Слайдер

ИИВ: Мустақиллик байрами арафасида ва байрам кунлари Тошкентга келувчиларга нисбатан чеклов бўлмайди

Чоп этилди Avgust 16, 2019 ИИВ: Мустақиллик байрами арафасида ва байрам кунлари Тошкентга келувчиларга нисбатан чеклов бўлмайдиda fikr bildirishni o'chirish

Ўзбекистонда байрамлар арафасида хавфсизликни таъминлаш учун чегараларни ёпиш, айниқса, Тошкентга келувчиларга нисбатан чеклов ўрнатиш каби чоралар қўлланиб келинган. Бу амалиёт ҳозир ҳам мавжудми? ЎзА мухбири Ички ишлар вазирининг ўринбосари Муҳиддин Жўраев билан шу ҳақда суҳбатлашди.

— Ҳақиқатан ҳам нафақат байрамларда, бошқа пайтларда ҳам эҳтиёт чораларини ҳаддан зиёд кучайтириб келинган. Бу бир қарашда қобиққа ўралиш, бошқача айтганда, коса тагига бекиниб олишга ҳам ўхшаган. Афсуски, бу амалиёт тўғри бўлмаганини эркинлаштириш сиёсати яққол кўрсатди. Яқин қўшнилар билан ҳамкорлик алоқаларининг кучайтирилгани, ёпиб ташланган чегара постларининг очилиб, фуқаролар, тадбиркорларнинг бемалол ўтиб-қайтиши йўлга қўйилгани нафақат туризм, балки ижтимоий-иқтисодий ривожланишда муҳим рол ўйнамоқда.

Биргина қўшни давлатлар билан бемалол борди-келди қилаётганимиз натижасида Ўзбекистонга кириб келувчилар сони кунига 2 мингга яқинни ташкил этмоқда. Уларнинг асосий қисми туристлар бўлиб, улар томонидан қўпол қонунбузарликка йўл қўйиш кейинги бир йилда умуман қайд этилмади.

Хусусан, қўшни Тожикистон Республикаси билан ана шундай эркин борди-келди йўлга қўйилганда кўпчилик хавф пайдо бўлишидан қўрққани сир эмас. Аммо четдан кириб келаётганлар ичида Ўзбекистонга бузғунчилик ниятида келган ёки террористик хавф туғдирувчи бирорта ҳам шахс қайд этилмади.

Байрам арафасида пойтахтга кириб келувчиларга чеклов ўрнатиш амалиёти ҳам мавжуд эди. Аммо бу юртдошларга жуда кўп ноқулайликлар туғдириб келган. Чунки мамлакатнинг нафақат сиёсий, балки ижтимоий-иқтисодий маркази бўлган Тошкент шаҳри билан ҳудудлардаги аҳолини боғлаб турган алоқалар жуда кенг қиррали, албатта. Шуларни ҳисобга олиб ҳозирги кунда бундай амалиётга ҳам бутунлай чек қўйилган. Бу йил Мустақилликнинг 28 йиллиги арафасида ҳам, байрам кунлари ҳам пойтахтга келувчиларга нисбатан ҳеч қандай чеклов бўлмайди.

Фото: ЎзА