Мақолалар

Хадича билан никоҳланишлари

Чоп этилди Avgust 19, 2019 Хадича билан никоҳланишлариda fikr bildirishni o'chirish

(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда)

Яна ўз сўзимизга келайлик. Шундоқ қилиб, Пайғамбаримиз Хадича онамиз билан яқин ўттиз йил энг кўнгилли ҳолда умр ўтказдилар. Ҳаётликларида устиларига хотун олиш ихтиёрини қилмадилар. Лекин Пайғамбаримизнинг муборак ёшлари қанча улғайган сари ботиний (ички) аҳволлари, руҳоний сифатлари шунчалик қувват топиб кучаймоқда эди. Мундоғ бўлишлари эса, олдинги кунларида пайғамбарликнинг улуғ вазифасини бажариш учун тайёрланиш эди. Хилватда ёлғиз ўтириб, тоат-ибодат қилишни, ҳамиша Худо ёди билан машғул бўлишни кўп суяр эдилар. Шу сабабдин беш-ўн кунга етарли озиқ-овқат тайёрлатиб, шу тугагунчалик Макка шаҳридин четроқда бўлган Ҳиро тоғидаги бир ғорга кириб, Худога ибодат қилур эдилар. Ҳар бир чиққанларида ўн-ўн беш кун хилват ўтказиб, тоғларда ёлғиз қолган кунлари кўп бўлур эди. Бориш-келиш йўлларида бир неча мўъжизаларни кўрар эдилар. Шундоқки, ғайбдин маъноли товушлар эшитилар эди. Ёғочу тошлардин: “Ассалому алайкум, ё Расулаллоҳ”, деган салом овозлари чиқар эди.

Айниқса, бундай мўъжизалар ваҳий келишига олти ой қолганда кўпая бошларди. Ўзлари пайғамбар бўлишларини шу чоққача билмас эдилар. Одатдин ташқари воқеалар кўрилганида, “жин-шайтонлар тарафидин бундоғ ишлар бўлур”, деган гумон ҳам кўнгилларига келур эди. Чунки ўшал замондаги араблар ичида жинлар билан алоқа боғлашган, ғайбдин сўзлайдирган бир хил одамлар бор эдиким, аларни “коҳин” деб айтур эдилар. Бундоғ одамлар араблар орасида олий даражали олим ҳисобланиб, ўзаро ечилмаган мушкул ишлар коҳинлар ҳукмига ташланур эди, ҳар қандоқ ишлар устида чиқарилган ҳукм албатта қабул қилиниши керакдур, деган эътиқодда эдилар. Коҳинлар олдида ғайб ишлари яширин эмас, деган арабларнинг ишончлари бор эди. Буларнинг энг чўнглари Шом арабларидин икки киши бўлиб, бирининг оти – Шиқ, иккинчисининг номи Сатиҳ эди. Бунинг тан яратилиши ўзгача бўлиб, бош суягидин бошқа ҳеч устихони йўқ эди. Йиғин мажлисларига олиб бормоқчи бўлсалар, кийгиз йўргагандек ани йўргашиб, хуржунга солиб олиб боришар эдилар. Бош суягидин бошқа жасади юмшоқ, шундоққина гўшт эди. Мана шу икки коҳин қирқ йил илгари Пайғамбаримизнинг келишларидин, Ислом динининг ривож топишидин хабар берган эдилар.

Нўширавон Одил шул замонда Эрон подшоси эди. Унинг кўрган қўрқинчли тушига таъбир бериб, Эрон давлати йўқ бўлишини билдиришган эдилар. Бу икки коҳиннинг сўзлари қирқ йилдан сўнгра шулар дегандек келгани ҳамма тарихий китобларда ёзилган машҳур сўздир. Ва ҳам Қуръони каримнинг мазмунича, ўтган пайғамбарлар ҳар қайсилари ўз умматларига Пайғамбаримиз келишларидин башорат берганлари маълумдир. Замони саодатга эришaдиганлари бўлса, аларни тўхтовсиз имон келтиришга васият қилган эдилар. Таврот, Инжилда ва бошқа пайғамбарлар китобларида ҳам шундоқ башоратлар берилган эди. Улардин қолса, араб коҳинлари тарафидан ҳам бу ҳақда турли хабарлар тарқалиб, Пайғамбаримизнинг чиқишлари китобли ва китобсиз халқ ичида кутилмакда эди. Мана ўша давр араблари ичида коҳинлар шундоқ ривож топқонлиқдин Пайғамбаримиз кўнгилларига: “Бу менинг ишим ҳам шундоқмикин?” деб гумон келди. Инсончилик тарафидин бундоқ хаёлларнинг бўлиши пайғамбарларга ҳам мумкиндир.

(Давоми бор)

Алихонтўра СОҒУНИЙнинг

“Тарихи Муҳаммадий” асаридан

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 6-сонидан