Мақолалар

ИЛМ – ИККИ ДУНЁ САОДАТИ

Чоп этилди Avgust 18, 2019 ИЛМ – ИККИ ДУНЁ САОДАТИda fikr bildirishni o'chirish

Ўқиш ва ўрганишдек шарафли ва лаззатли нарса йўқ. Илк “Ўқи” амри билан бошланган Қуръон, билувчилар ва билмайдиганларни бир эмаслик­ларини таъкидлаш билан бирга илм эгаларининг даражалари юксалишининг хабарини берган.

Инсон билими билан қадрланади. Ҳазрат Одам (алайҳиссалом)ни фаришталардан ҳам юксак мақомга кўтарган ҳам илм эди. Қуръони каримда ўқиш, ёзиш қуроли бўлган қалам улуғланади, айнан унга ва у ёзган сатрларга қасам ичилади. Аллоҳ таолонинг қалам билан қасам ичиши, қаламнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва қадри жуда кучли шаклда эканини ифодалайди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир куни ёнларидаги Ҳилол исмли кишидан: “Қора қаламинг борми?” деб сўрадилар. “Йўқ” жавобини эшитгач: “Қаламсиз юрма, эй Ҳилол. Чунки эзгулик ундадир. Қиёматгача унга содиқ бўлганлар чиқади. Инсонлар қалам ила юксаладилар. Олим қўлидаги қаламнинг сиёҳи шаҳиднинг қони билан тенгдир”, дедилар.

Яна у кишининг ифодаларига кўра, илм эгалари ўликлар орасида юрган тириклар билан тенгдир. Зубайр (раҳматуллоҳи алайҳ): “Билимли инсон қуёшга ўхшайди, кирган жойини ёритади”, дейди. Демак, илм қоронғиликларни ёритувчи машъаладир. Қоронғиликда қолган ҳар бир киши унга муҳтож. Юксак поғоналарга илм нарвони билан чиқилади. Тараққий этишни ва камол топишни истасангиз, илмнинг этагини маҳкам ушланг. Ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) илм хусусида: “Илм пастда турганларни юқори даражага кўтаради. Билимсизлик эса тепада турганларни пастга туширади. Илм мол-давлатдан устундир, чунки бойликни сен асрайсан. Илм эса сени асрайди”, деганлар.

Ҳазрат Али (раҳматуллоҳи алайҳ)ни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Илм эшиги”, деб улуғлаганлар. Фойдали илм ўрганган кишини ўлимидан кейин ҳам инсонлар ҳурмат билан эслашади. Илм абадий тирикликдир, билимли инсон ҳаётдан кўз юмганидан кейин ҳам тирикдир! Жоҳил киши тириклигидаёқ ўлик ҳисобланади.

Машҳур мутафаккир Аҳмад Донишнинг таъбирига кўра, ҳар бир мусулмон одам, энг аввало, ўзига зарур бўлган илмларни ўқиши фарздир. Шундан сўнг тирикчилик учун бирор касб-ҳунар ўрганиши лозим. Қайси илм ва ҳунар кишининг ақлига, руҳига тарбия берар экан, ундай илм ва ҳунар ўз эгасини бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам қўллаб-қувватлайди.

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинган:

يُؤْتِي الْحِكْمَةَ مَنْ يَشَاءُ وَمَنْ يُؤْتَ الْحِكْمَةَ فَقَدْ أُوتِيَ خَيْرًا كَثِيرًا وَمَا يَذَّكَّرُ إِلَّا أُولُو الْأَلْبَابِ

«У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (пайғамбарлик ёки Қуръон илмини) беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар» (Бақара сураси, 269-оят).

Аллоҳ таоло Қуръони каримда Юсуф (алайҳиссалом)га илм ато этилгани ҳақида бундай деб марҳамат қилади:

وَلَمَّا بَلَغَ أَشُدَّهُ آَتَيْنَاهُ حُكْمًا وَعِلْمًا وَكَذَلِكَ نَجْزِي الْمُحْسِنِينَ

“Вояга етгач, унга ҳукм (ҳакамлик) ва илм ато этдик. Чиройли иш қилувчиларни (Биз доимо) шундай мукофотлаймиз” (Юсуф сураси, 22-оят).

Қуръони каримда Яҳё (алайҳиссалом)га илм ато этилгани ҳақида бундай деб марҳамат қилинади:

يَا يَحْيَى خُذِ الْكِتَابَ بِقُوَّةٍ وَآَتَيْنَاهُ الْحُكْمَ صَبِيًّا

«(Биз унга): “Эй Яҳё! Китобни ол (яъни Тавротни) жиддийлик билан қўлга ол!” (дедик) ва унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат (ва илм) ато этдик” (Марям сураси, 12-оят).

Исо (алайҳиссалом)га пайғамбарлик неъматини ато этгани ва Унга китоб (Инжил) ато этилгани ҳақида Қуръони каримда бундай дейилади:

فَأَشَارَتْ إِلَيْهِ قَالُوا كَيْفَ نُكَلِّمُ مَنْ كَانَ فِي الْمَهْدِ صَبِيًّا قَالَ إِنِّي عَبْدُ اللَّهِ آَتَانِيَ الْكِتَابَ وَجَعَلَنِي نَبِيًّا

«Шунда (Марям ўзи гапирмай, боласига) ишора қилди. Улар айтдилар: “Бешикдаги гўдак билан қандай сўзлашурмиз?!” (Шу пайт чақалоқ тилга кириб) деди: “Мен Аллоҳнинг бандасидирман. (У) менга Китоб (Инжил) ато этди ва мени пайғамбар қилди”» (Марям сураси, 29–30-оятлар).

Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) илм талаб қилаётган ёшларни кўрсалар: “Марҳабо илму ҳикмат манбалари, зулматни ёритгувчи чироқлар. Ки­йимлари юпун бўлса-да, қалблари пок инсонлар”, дер эдилар (Имом Байҳақий ривояти).

Мусулмон дунёсида Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) энг билимли ва зукко саҳоба сифатида танилган. У олимлар қутби, фозиллар ифтихори, Қуръон муфассири каби шарафли номларга сазовор бўлган. Ёшлик чоғидан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларида ниҳоятда ўткир фаҳм ва зеҳн соҳиби бўлиб тарбия топ­ган Абдуллоҳ кўплаб илмларни ўрганади. Шу билан бирга Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни доимо дуо қилар эдилар. Улуғ зотнинг дуоси ва ўзининг тинимсиз изланишлари самараси ўлароқ Абдуллоҳ ибн Аббос буюк олим бўлиб етишди. Натижада одамлар уни “уммон” деб атадилар.

Яна ривоят қилинадики, бир куни Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) ва муҳожир саҳобалар даврасида “Лайлатул қадр” кечаси тўғрисида сўз очилади. Ўтирганлар эшитганларини гапира бошладилар. Ниҳоят айтилган сўзлар такрорланавергач, ҳазрат Умар: “Эй Аббоснинг ўғли, нега гапирмаяпсан, гапир!” дедилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Аббос: “Аллоҳ тоқдир ва тоқликни яхши кўради. Шунинг учун У зот ҳафтани етти кун қилиб тақсимлади, инсонни ва ризқини етти хил нарсадан яратди, устимизда етти қават осмонни, остимизда ҳам етти қават ерни пайдо қилди, Қуръонда етти хил қариндошга уйланишдан қайтарди, меросни еттига бўлди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам Каъбани етти бор тавоф қилдилар, Сафо билан Марва ўртасида етти бор бориб-келиб, тошни (шайтонга) етти бор отдилар, сажда қилганимизда ҳам етти жойимиз саждагоҳга тегади, шу билан бирга Лайлатул қадрни Рамазон ойининг охирги етти кунида топиш кераклиги билдирилди”, деди. Бу жавобдан таажжуб­ланган Умар: “Лайлатул қадр масаласида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Лайлатул қадрни охирги ўн кунда топинглар”, деган сўзларига бу йигитдан бошқа ҳеч ким мен билан ҳамфикр бўлмаган эди. Қани, қайси бирингиз Ибн Аббос каби жавоб бера оласизлар?” деб қолганларга юзландилар.

Илмда беназир бўлган Абдуллоҳ ибн Аббос хайру саховат, эзгулик бобида ҳам ўрнак эди. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Аббос бундай деганлар: “Мен учун бир уйдаги мусулмонларни бир ой ёки бир жума ёки Аллоҳ хоҳлаганича боқмоғим ҳаж устига ҳаж қилганимдан яхшироқдир”.

Абдуллоҳ ибн Аббос бундай дер эди: “Ҳар бир инсон тақдирига ҳалолдан ризқ ёзилган бўлади. Инсон ҳаракат қилиб, ҳалолга интилса, Аллоҳ унга ўша ҳалолни беради. Агар акси бўлиб, ҳаромга интилса, Аллоҳ унинг баробарида ҳалол ризқидан камайтириб қўяди”.

Абдуллоҳ ибн Аббос сермазмун ҳаёти давомида Ислом равнақига муносиб ҳисса қўшиб, умрини эзгулик, хайр-саховат ва илм-маърифатга бахшида этган.

Биладиганлар билан билмайдиганлар асло тенг бўлмаслиги ҳақида Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:

قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ

«…Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?! …”» (Зумар сураси, 9-оят).

Бундан Аллоҳ таолонинг ҳузурида илм жаҳолатдан жуда устун туриши маълум бўлади. Аллоҳ таоло имон келтирган ва илм ҳосил қилган кишиларнинг, яъни даражасини бу дунёю у дунёда кўтаришга Ўзи ваъда бериб айтадики:

 

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِذَا قِيلَ لَكُمْ تَفَسَّحُوا فِي الْمَجَالِسِ فَافْسَحُوا يَفْسَحِ اللَّهُ لَكُمْ وَإِذَا قِيلَ انْشُزُوا فَانْشُزُوا يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

«Эй мўминлар! Қачонки сизларга йиғилиш­ларда: “(даврани) кенгайтирингиз!” дейилса, бас, кенгайтирингиз, Аллоҳ сизларга ҳам (керак пайтида кенг) жой берур. Яна қачонки: “Турингиз!” дейилса, дарҳол турингиз! Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир» (Мужодала сураси, 11-оят).

Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам бу борада ўзларининг муборак ҳадисларида марҳамат қиладиларки: “Илм ўрганишга интилиш ҳар бир мусулмон эркак ва муслима аёлга фарздур” (Ибн Можа ривояти).

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: Таълим олувчи муҳтож бўладиган нарсанинг энг аввали – олган илмидан фойдаланиши ва ўзидан ўрганаётган кишига фойдали бўлиши учун ниятини тўғрилаб олишдир. Агар ниятини тўғриламоқчи бўлса, тўртта нарсани қасд қилиши лозим.

  1. Илм олиш билан жоҳилликдан чиқишни ният қилиш. Чунки Аллоҳ таоло: «…Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?! …» (Зумар сураси, 9-оят) деб айтган.
  2. Илми билан халққа наф келтиришни ният қилиш. Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсонларнинг энг яхшиси инсонларга фойдаси кўпроқ тегадиганидир”, деганлар.
  3. Таълим олиш билан илмни тирилтиришни ният қилиш. Чунки инсонлар таълим олишни ташлаб қўйса, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Илм кўтарилишидан олдин илм­ни ўрганинглар”, деб айтганларидек, илм кетиб қолади. Илмнинг кўтарилиши кетиб қолишидир.
  4. Таълим олиш билан бирга илмга амал қилишни ният этиш, аксини эмас. Худди илмсиз амал бекор бўлганидек, амалсиз сабабни талаб қилиш беҳуда ишдир. Илм амал учун сабабдир.

Айтадиларки, амалсиз илм уволдир, илмсиз амал залолатдир. Таълим олувчи Аллоҳ таолонинг розилигини, охират ҳовлисини талаб қилиши, дунёни истамаслиги лозим. Агар илм билан Аллоҳ таолонинг ризолиги ва охират ҳовлисини талаб қилса, иккаласига ҳам баробар етади, худди Аллоҳ таоло:

مَنْ كَانَ يُرِيدُ حَرْثَ الْآَخِرَةِ نَزِدْ لَهُ فِي حَرْثِهِ وَمَنْ كَانَ يُرِيدُ حَرْثَ الدُّنْيَا نُؤْتِهِ مِنْهَا وَمَا لَهُ فِي الْآَخِرَةِ مِنْ نَصِيبٍ

«Ким (ўз амали билан) охират экинини (яъни савобини) истар экан, Биз унга экинини (нг ҳосилини) мўл-зиёда қилурмиз. Ким дунё экинини истар экан, Биз унга ўшандан (дунё матоларидан) берурмиз ва унинг учун охиратда бирон насиба бўлмас!» (Шўро сураси, 20-оят) деб айтганидек.

Зайд ибн Собит Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади: “Кимнинг нияти дунё бўлса, Аллоҳ таоло унинг ишини ажратади ва фақирликни икки кўзи олдига қў­йиб қўяди, дунёда унга Аллоҳ таоло тақдир қилган нарсадан бошқаси келмайди. Кимнинг нияти охират бўлса, Аллоҳ таоло унинг ишларини жамлаб қўяди, бойлигини қалбда қилади, дунё унга жирканчли ва хор бўлиб келади”.

Киши ниятини тўғрилашга қодир бўлмаса ҳам, илмни ташлаб қўймасин, шу афзал иш, чунки таълим олаверса, илм унинг ниятини тўғрилаб қўйиши мумкин.

Хабарларда ривоят қилинганки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким илмни Аллоҳ таолонинг ризосидан бошқа нарса учун талаб қилса, илм унда ҳосил бўлади ва нияти Аллоҳ таоло учун ва охират ҳовлиси учун бўлгунча дунёдан ўтмайди”, деб айтганлар.

Мужоҳид (раҳматуллоҳи алайҳ): “Биз илмни талаб қилдик, лекин бизнинг ниятимиз кам эди. Сўнг Аллоҳ таоло бизга ниятни ризқ қилиб берди”, деб айтади.

Агар талаба илм учун сафарга чиқишни хоҳласа, ота-онасининг рухсати билан чиқиши афзал бўлади.

Бу ўринда буюк аллома Ҳаким Термизийнинг онасининг ризолиги сабабли илм риҳлатини тарк этганини мисол қилишимиз мумкин.

Маълум бўлишича, Ҳаким Термизийнинг отаси уч ёшлигидаёқ вафот этган. Шу сабабдан, у болалигидан онасининг хизматларини бажо келтирган: ўтин ташиган, сув келтирган, турли уй ишларини бажарган. Тенгдош дўстлари Ҳаким Термизийни ҳам мактабга боришга ундаганда, у: “Жон деб борардим-у, онамдан изн сўрашим керак”, дейди. Кечқурун уйга келиб, онасидан рухсат сўраганда, онаси: “Эртага ким менга ўтин ва сув келтиради. Ўзинг биласан, сендан бошқа менинг ҳеч қандай ёрдамчим йўқ”, дейди. Ёш Ҳаким онасининг бундай жавобидан бироз ранжиса-да, лекин онасининг сўзини икки қилолмайди. Эртаси барвақт туриб, яна ўтин теришга чиқиб кетади.

Биёбонга қадам қўйганда, бир нуроний чол унга яқинлашиб, “Ўғлим, нега хафасан?” – деб сўрайди. Бола бўлган воқеани айтиб беради. Қария болани бағрига босади. Ҳаким Термизий ўша заҳотиёқ ўзида туганмас ижодга куч, илҳом ва билимларни тарғиб қилишга мойиллик сезади.

Ўтинни териб бўлиб, шошилганича уйга қайтади.

Ўғлининг хаёлотини пайқаган она дарҳол уни Амударё қирғоғида қад кўтарган жоме масжидга олиб боради. У ерда таниқли олим Имом Шариф бор эди.

Ўн тўрт яшар Муҳаммад Али Ҳаким меҳробдан халққа Аллоҳ таолонинг хоҳишига асосан қандай яшаш зарурлигини тарғиб қилиб, ваъз айта бош­лайди. Ғаройиб бу тарғиботчи бутун шаҳарга овоза бўлиб кетади. Имом Шариф  Ҳаким Термизийга тан бериб: “Аллоҳ таоло бизга бир зот юбордики, биз уни тингламоғимиз керак”, дейди.

Бошқа бир ривоятда эса бундай дейилган: кунларнинг бирида Ҳаким Термизий икки толиби илм дўсти билан ўқиш мақсадида сафар қилишни ихтиёр қилади. У зотнинг онаси бор эди. У киши дейди: “Эй жоним ўғлим, мен бир кимсасиз нотавон заифаман. Суянчиғим ўзингсан, мени кимга ташлаб кетмоқчисан?”. Онанинг бу сўзларидан ўғилнинг қалбига титроқ тушади ва сафардан воз кечади, икки ўртоғи кетишади. Шундан сўнг, беш ой ўтади. Кунлардан бир куни у қабристонда ўтириб, зор-зор йиғлаб бундай дейди: “Мен бу ерда беҳуда яшаяпман, эрта-индин дўстларим олим б­ўлиб қайтишади”. Шу пайт бир нуроний чол қаб­ристонга кириб, Муҳаммад Алидан йиғисининг сабабини сўрайди. Шунда ёш Ҳаким бўлган во­қеани айтиб беради. Чол: “Агар хоҳласанг, мен ҳар куни сенга сабоқ бераман ва тезда олимликда дўстларингдан ўтиб кетасан”, дейди. Ҳаким истагини чолга билдиради. Нуроний шу тариқа Ҳаким Термизийга уч йил таълим беради. Кейин маълум бўладики, у зот Ҳизр (алайҳиссалом) экан. Ҳаким: “Мен бундай мартабага онамнинг розилик­ларини қозониш туфайли эришдим”, деб айтар экан. Ҳаким Термизий ўша давр анъанасига кўра илмини ошириш, руҳий чиниқиш, қувват олиш мақсадида илк бор 28 ёшида ҳаж сафарига отланади. У Ҳирот, Нишопур, Балх каби шаҳарларда бўлиб, Шом, Бағдод, Басрада уч-тўрт йил яшаб, Маккаи мукаррама, Мадинаи мунавварани ва Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг равзаи мутаҳҳараларини зиёрат қилади. Ҳаким Термизий сафар жараёнида кўпгина машҳур олиму алломалар, шайху авлиёлар, муфассиру муҳаддислар ва мутасаввифлар билан учрашиб, илмий мунозаралар олиб боради.

Қиссадан ҳисса шуки, Ҳаким Термизий болалигидан отасиз яшаганига қарамасдан, онасини бировнинг хизматига ташлаб қўймаган, ўз меҳнати ва одамийлиги билан шуҳрат қозонган. Онасидан етарли даражада тарбия олгани, ўқишга қизиқиши, онасининг розилигини олгани туфайли илм-маърифатга етишган. У ўз илму маърифатини халққа бағишлаган. Шундай экан, бугун ҳам оилада сабр-қаноат, ота-онани ҳурмат қилиш, уларнинг сўзларини ерда қолдирмаслик лозим. Таълим-тарбия кучли бўлса, ҳар қандай киши ижтимоий-иқтисодий қийинчиликларни енга олади.

Ҳаким Термизий ҳам меҳрибон онасининг сўзларини бамисоли қонун деб билгани, унга меҳр кўрсатгани туфайли Аллоҳ таоло ҳам унга меҳр кўрсатди, ғойибона илм бахш этди. Шу сабабдан ҳам буюк аллома бўлиб етишди. Оиланинг асосий сарбони бўлган ота-онани ҳурмат қилиш ҳам фарз, ҳам бажаришимиз лозим бўлган асосий вазифа ва бурчимиздир.

Таълим олувчи бирорта фарзни тарк қилиши ёки уни вақтидан кечиктириши дуруст эмас. Илм олиш сабабли бировга озор бериши ҳам лойиқ бўлмайди. Агар шундай қилса, илмнинг баракаси кетади. Толиби илм илмида бахиллик қилиши дуруст эмас. Ундан кимдир китобини ёхуд масалани тушунишга ёрдам беришни сўраса ёки шунга ўхшаш ҳолатларда у бахиллик қилмаслиги керак. Чунки у таълим олиш билан келажакда халққа фойда келтиришни қасд қилгандир. Шунинг учун бу ҳолатда фойда беришдан тийилиши унга муносиб эмас.

Абдуллоҳ ибн Муборак айтади: “Илмига бахиллик қилган киши учта нарсанинг биттаси билан балоланади: ёки ўлиб кетади ва илми беҳуда бўлади ёки амалдорларга ёмон кўринади ёки ёд олган илмини эсидан чиқаради”.

Таълим олувчи илмни ҳурмат қилиши керак, китобни ерга қўйиши, ифлос қўллар билан ушлаши лойиқ эмас, балки таҳорат билан тутиши лозим. Таълим олувчи ейиш, ичиш, ухлашдан бўлган насибасини ташлаб ҳам юбормаслиги, шунингдек, ҳашаматли ҳаётни орзу ҳам қилмаслиги керак. У инсонлар билан чиройли муомалада бўлиши, улар билан аралашиши, қўшилишни камайтириши ва ўзига тегишли бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслиги лозим.

Луқмони Ҳакимга: “Ушбу мартабангизга қандай етишдингиз?” – дейилганида, “Тўғри сўз, омонатни адо этиш, ўзимга тегишли бўлмаган нарсаларни тарк этиш билан етдим”, деди.

Таълим олувчи бардавом дарс қилиши, шериклари билан ёки ёлғиз ўзи масалаларни так­рорлаб туриши лозим. Язид Рақоший Анас ибн Моликнинг бундай деганини ривоят қилади: “Расулуллоҳ бизларга бир ҳадисни айтиб, уйларига кириб кетар эдилар. Биз ўзаро такрорлардик, у худди қалбимизда экилгандек бўларди”. Бу ҳол Аллоҳ таолонинг: «(Биз унга): “Эй Яҳё, Китобни (яъни Тавротни) маҳкам ушла”, (дедик) ва унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат-маърифат ато этдик”», (Марям сураси, 12-оят) деган оятида ҳам зикр қилингандир. Яъни дарсни тиришқоқлик ва давомийлик билан олишга ундаляпти.

Бир ривоятда “Дарсингни маҳкам тут, чунки дарс экин экишдир”, деб айтилган эди. Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан: “Бу илм­га нима билан етишдингиз?” деб сўрашганида: “Сўровчи тил, ақлли қалб, малолланмайдиган юрак ва меҳнаткаш қўл билан”, деган. Баъзи ривоятларда: “Қийинчиликда ҳам, хурсандчиликда ҳам сабр қилувчи бадан билан”, дегани зикр қилинади.

Имом Шаъбий: “Кимнинг юзи юмшаса, илми юмшайди”, дейдилар. Донишманд Бузругмеҳрдан баланд даражага қандай етгани сўралганида: “Барвақт туриш билан, кўп суйкалиш билан, доимо тазарру билан, илмга нисбатан очкўзлик билан ва сабру қаноат қилиш билан”, деган экан.

Таълим олувчи, агар у билан бир инсон ўртасида низо ёки хусумат пайдо бўлиб қолса, мулойимлик ва инсоф билан муомала қилиши лозим. У билан жоҳил кишининг орасида фарқ бўлиши керак. Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мулойимлик қай бир нарсанинг ичига кирса, уни чиройли қилади. Нодонлик қай бир нарсанинг ичига кирса, уни обрўсизлантиради”, деганлар.

Таълим олувчи таълим берувчи устозини улуғлаши лозим. Устозни ҳурмат қилиш илмга барака беради ва аксинча, менсимаса, илмдан барака кетади.

Таълим олувчи инсонлар билан яхши муомала қилиши лозим. Чунки инсонларнинг энг яхшиси инсонлар билан яхши муомала қилган, ёмони ишонч ҳосил қилмайдиган кишидир, дейилади.

Таълим олувчида учта хислат бўлиши лозим, шунда олимнинг сўзидан фойда олади: нафсида тавозелик; илмга ҳарислик; олимларни ҳурмат қилиш.

Шунда тавозелиги туфайли илм фойда беради, ҳирси билан илмни (олимдан) чиқариб олади ва устозни улуғлаш билан уламоларга боғланади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳадиси шарифларида марҳамат қилиб: (Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) ривояти): “Ким илм талаб қилиш йўлида юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини ёяди. Албатта, олимга осмонлардаги ва ер юзидаги жамики нарсалар, ҳаттоки сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди, деганларини эшитдим”, деган эканлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Ушбу ҳадисда айтилганидек, илмга бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) бундай деган: “Аллоҳ таоло Сулаймон (алайҳиссалом)га илм, мол-дунё ва подшоҳликдан бирини танлашга буюрганда, у зот илмни танладилар. Натижада, илм туфайли мол-дунё ҳам подшоҳликка ҳам эришдилар”.

Ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) айтади: “Илм мол-дунёдан кўра яхшироқдир. Чунки илминг сени асрайди, мол-дунёни эса сен асрашинг керак бўлади. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса ўзгаларга ўргатиш билан яна зиёда бўлаверади”.

Ҳакимлар: “Илм ўрганинг, зеро, у фақирликда давлат, бойликда зийнатдир”, деганлар.

Маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий айтадики: «Шариатда ҳар бир фойдали илмни ўқимоқ қарз ва лозимдир. Чунончи ҳазрат Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) деганларки: “Илм иккидур: бири – илми бадан, иккинчиси – илми дин. Албатта, бадан соғ бўлмаса, дин иши муътал қолур”. Яна дейдиларки: “Ҳукамолар ила аралаш бўлингиз”. Бас, бу ҳадислардан маълум бўлурки, бу мусулмонларга илми тиб ва илми ҳикмат ўқимоқ керак».

Бизнинг юртимизда айни пайтда ёшларнинг илм олишлари, ўзлари хоҳлаган касбга эга бўлиш­лари учун барча шароитлар муҳайё. Ёшлардан талаб қилинадиган нарса фақатгина яхши ўқиш, бу йўлдаги машаққатларга сабрли бўлишдир. Шундагина улар Ватанига, халқига манфаатли, буюк аждодларга муносиб ворис бўлиб етишади. Аллоҳ барчаларининг илмларини зиёда қилсин.

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм