Мақолалар

Сўраган эдингиз…

Чоп этилди Avgust 17, 2019 Сўраган эдингиз…da fikr bildirishni o'chirish

САВОЛ: Кечаси усти очиқ қолган овқатни ейиш ёки ичимликни ичиш, шунингдек, усти очиқ қолган сувда таҳорат қилиш жоизми?

ЖАВОБ: Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Идишлар оғзини ёпинглар, сув мешининг оғзини беркитинглар, чунки йилда бир кеча бор. У кечада вабо ёғилади. Оғзи ёпилмаган идишлар, боғичи боғланмаган мешларга ўша вабодан тушади”» (Имом Муслим ривояти). Яна бир ҳадисларида: “Бирингиз
(идишлар оғзини беркитишга ҳеч нарса) топа олмаса, чўпни бўлса ҳам, устига кўндаланг қилиб қўйсин ва Аллоҳнинг исмини зикр қилсин”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Идишнинг оғзи ёпилган бўлса, ҳадисда зикр қилинган вабо касаллигининг, идишга ҳар хил нопок ва нажосат нарсалар ҳамда ҳашарот, зараркунанда ва ҳоказолар
тушишининг олди олинади.

Агар оғзи очиқ қолган идишга нопок ва зарарли нарса тушмаган бўлса, ундаги сувни таом тайёрлашда ишлатиш ва у билан таҳорат қилиш жоиздир.

 

САВОЛ: Сажда ҳолатида дуо қилинса, ижобат бўлади, деб эшитганман. Намоз саждаларида ҳам дуо қилса бўладими?

ЖАВОБ: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Банданинг Раббига энг
яқин ҳолати сажда қилган вақтидир. Шундай экан, бу пайтда дуони кўпай тиринглар”»
(Имом Муслим ривояти).

Баъзи шориҳлар бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп
намоз ўқишга тарғиб қилганлар, дейишган.

Ҳанафий мазҳабида фарз ва вожиб намозларининг саждасида дуо қилиш мумкин эмас. Фақат “Субҳаана роббиял аълаа” дейилади, холос. Лекин нафл намозларида, хусусан, таҳажжуд намозининг саждасида “Субҳаана роббиял аълаа”дан кейин фақат араб тилида, масалан, “Аллоҳуммағфир зунубий” (“Ё Аллоҳ! Гуноҳларимни кечиргин”), “Аллоҳуммадхилний жаннатак” (“Ё Аллоҳ! Мени жаннатингга киргизгин”), “Аллоҳумма жаннибний минан наар” (“Ё Аллоҳ! Мени дўзахингдан узоқ қилгин”) каби дуолардан бирини ёки барчасини қилиши мумкин. Аммо одамлардан сўраса бўладиган нарсани нафл намози саждасида сўраш жоиз эмас.

 

САВОЛ: Эркак киши тилла ёки кумуш тақинчоқларни тақиб юришига шариатимиз рухсат берадими?

ЖАВОБ: Мазҳабимизда эркакларга фақат кумуш, аёлларга эса тилла ва
кумушдан ясалган узук тақишга рухсат берилган. Лекин темир, мис, қўрғошин,
бронза каби металлардан ясалган узукларни тақиш эркак ва аёлга мумкин эмас
(“Иноя шарҳул Ҳидоя”).

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўнг қўлларига тиллани, чап қўлларига ипакни олдилар. Сўнгра иккаласи билан икки қўлларини юқорига кўтариб: “Булар умматимнинг эркакларига ҳаромдир”, дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Насоий ривояти).

Эркакларга кумушдан бўлса ҳам, узук тақмаслик афзал (“Фатҳу бобил иноя”).
Узук бармоқни сиқиб турса, таҳорат пайтида уни қимирлатиб, остига сув етказиш керак. Таяммумда эса узук ечилади (“Фатовойи Ҳиндия”).

 

САВОЛ: Бир отахон намозда бел очилиб қолса, намоз бузилади, дедилар. Ҳақиқатан ҳам бундай ҳолатда намоз бузиладими?

ЖАВОБ: Отахонга раҳмат, сизни тўғри огоҳлантирибдилар. Дарҳақиқат, намоз дуруст бўлиши учун аврат аъзоларининг барчаси ёпиқ ҳолда бўлиши зарур. Чунки аврат ёпилиши намознинг фарзларидан бири ҳисобланади. Маълумки, намоздаги бирор-бир фарз амал бажарилмаса, намоз дуруст бўлмайди. Намозда ёпилиши фарз бўлган аъзонинг тўртдан бир қисми очилиб қолиши намозни бузади.
Ҳозир баъзи ёшлар калта ва тор кўйлак билан намоз ўқиб, руку ва саждага борганларида, белларининг тўртдан бири тугул ярмидан кўпроғи очилиб, ўқиётган
намозлари бузилиб қолмоқда. Бу ҳам етмагандай, орқа сафдагиларнинг кўзлари
унинг аврат аъзоларига тушмоқда.

Шунинг учун ҳар бир намозхон ўзига қулай ва аврат аъзоларини ёпадиган кенг ҳамда узун кийимда намоз ўқиши динимиз талабидир (“Мухтасарул виқоя”, “Шарҳун нуқоя”).

 

САВОЛ: Имом бомдод намозининг фарзини бошлаганда масжидга келган киши бомдоднинг суннатини ўқийдими ёки ўқимасдан имомга иқтидо қиладими?

ЖАВОБ: Имом бомдоднинг фарзини бошлаганида келган одам, агар бомдоднинг суннатини ўқиса, фарзининг бир ракатига улгурадиган бўлса, суннатни ўқиб, имомга иқтидо қилади. Бу ҳолда суннатни сафда ўқимайди. Балки бошқа хонада ёки сафдан узоқроқ жойда ўқиб, жамоатга қўшилади. Агар бомдоднинг суннатини ўқиса, фарзнинг бир ракатига ҳам улгурмай диган бўлса, суннатни ўқимай, имомга иқтидо қилади. Кейин суннатни ўқимайди. Бомдоднинг суннати фақат бир ўринда – фарзи билан бирга қазо бўлганда завол вақтигача қазо қилиб ўқилади.
Заволдан кейин фақат бомдоднинг фарзи қазоси ўқилади. Бошқа намозларнинг суннатлари қазоси ўқилмайди (“Мухтасарул виқоя”, “Ҳидоя”). Валлоҳу аълам.

Манбалар асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими Ғуломиддин ХОЛБОЕВ тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 6-сонидан