита мукофот ваъда қилинган: тақво қилганга амалларини ислоҳ қилиш ва тўғри сўзлаганга гуноҳларни мағфират этиш.

Амалларни ислоҳ қилишидан мурод уларни қабул этишдир. Тўғрисўз инсоннинг олдинги гуноҳлари ҳам мағфират қилинади, агар ундан келгусида гуноҳ содир бўлса, улардан тавба қилишга илҳом берилади.

“Кимки Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди”. Ким буюк зафарга эришишни истаса, Аллоҳ ва Унинг расули, буйруқларига бўйсунсин, қайтариқларидан қайтсин. Ана шунда у дўзах азобидан нажот топиб, жаннат неъматларига эришади.

 

“Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил”, “Ҳошияту Совий ала тафсири Жалолайн” ва

“Тафсиру Мунир” тафсирлари асосида “Новза” масжиди имом-хатиби

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ тайёрлади

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 15-сонидан