Мақолалар

Юпқа кулча нон саксон кишига кифоя қилди

Чоп этилди Avgust 17, 2019 Юпқа кулча нон саксон кишига кифоя қилдиda fikr bildirishni o'chirish

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:

«Абу Талҳа[1] Умму Сулаймдан: “Менга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг товушлари паст эшитилди, бу очликдан бўлса керак. Ҳузурингда бирор егулик борми?” деб сўради. У: “Ҳа”, деб бир кулча арпа нонни берди. Уни рўмолчага ўраб қўлим остига қистирди ва мени Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига жўнатди.

Мен келсам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) масжидда одамлар билан турган эканлар. Мени кўриб: “Сени Абу Талҳа жўнатдими?” дедилар. Мен:

– Ҳа, – дедим.

– Таом биланми? – дедилар.

– Ҳа, – дедим. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) атрофларидаги кишиларга: “Туринглар” деб уйимиз томон юрдилар ва биз бирга келдик. Сўнг мен Абу Талҳага уларнинг келишгани ҳақида хабар қилдим.

Абу Талҳа: “Эй Умму Сулайм! Бизникига Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва одамлар келишибди. Уларни олдиларига қўядиган нарсамиз йўқ-ку!” деди. Умму Сулайм: “Аллоҳ ва расули билгувчидир”, деди.

Абу Талҳа Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кутиб олиш учун пешвоз чиқди ва уйга у зот билан бирга кирди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кел, эй Умму Сулайм! Егуликка ниманг бор?” деб сўрадилар. У бояги кулчани келтирди. Уни ушатишни буюрдилар. Умму Сулайм эса қўшиб ейиш учун идишдан озроқ мой қуйди. Сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ хоҳлаган сўзларни айтдилар ва: “Ўн кишига рухсат беринг”, дедилар.

Шундай қилиб келганларнинг барчалари ундан едилар, уларнинг сони етмиш ёки саксон киши эди»[2].

 

[1] Анас ибн Моликнинг ўгай отаси, яъни Анас ибн Моликнинг отаси Молик ибн Назр (мушрик ҳолда) вафот этгач, онаси Умму Сулайм Абу Талҳа Ансорий (розияллоҳу анҳу)га турмушга чиққан.

 

[2] Саҳиҳ ҳадис. Имом Бухорий ривояти.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 23000 сўм