Мақолалар

Эркакларга ҳаром, лекин аёлларга ҳалол?

Чоп этилди Avgust 17, 2019 Эркакларга ҳаром, лекин аёлларга ҳалол?da fikr bildirishni o'chirish

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ипак ва шойи кийманглар. Тилла ва кумуш идишлардан ичманглар. Бу иккисидан ишланган лагандан ҳам еманглар. Бу улар (кофирлар)га бу дунёда, бизга эса охиратдадир”» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ: “Барча мужтаҳидлар эркакларга ипакнинг ҳамма тури ҳаромлигига якдилдир”, деган. Ҳанафий мазҳабида эркаклар кийимида тўрт бармоқ ёки ундан кам миқдорда ипак бўлса, рухсат.

Имом Абу Ҳанифа ва шофиъий мазҳабида эркаклар фақат шойи кийим кийишдан қайтарилган, аммо ипак тўшакларда ўтиришдан қайтарилмаган.

Ипак эркакларга ҳаром қилингани ҳикмати борасида уламолар бир қанча фикрлар айтишган. Улардан баъзилари: “Исроф бўлгани учун”, деб, яна баъзилари: “Манмансираш, такаббурлик бўлиши жиҳатидан”, деб айтган. Айримлар: “Эркаклар аёлларга ўхшамаслиги учун. Чунки ипак аёллар зийнатидир”, дейишган.

Тилла, кумушдан ясалган идишда еб-ичиш эркак ва аёлга бирдек ҳаром.  Шунингдек, тилла ё кумуш суви юритилган идишлардан фойдаланиш ҳам ҳаром. Чунки тилла ва кумуш пулдир, савдо воситасидир.

Тилла, кумуш идишдан фойдаланиш ҳаром бўлгани каби улардан ясалган идишларни зийнат учун сақлаш ҳам мумкин эмас. Чунки уларни сақлашда исроф, ҳашаматга берилиш, камбағаллар кўнглини  синдириш каби гуноҳлар бор.

 

“Манҳалул ҳадис” асари асосида Юлдуз КОМИЛОВА тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 15-сонидан