Дунё янгиликлари

Қирғизистон мактабларида ислом дини тарихини ўргатиш тажриба тариқасида синаб кўрилади

Чоп этилди Avgust 16, 2019 Қирғизистон мактабларида ислом дини тарихини ўргатиш тажриба тариқасида синаб кўриладиda fikr bildirishni o'chirish

 

(Олма-отадан ЎзА мухбири Анора Содиқова хабар қилади)

Аввал хабар берганимиздек, Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида “Зўравонликка етакловчи экстремизмга қарши курашишда ОАВнинг роли” мавзусидаги халқаро форум давом этмоқда.

Унда Марказий Осиё давлатларининг медиамутахассислари экстремизмга қарши курашишнинг самарали усуллари ҳақида ва мамлакатлардаги вазиятлар бўйича маълумот берилди. Хусусан, Қирғизистонда 700 нафарга яқин ёшлар интернет тармоғида экстремистик гуруҳларга ўралашиб қолгани аниқланган. Уларнинг 70 нафари эса ижтимоий тармоқларда экстремистик гуруҳларнинг видеоларини ўз саҳифаларида бўлишиб, уларга “лайк” босиб хайрихоҳлик билдирганлари учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Ачинарлиси, уларнинг бари 18-20 ёшдаги ўсмирлардан иборат.

Қирғизистонлик мутахассис, сиёсий фанлар номзоди Нургул Есенаманованинг айтишича кўпинча мамлакат чегараларига яқин шаҳарларда жойлашган қишлоқларда экстремистик гуруҳларга қўшилган аҳоли сони юқорилиги кузатилмоқда.

Н.Есенаманованинг таъкидлашича, мактабларда ислом динини алоҳида фан сифатида ўргатиш масаласи Қирғизистонда ҳам долзарб. Бу давлатда айни дамда “Дунё динлари тарихи” дарслиги ишлаб чиқилмоқда. Ушбу китоб мактабнинг 9-10 синф ўқувчиларига мўлжалланган. Мазкур китоб аввалига Қирғизистоннинг 50 та мактабида тажриба-синов тариқасида ўқитилиши кутилмоқда.

Форумда маъруза билан иштирок этган Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси илмий тадқиқотлар маркази раҳбари, профессор Бахтиёр Бобожоновнинг фикрича, мактабларда дин пешволарини дарс бериши тўғри танлов бўлмаслиги мумкин. Чунки, дин пешвоси ислом ҳақида тушунча берар экан, ҳиссиётга берилиши, дарс даъватга айланиб кетиши мумкин. Баъзи давлатларда ислом дини дарсларидан сўнг, мактаб ўқувчилари рўмол ўрамаган синфдошларига ва ўқитувчиларга тазйиқ ўтказган ҳоллар ҳам кузатилган. Профессорнинг таъкидлашича, шу сабабли мактабларда ислом дини бўйича таълим беришни чеклаш тўғри эмас. Мактабларда бошқа динлар қатори ислом дини ҳақида ҳам тушунча берилиши маълум даражада ёшларнинг экстремистик гуруҳлар домига тушиб қолишининг олдини олади.

 

ЎзА