Мақолалар

Энг гўзал тафсирлардан бири

Чоп этилди Avgust 18, 2019 Энг гўзал тафсирлардан бириda fikr bildirishni o'chirish

Юртимизнинг дунёга машҳур алломаларидан бири Абулқосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Умар Ал-Хоразмий Аз-Замахшарийдир. У ҳижрий 467 йили (милодий 1074 ёки 1075 йил) Хоразмнинг Замахшар қишлоғида туғилган. Дастлаб Мовароуннаҳрнинг илм ўчоқлари бўлган Бухоро, Самарқанд шаҳарларида таҳсил олди. Сўнг Бағдод шаҳрига сафар қилди, Ҳижоз ўлкасига бориб, Маккаи мукаррамада истиқомат қилди. “Жоруллоҳ” (“Аллоҳнинг қўшниси”) деган ном билан шуҳрат топди.

Замахшарий Маккадан қайтиб келганидан сўнг 538 ҳижрий санада (милодий 1143 йилда) Хоразмнинг Журжония қишлоғида вафот этди.

Уламолар Замахшарийни муфассир, муҳаддис, мутакаллим, фақиҳ, географ, луғатшунос, насабшунос, адиб ва шоир сифатида эътироф этадилар. Унинг энг машҳур асари, шубҳасиз, Қуръони карим тафсирига бағишланган “Ал-Кашшоф ан ҳақоиқ ғавомиз ат-Танзил ва уюун ал-ақовил фи вужуҳ ат-таъвил” (Нозил қилинган Қуръоннинг яширин ҳақиқатларини ва таъвил йўсинлари ҳақида айтилган фикр булоқларини очувчи тафсир) китобидир.

Бу фикрдан муфассир Каломуллоҳ олдида нечоғли масъулиятли ва омонатдор шахс экани англашилади. Демак, бу мақом барчага ҳам насиб бўлавермас экан.

“Ал-Кашшоф”да дастлаб ҳар бир суранинг номи, маккий ёки мадиний экани ва неча оятдан иборатлигини зикр қилгач, оятлар тафсирига киришади. Ояти каримада келган ҳар бир сўзнинг луғавий маъносига алоҳида аҳамият қаратади. Қироат важҳларини баён қилади. Мутавотир қироат важҳлари билан кифояланмай, шозз қироатларни ҳам зикр қилади. Изоҳлаш лозим деб ҳисоблаган сўзларнинг араблар истеъмолидаги маъноларини араб иборалари ва мақолларидан мисол келтириш орқали кенг баён қилади. Ояти каримада назарда тутилган маъно шу сўзнинг луғатдаги асл маъноларидан бўлса, уни таъкидлаб ўтади. Ёки кўчма маънода истиъора усулида қўлланилаётган бўлса, буни қайд этиб, мантиқий боғланишни изоҳлайди, бу сўз шу йўсинда истиъора қилинишига мумтоз араб шеъриятидан мисол келтиради.

Замахшарий оятларни грамматик таҳлил қилар экан, араб тили қоидалари асосида жумла тузилишига оид деярли барча эҳтимолий жиҳатларни айтиб ўтади. Булар ичидан ўз нуқтаи назарига кўра маъно ва мақомга мос келадиган жумла тузилишини қувватли, деб баҳолайди. Оятларни балоғат нуқтаи назаридан таҳлил қилишда ўта нозик ва чуқур маъноларни очиб беришга ҳаракат қилади, қўлланилаётган балоғат қоидаларини кенгроқ тушунтириш мақсадида араб адабиёти ва шеъриятидан унумли фойдаланади.

“Ал-Кашшоф”ни фақат раъй билан қилинган тафсирлар қаторига қўшиб бўлмайди. Зеро, муаллиф кўплаб ўринларда оятларни оятлар билан, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадислар билан, шунингдек, саҳоба ва тобеинлардан нақл қилинган хабарлар орқали ҳам тафсир қилган. Баъзи ўринларда исроилиёт ривоятларини келтирган бўлса, “ривоят қилинишича…” иборасини ишлатиш маълумот заиф эканига ишора этади. Ҳар бир сура тафсири якунида имкони борича унинг фазилатларига доир ҳадислардан намуналар келтиради.

“Тафсирларнинг балоғат, фасоҳат ва тил соҳасида энг гўзал ёзилгани Хоразм элидан бўлган Замахшарийнинг “Ал-Кашшоф” тафсиридир”, дейди аллома Ибн Халдун.

Аллома Тожиддин Сабукий эса “Муъидун-ниъам ва мубидун-ниқам” китобида шундай ёзади: «Билингки, албатта “Ал-Кашшоф” тафсири улуғ китобдир. Унинг муаллифи ўз фанида имом (яъни, пешво)дир».

 

Асрорхон МАҲМУДОВ

“Мир Араб” олий мадрасаси ўқитувчиси

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 15-сонидан