Мақолалар

Меърожда туҳфа этилган икки оят

Чоп этилди Avgust 18, 2019 Меърожда туҳфа этилган икки оятda fikr bildirishni o'chirish

Бу оятларнинг фазилатлари ҳақида бир қанча ҳадислар мавжуд. Абу Масъуд Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Ким кечқурун Бақара сурасининг охирги икки оятини ўқиса, бу унга (ёмонликлардан ҳимояланишига) кифоя қилади» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Абдураҳмон ибн Язид айтади: «Мен Байтуллоҳ ёнида Ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни учратдим ва ундан сўрадим: “Сиз томонингиздан Бақара сурасининг охирги икки ояти ҳақида ривоят қилинганини эшитдим, шу ростми?” Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Рост, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Ким кечаси Бақара сурасининг охирги икки оятини ўқиса, унга кифоя қилади”, деган эдилар, деб жавоб берди». Имом Нававий айтади: «“Кифоя қилади”нинг маъноси шуки, ибодат ўрнига ўтади ёки шайтондан ё офатлардан сақлайди”, деганидир» (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Аҳмад, Имом Термизий, Имом Насоий, Ибн Можа ривояти).

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳунинг ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Албатта, Аллоҳ таоло Еру
осмонларни яратишдан икки минг йил аввал тақдир китобини ёзган. Бу китоб Арш ёнида туради. Ундан икки оят нозил қилинган
ва Бақара сурасининг охирги икки оятини кечаси ким ўқиса, унга кифоя қилади”
(Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Яна ҳадисда бундай дейилади: «Ким “Аманар Росулу”- ни уйқуга ётишдан аввал ўқиса, тонгга қадар ибодат билан шуғулланган бўлади.
Уйқуга кетишда ўқиган инсонга бу оятлар кифоядир. Жаноби Ҳақ Бақара сурасини менга Арш тагидаги хазиналаридан олиб берди.
Улар мендан олдинги ҳеч бир пайғамбарга берилма ган» (Имом Табароний ривояти).

Оятлар мазмуни ушбудир: «Пайғамбар (Муҳаммад) ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага (оятларга) имон келтирди ва мўминлар ҳам. (Уларнинг) ҳар бири Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига бирортасини ажратмасдан (ҳаммасига) имон келтирди. “Эшитдик ва итоат этдик. Эй Раббимиз, мағфиратингни (сўраймиз). Қайтишлик фақат Сенинг ҳузуринггадир”, дедилар. Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди. Унинг касб этгани (яхшилиги) – ўзига ва орттиргани (ё монлиги) ҳам ўзигадир. (Яна дедиларки:) “Эй Раббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, бизни жавобгар этма! Эй Раббимиз, биздан илгари ўтганларнинг зиммасига ортган машаққатни бизнинг зиммамизга ортма! Эй Раббимиз, тоқатимиз етмайдиган нарсани бизга юклаб ташлама! Бизларни афв эт ва кечир ҳамда бизларга раҳм қил! Сен бизнинг Хожамизсан. Бас, бизларга кофирлар қавми устидан ғолиблик ато эт!» (Бақара сураси 285–286-оятлар).


Раҳматуллоҳ ОБИДОВнинг

“Аллоҳнинг гўзал исмлари ва исми Аъзам” китобидан олинди.

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 6-сонидан